"Маънавият масаласи миллий хавфсизлик масаласи билан баробар туради", дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов.
Республика маънавият ва маърифат марказида «Янги Ўзбекистон: кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият» республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Унда қатнашган спичрайтер Хайриддин Султонов маънавият ишларини кучайтириш лозимлигини ва нима учун бу йўналишга бюджетдан 90 миллиард сўм ажратилаётганини тушунтирди.
Хайриддин Султоновнинг сўзларига кўра, маънавият тарғиботларига қарши чиққан вазирлар, компания раҳбарлари пайдо бўлиши билан маънавият марказига эътибор сусайган. Шу сабабли маънавият марказлари ходимлари ҳокимиятларда чой ташувчи, шаҳардан меҳмон келса, олиб юрадиган одамларга айланиб қолган. Унинг айтишича, эндиликда Республика маънавият маркази фаолияти тубдан янгиланади. Маънавият ва маърифат марказлари ходимларининг моддий таъминоти яхшиланади.
«Маънавият тадбирлари бу совуқ бинога норози одамларни йиғиб, телпакни бостириб олиб маъруза ўқиш дегани эмас... Энг муҳим мураккаб масала шундаки, бугунги кунда ҳар бир тадбир ёки учрашув эркинлик, очиқлик, плюрализм шаклида ўтишини инобатга олган ҳолда унга катта тажрибага эга бўлган ватанпарвар билимли мутахассисларни жалб этиш керак. Аудиториянинг саволлари кўп. Журналист, блогерлар ҳам келади. Илгаригидек бир хонага ҳаммани қамаб, маъруза ўқиб кетишлар йўқ. Бу формат ишламайди. Сўзга чиққан одам «Мени сўзим қандай акс-садо беради? Эртага ижтимоий тармоқда «уриб ташлашмайдими?» деб мулоҳаза қилиши керак. Маърузаларни ёзиб олиб, бир неча марта тайёргарлик кўриб бориши керак. Кўп жойда кўрганман, олимлар сўзга чиққанида, гапириб гапини тугатолмайди. Лазиз Қаюмов деган домламиз гапириб, фикрини тугатолмаганларни "қўнишга аэродром тополмаяпти", дердилар. Жамият очилдими, энди осон бўлмайди "али" десангиз, "вали" дейди булар. Улар ҳақ, бундай дейишга. Шундай экан, ақл, билим билан, дискуссия ва баҳс юритиш маданияти билан тайёр бўлиш керак.
Ҳар қандай мухолиф билан баҳс юритишга тайёр бўлиб минбарга чиқиши керак. Ўткир-ўткир саволларга жавоб бера оладиган мутахассисларни топишимиз керак. Пенсияга озгина қолган ходим, яхши чой дамлайдиган опаларни ишда сақлаб олиб ўтириш ярамайди», дейди Хайриддин Султонов.
Спичрайтер ўз маърузасида совет давридаги «идеологлар», колхоздаги йиғилишларни ҳам мақтаб ўтди. Шунингдек, таълимга маънавиятшунослик дарсларини қайтаришни таклиф қилди.
«Ўртада «доно» одамлар чиқиб, маънавият маърифат дарсларини йўқ қилишни таклиф қилишди. Буни у худди болани тоғорадаги сувга чўмилтириб, сувга қўшиб болани тоғора билан ағдариб ташлашга ўхшатди. Энг маънавиятли туман, шаҳар, қишлоқ танловларини ўтказишимиз керак», дейди у.
Султоновнинг фикрича, «маънавият керакми» деган одамлар орасида фарзандини сотиб, пулига Дубайга бориб дам олаётганлар, отасини ураётганлар, қизини Дубайга фоҳишаликка жўнаётганлар ҳам топиляпти. Улар ижтимоий тармоқларни, «сариқ» газеталарни, тўй чарларни эгаллаган», дейди Султонов.
Тадбир давомида Султонов узоқ маъруза қилди ва марказнинг эндиликдаги фаолияти аввалгидек бўлмаслигини эслатди. Аммо, Республика Маънавият ва маърифат марказида ўтган мазкур йиғилишда очиқлик ва эскича форматдан воз кечиш ҳақида гапирган Хайриддин Султонов учрашув сўнгида журналист саволларига жавоб беришни истамади. Хусусан, rost24.uz журналистининг қуйидаги саволлари очиқ қолди.