Охирги 15 йилда олинган космик суратларни ўрганган мутахассислар Каспий денгизининг шимолий-шарқий, Қозоғистонга тегишли қисмининг 7,1 фоизи қуриб бўлганини аниқлаган.
Каспийнинг 8,1 минг квадрат километр қисми қуриган. Юқоридан олинган суратларда денгизнинг ўрнида (Атирау шаҳри яқини ва Урал дарёси дельтасида) улкан янги чўл ҳосил бўлганини кўриш мумкин.
Аввалроқ денгиз Туркманистон қирғоқларидан ҳам жуда тез чекинаётгани, машҳур Аваза курортларидан денгиз 100 метргача қочиб кетгани айтилган эди. Денгизнинг таркиби бўлган Қорабўғозкўл деярли ажралиб қолган. Мутахассисларнинг айтишича, яқин 20 йилда у тўлиқ қуриб битади.
Каспийнинг қуриб бораётган қисми Ўзбекистонга жуда яқин ҳудуд бўлиб ундаги қуриш жараёни Ўзбекистон экотизимига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Нима сабабдан Каспий денгизи қуримоқда?
Иқлимшунос, докторант (PhD) Эркин Абдулахатовнинг айтишича, иқлимнинг исиши Каспий денгизида буғланишни кучайтириб юборган. Денгиз суви қуёш нурлари таъсирида буғ кўринишига келиб атмосферага кўтарилмоқда. Бундан ташқари, Каспийга қуйилувчи Урал ва Волга дарёларининг сув ҳажми ҳам камайган. Бу йил ушбу дарёлар манбаи ва унга яқин ҳудудларда ёғингарчилик кам бўлгани ҳисобига ҳам дарёларнинг денгизга қуйилувчи сув ҳажми кескин қисқарган. Олимнинг қўшимча қилишича, Каспийнинг қуриш жараёни иқлим исишига мос равишда давом этаверади.