Яна талабалар тураржойлари бўйича саволга қоғоздаги ҳисобот билан жавоб берилди

23.08.2023 17:57

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғининг маълум қилишича, сентябрь ва октябрь ойларида талабалар ижара пулининг давлат томонидан тўлаб бериладиган қисмини ижара шартномасисиз ҳам олиши мумкин.  

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Билимни баҳолаш агентлиги масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Rost24.uz мухбири масъулларга бу йил ташкил қилинган талабаларни турар жойларга жойлаштиришнинг онлайн тизими бўйича савол берди.

Талабаларни ётоқхонага жойлаштириш учун онлайн навбат тизими ишга туширилди. Бу тизим ётоқхоналарни кўпайтириб бермайди. Бундан бир-икки йил олдин талабаларга ижара уйлар топиб берадиган “маклерсиз” тизим ишлаб чиқилади, дейилган эди. Лекин бундай тизим ҳали ҳам ишга туширилмади. Қачон фақат қоғозда эмас, амалда ҳам нимадир ўзгаради? Онлайн навбат ётоқхона етишмовчилигига қандай ечим бўла олади?

Ушбу саволга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Салоҳиддин Санақулов жавоб берди:

Салоҳиддин Санақулов
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи

«Ётоқхоналар билан таъминлаш ҳар доим диққат марказимизда бўлиб келган. Вазирлар маҳкамасининг 14 августда 376-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан талабалар тураржойларини тарқатиш тақсимоти рақамлаштирилди. Бундан кўзланган мақсад инсон омилини ва коррупцион ҳолатларни олдини олиш ҳисобланади. Талабалар тураржойлари барча талабаларга етмайди. Талабалар сони йилдан йилга ошяпти. Шунинг учун ҳукумат томонидан 2026 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилди», – деди С. Санақулов.

Шунингдек, вазирлик мутасаддиси бир ярим йилда 24 700 талабалар турар жойлари барпо этилгани ва яна йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилишини ҳам айтиб ўтди:

«Тошкент шаҳрида ётоқхона етишмаган талабаларга ижара суммасидан қатъий назар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 330 минг сўм тўлаб берилади. Бундан олдин ижара тўловларида ҳар хил сумма ва ижара шартномасининг кечикиш ҳолатлари билан муаммо бўлганлиги сабабли бу йил сентябрь ва октябрь ойларида талабалар ижарага жойлашадиган муҳим паллада ижара тўловининг бир қисми шартномасиз ҳам тўлаб бериладиган тартиб жорий қилинди», — деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи С.Санақулов.

Маълумот учун, талабалар учун тураржойлар қуриш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сонли қарори асосида белгилаб қўйилган. Қарорда 2023 йил 6000 ўринли 15 та талабалар тураржойи қуриш белгиланган. Вазирлик маъсули ушбу қарор билан йил охиригача 18 минг ўринли талабалар тураржойи қуриб фойдаланишга топширилишини қўшимча қилди.

Мавзуга доир:
Янги қарор танқид қилингач, эски қарор рақамларда эсланди

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар