Масъуллар талабалар учун тураржойлар етишмовчилигини ўзларидан соқит қилмоқда

16.08.2023 10:20

Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига кўра, ётоқхона етишмаса, етиб келмаган навбат учун талабанинг ўзи айбдор бўладими?

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини тураржой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 376-сон (14.08.2023 й) қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилида 1-курс талабалари давлат ОТМларининг ётоқхонасига жойлашиш учун давлат хизмати марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)га электрон ариза бериши белгиланди.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса барча курс талабалари давлат ОТМларининг ётоқхонасидан жой олиш  учун фақат  электрон ариза бериши керак бўлади.

Шунингдек, қарорда талабалар тураржойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этиши айтилган.

Қарор орқали талабаларни тураржой билан таъминлаш тизими рақамлаштирилиб, уларга қатор енгилликлар берилиши ҳам алоҳида таъкидланган.

Талабаларнинг электрон навбатга туриши муаммо эмас, аммо, талабалар тураржойлари етадими, деган савол туғилади.  Ётоқхона етарли бўлса, электрон онлайн ёки офлайн тадбирлари ҳам шарт бўлмайди, аслида.

Олий таълим муассасаларида ҳар йили ўқиш бошланишидан олдин Ҳукумат бирор қарор чиқариб, талабалрар муаммосини ўйлаётганини эслатиб туриши одатий ҳолга айланган.

2021 йил 9 сентябрда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг "Республика олий таълим муассасаларида талабаларни тураржой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 563-сон қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорда ҳудудларида талабалар тураржойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш белгиланиб, бир қанча субсидиялар ҳам ажратилиши айтилган.

Шунингдек, ҳокимларга ОТМга яқин жойлардан 0,5 гектар ер ажратиш мажбурияти ҳам юкланган эди.

Талабалар учун аҳамиятли бўлган қарор чиқарилди. Бироқ унинг ижросини ҳеч ким эсламади. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб талабаларнинг кўчада қолиши бошланди. Ижтимоий тармоқлар уйсиз талабалар суратлари билан тўлди. Шундан сўнг, 2022 йил 9 сентябрь куни собиқ олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов матбуот анжумани ўтказишга мажбур бўлди. Ўша куниёқ собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев талабаларни Янгиҳаёт туманида жойлашган Tashkent Index савдо мажмуасидаги 10 минг ўринли бинога жойлаштиришни таклиф қилди. Ундан кейинги ҳодисалар эса ўзингизга маълум.

Хусусий олий таълим муассасалари кўпаймоқда. Бу яхши. Аммо талабалар тураржойлари қурилиши ҳақидаги маълумотларни излаб топа олмаяпмиз.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, 2023/2024 ўқув йили ҳам ётоқхоналар муаммосисиз ўтмайди.

Аммо, ҳукуматнинг олдиндан янги қарор билан кўрган чора-тадбирларига кўра, ҳеч ким айбдор бўлмаслиги аниқ. Айбдор – янги қарорга асосан талабаларнинг ўзлари томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қўйилган электрон навбат бўлади.

Саноқлигина омадли талаба электрон навбат орқали ётоқхонага эга бўлиши мумкин. Қолганлар эса 4 йил навбатдан умидвор ҳолда дипломли бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Таклиф камайиб, талаб ортганда навбатга қўйиш лойиҳаси Ўзбекистонда аллақачон синовдан ўтиб бўлган асл воқийликдан чалғитиш усули ҳисобланади.  Мактабгача таълим ташкилотларига болаларни жойлаштириш учун йиллаб навбат кутиш жараёни бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Яна бир мисол, миллий маҳсулотимиз – ЖМ машиналарига олдиндан тўлов қилиб ойлаб кутиш тизими ҳам ҳукуматнинг имконсизлигини халқнинг ўзига ағдариш услуби ҳисобланмайдими?

Жорий йил 14 август куни имзоланган Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини тураржой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 376-сонли қарорида талабалар учун мўлжалланган қулайликни топа олмадик.

Ҳукумат учун қарор чиқариш осон. Аммо унинг ижроси қандай ва қайси тартибда бўлади – шу асосий муаммо.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар