«Оилавий болалар уйларидаги нохуш ҳолатлар олдинлари ҳам бўлган. Лекин ҳозиргидек блогер ва журналистларнинг фаоллиги бўлмаганлиги сабабли ўша пайт очилмаган», — деди Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари.
Етим болалар Миллий гвардия тасарруфига ўтганидан кейин Хоразмдаги каби нохуш ҳолатлар кўпайгандек бўлди. Бундай ҳолатларда Миллий гвардия ўзининг ваколати доирасида қандайдир чоралар кўрадими?
Хоразмдаги оилавий болалар уйи тарбияланувчилари билан бўлган ҳолат бир ёки икки марта эмас, давомий бўлганлиги ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлди. Хўш, ҳозир бу ҳолат бўйича қандай ишлар қилинган? Ўзи умуман бундай ҳолатларни олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий гвардия томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Rost24.uz мухбирининг Хоразмдаги ҳолатлар бўйича берган саволига Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Давронбек Жуманазаров жавоб берди:
— Республика бўйича ёпилган оилавий болалар уйлари қаторида Хоразмдаги оилавий болалар уйи ҳам ёпилган. Чунки ўз вақтида ўрганишлар давомида ҳокимиятга таклиф киритилган. Бу каби салбий ҳолатлар меҳрибонлик уйларининг Миллий гвардияга бириктирилмасдан аввалги, биз кириб бормаган пайтимиздаги меҳрибонлик уйидаги шароит ва ўша пайтдаги тарбия билан боғлиқ, қизлар билан боғлиқ тарбиясизликлар ўша пайти ҳам бўлган. Лекин ҳозиргидек блогер ва журналистларнинг фаоллиги бўлмаганлиги сабабли ўша пайт бундай ҳолатлар очилмаган. Биз ҳам ўша пайти фақат тадбирлар учун борганмиз, болаларнинг кўзига қараб, шароит яхши экан деб чиқиб кетаверганмиз. Миллий гвардия бириктирилганидан кейин ўзимиз гувоҳи бўлдик, назоратга олганмиз», — дея жавоб берди у.
Маълумот учун, бугунги кунда республика бўйича 2 та меҳрибонлик уйи фаолият олиб бормоқда. Яъни, Тошкент шаҳридаги 30- ва 22-сонли меҳрибонлик уйларда 255 нафар тарбияланувчи тарбияланмоқда. Ҳозирда мавжуд жами 138 та оилавий болалар уйларида эса 744 нафар бола тарбияланмоқда.