Чанг бўронларига ҳам тайёр туришимиз керак — иқлимшунос (2-қисм)

14.07.2023 17:13

Ўзбекистонда охирги икки йилда деярли барча шаҳарларда, шунингдек, пойтахтда ҳам чанг бўронлари кузатилди.

Rost24.uz бунинг сабаби нимада экани ва унга қарши қандай чоралар кўриш кераклиги бўйича иқлимшунос Эркин Абдулахатовдан жавоб олди:

— Иқлим исиганда қурғоқчилик, яъни сув етишмовчилиги, ёғингарчилик кузатилмаслиги, иссиқ об-ҳаволи кунлар давомли бўлади. Масалан авваллари фақат ёз ойларида ҳаво ҳарорати 35-40 даражага кўтарилган бўлса ҳозир апрель-май ойларидан бошлаб сентябргача юқори ҳаво ҳарорати сақланиб турибди. Бу эса тупроқда намлик камайиб, минтақанинг чўллашишига сабаб бўляпти. Ўзбекистон майдонида йилдан-йилга, нафақат текисликларда, балки тоғолди ва тоғли ҳудудларда ҳам чўллашиш жадал давом этяпти. Узоқ муддатли жазирама ва ёғинсиз кунлардан кейин, нам ҳаво оқимлари кириб келишидан олдин — физикада шундай тортишиш кучига эга бўлган жараён бор, бу жараён ўта қуруқ бўлган тупроқни юқорига кўтаради. Агар яшил масса, илдизлари билан тупроқнинг майда заррачаларини ушлаб қоладиган ўсимлик ва дарахтлар бўлмаса атмосферага чанг кўтарилади. Келгусида Ўзбекистонда тупроқ, яъни ер сиртидаги ҳарорат 70-80ʼ градусгача бўлиши кутиляпти. Бу ҳолатда яна нам ҳаво оқимларининг кириб келиши ёмғирни эмас, чангни келтириб чиқаради. Чанг юқорига баландлиги 600-700 метр, ҳатто 1 км кўтарилиб ҳудудларга аста-секин бостириб келади», — деди у

Эркин Абдулахатов, иқлимшунос

— Биз қурғоқчилик ва чўллашишнинг олдини олиш учун доимий равишда ҳудудларнинг иқлим шароити, суғориш ва ёғингарчилик имкониятларидан келиб чиқиб, у ерга мос бўлган дарахт ва ўсимликларни экишимиз керак. Булар илмий жиҳатдан ишлаб чиқилган, исботланган ва қайси ҳудудга нима экилиши режа қилинган. Эндиликда қурилиш ишлари қандай амалга оширилса, дарахт экиш жараёни ҳам худди шу тартибда бўлади, буюртмачи тендер асосида пудратчини танлайди ва пудратчи ўзи эккан дарахт учун 3 йил масъул бўлади. Дарахтлар ҳолати сунъий йўлдошлар, экодронлар ёки эковолонтёрлар орқали кузатиб турилади. Агар бу ишлар қилинмаса, чўллашиш давом этса, келгусида Ўзбекистонда иқлим муҳожирлари кўпаяди. Бу эса яна бир қанча ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Иқлим муҳожирлигини олдини олишнинг ҳар хил имкониятлари бор. Масалан, Саудия Арабистони ва БААда ҳам одамлар чўл ҳудудида яшаб келмоқда. Албатта иккала минтақадаги чўлларнинг фарқи бор, лекин юртимиз ҳам келажакда худди улар каби экстремал чўл туризмига ўтади. Экстремал туризмга эътиборни кучайтириш иқлим муҳожирига айланиши мумкин бўлган аҳолини ўз ҳудудида қолишга, кичик яшил маконлар яратишга ундайди. Бунинг учун одамлар баъзи ресурслар, интернет ва уяли алоқа, электр энергияси билан таъминланган бўлиши керак», — Эркин Абдулахатов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар