Бутун дунёда иқлим ўзгариши давом этмоқда. Аммо бу жараён Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда тезлашиб кетди. Буни тез-тез содир бўлаётган чанг бўронлари, кучли ёғингарчилик ва жазирама иссиқ об-ҳаво шароити исботлаб турибди.
Rost24.uz сайти иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларнинг сабаби ва келгусида Ўзбекистонни қандай иқлим шароити кутаётганини билиш учун иқлимшунос олим Эркин Абдулахатов билан суҳбатлашди:
“Дунёда иқлим ўзгаришидан бошқа ҳеч қайси бир масала йўқки, дунё президентларини ҳар йили бир стол атрофида йиғилишга мажбурласа. Иқлим ўзгариши деб, ҳозирги даврдаги иқлим шароитларининг аввалгисига нисбатан фарқ қилишига айтилади. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида яшаган инсон у пайтда қишнинг совуқ ва қорли бўлгани, жазирама ёзда иссиқ об-ҳаволи кунлардан сўнг салқин ҳаво массалари кириб келиши кузатилганини тасдиқлайди. Иқлим ўзгариши ортидан Ўзбекистонни қурғоқчилик кутмоқда ва бу ёғингарчиликка ҳам таъсир қилади.
Кўпчилик бизни нима кутаётганини сўрайди, қурғоқчиликми ёки ёғингарчиликми? Буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Авваллари ёғинсиз мавсумдан сўнг, баҳор-куз ойларида ёмғир, аниқроғи, майда-майда ёмғир ёғган, ҳозир эса иқлим ўзгариши, иссиқхона газларининг кўпайиши ва ҳавонинг исиб кетиши атмосферага таъсир кўрсатиб, музликлар эришига, океан сувларининг кўпроқ буғланишига олиб келмоқда ва бу ўз-ўзидан қуруқлик ва атмосферадаги циркуляция жараёнларини, ҳаво оқимлари шаклланиш мувозанатини бузиб юборгани ҳисобига жала ёмғир ёғиши, сел ҳодисаларини кўпайтириб юборди. Яъни ёмғирсиз кунлар кўпроқ давом этади ва бунинг ортидан кучли жала ёмғир ёғади.
Бундан кейинги мавсум баҳор, ёз ойлари сел, сув-тошқини хавфи Ўзбекистонда юқори бўлади. Чунки Эль-Нино даврида доимо бундай ҳодисалар кузатилган. Эль-Нино ҳодисаси Тинч океани юзасида сув ҳароратининг одатдагидан 3-4 даражага исиб кетиши натижасида кузатиладиган ва атмосферага таъсир ўтказадиган энг катта табиий ҳодисалардан бири. Тарихда ҳар бир Эль-Нино даврида мамлакатлар жуда катта табиий фалокатлар ва иқтисодий йўқотишларга учраган. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бир Эль-Нино аввалгиларига нисбатан кучлироқ ва талофатлироқ бўлган. Бундай вақтда инсонлар ваҳимага тушмасдан унга руҳан тайёрланиши лозим”, – деди иқлимшунос олим Эркин Абдулахатов.