Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоизи сейсмик фаол (зилзилага мойил) зоналарда истиқомат қилади. Кўплаб бинолар, айниқса, якка тартибдаги уйлар қурилиш норма ва қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилганлиги сабабли уй-жой қурилиш объектларининг 70 фоизи зилзилага бардошли эмас.
Шунингдек, ҳозирги вақтда республика ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 млн. гектар майдони табиий шўрланиш, ҳаракатланувчи қумларнинг ёйилиши, чанг бўронлари ва гармсел шамоллари эсувчи қурғоқчил ҳамда ярим қурғоқчил ерлардан ташкил топган.
Орол денгизининг қуриши натижасида Оролқум деб ном олган янги саҳро пайдо бўлиб, у ҳозирда 6 млн. гектарга яқин майдонни қамраб олган. Оролбуйи худудидаги 2 млн. гектар майдонда ерларнинг саҳролашиши ва деградацияси кузатилмоқда.
«Глобал иқлим исиши, сув ресурсларининг тобора камайиб бориши, қўшни давлатлар томонидан трансчегаравий дарёларда турли гидротехника иншоотлари қурилиши, сув сарфининг ошиши ва сувдан нооқилона фойдаланиш каби омиллар қурғоқчилик хавфини янада ошириб бормоқда», — дейилади 2023-2030 йилларда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасига илова қилинган маълумотда.