Агробанкнинг антиқа усули – ўзга ташкилотга шикоят қилган фуқарони жазолаш

17.07.2023 18:00

Агробанк кредит олиш учун банк устидан бошқа ташкилотга мурожаат қилган фуқарога жазо сифатида кредит бермасликка қатъий қарор қилди. Мурожаатчининг муаммосини ҳал этиб берган ташкилот ходимини жазолаттирди.

Ушбу мавзуни кўтариб чиққан расмий сайтни эса судга бериб, жарима ундирмоқчи.

Агробанкдан 3 йилга мўлжалланган кредитни олиш учун 2 йил югуриб мақсадига етиша олмаган тадбиркор қисмати:

Жорий 3 июль куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг расмий сайтида "Агробанк"дан тадбиркорга 220 миллион сўм кредит маблағи олиб берилди” номли мақола эълон қилди.

“Норин туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Ҳаққулобод шаҳар "Дўстлик" МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Т. дан ёзма мурожаат келиб тушган.
Унда баён этилишича, фуқаро тадбиркорлик қилиш учун 220 000 000 сўм кредит олиш мақсадида, "АгроБанк" АТБ Норин туман филиали билан шартнома тузган, аммо банк 1 йил давомида турли баҳоналар билан фуқарога тегишли пул маблағини ўтказиб бермаган. 

Норин туман ижро этувчи аппарат мутахассислари томонидан ҳолат ўрганилиб, банк ходимларига амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Натижада, истеъмолчи фойдасига 220 000 000 сўм пул маблағи ундирилди”, – дейилади федерация сайтига жойлаштирилган маълумотда.

Мазкур мақолага асосан Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайти ҳам "Агробанк" масъулларига ишонч борми?” номли мақола эълон қилди.

Мақолада фуқаро бир йил мобайнида Агробанкдан кредит ололмагани, Норин туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилгани ва федерация аралашуви билан кредит олиш бахтига мушарраф бўлгани баён этилган.

Ушбу маълумот чиққанидан сўнг, Агробанк томонидан Rost24.uz сайтига мазкур мақола бўйича раддия бериш сўралган Талабнома жўнатилди. 

Талабномада банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказилгани учун узр сўраб раддия берилмаса, сайтни судга бериб, моддий зарар ундирилиши баён этилган.

Сайт томонидан талабнома талаби бажарилмади. Сабаби, Rost24.uz юқоридаги воқеаларда бевосита иштирок этмаган бўлса-да, воқеаларни исботлайдиган факт ва далилларга эга.

Аммо воқеалар жараёнида асосий иштирокчи бўлган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 10 июль куни раддия беришга мажбур бўлди. 

“Маълум бўлишича, фуқаронинг банкка тақдим этган ҳужжатлари банк томонидан ўрганилганда бир қанча камчиликлар мавжуд экани аниқланган. Шу сабабли, "Агробанк" томонидан фуқарога кредит ажратилиши рад этилган. 
Ноаниқликка йўл қўйган Норин туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъул ходимларига интизомий жазо чоралари қўлланилиши маълум қилинади”, – дейилади федерация берган раддияда.

Шу жойда савол туғилади: федерацияга мурожаат қилган фуқаронинг кредит олишга мушарраф бўлгани учун федерация номига ёзилган Ташаккурнома ҳам мавжуд эдику? 

Ушбу Ташаккурнома бўйича аниқлик киритиш учун Норин туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг масъул ходими билан гаплашдик. Маълум бўлишича, мижоз ҳужжатлари кредит олиш учун марказий базага киритилибди. Базага кириши эса, кредит олиш учун 99 фоиз кафолат дегани экан. Аммо негадир мурожаатчига кредит бериш яна бекор қилинган.

Агробанк келтирган маълумотга кўра, фуқаро Ф.Т. қуёш панеллари ўрнатиш мақсадида 5 йил муддатга, йиллик 23,99 фоиз устама тўлаш шарти билан 220 миллион сўм миқдорида кредит сўраган.

Ўзга ташкилотга мурожаати сабаб, Агробанкдан кредит олишдан мосуво бўлган 26 ёшли тадбиркор Ф.Т.нинг маълум қилишича, ушбу банкдан 14 фоизли кредит олиш учун 2 йил мобайнида югурган экан.

“Агробанкдан 3 йилга мўлжалланган кредитни олиш учун 2 йил югурдим. Шу давр мобайнида 4 марта баҳолатиш ва бизнес режа тузиш учун 6 миллион сўм пулим кетди. Ўзим Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига аъзо бўлганим учун Норин туман бўлимига мурожаат қилдим. Федерация ҳам мен билан бирга 2 ой югуриб, ахийри ҳужжатларимни базага киритишга эришдик. Федерация ходимлари бирга югургани учун уларга Ташаккурнома ҳам ёзиб бердим. Чунки базага киритилди, дегани кредит нақд дегани эди. Аммо барибир кредит берилиши рад этилди”, деди тадбиркор.

Шу кредитни олганида яна 20 та иш ўрни яратишни ният қилган ёш тадбиркор энди яшаб турган уйини сотмоқчи экан. 

Шу жойда Агробанкдан 14 фоизли кредитни олишнинг умуман имкони йўқ экан, ёшларни 2 йил мобайнида судраб нима қиларди, деган савол туғилади.

Саволлар кўп. Жавоби аниқ бўлган саволлар эса қайта-қайта келаверади: 

Фуқаронинг айби – кредит олиш учун ўзга ташкилотга мурожаат қилганими?;

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг айби – ўз вазифасини бажарганими?;

Rost24.uz сайтининг айби – банклар тизимидаги энг катта муаммо – КРЕДИТ МУАММОСИни кўтариб чиққаними?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар