Экологик муаммоларни бартараф этиш фақат экоблогерга керакми?

07.07.2023 19:03

“Ўрикгули” номи остида фаолият юритадиган экоблогер Мўътабар Хушвақтова 3 июль – Пластик пакетлардан воз кечиш кунида 250 та пластик пакетдан иборат махсус кийимида Тошкент шаҳрининг марказий жойларида айлангани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. 

Кўп ўтмай эса блогернинг ижтимоий тармоқларда Экология вазири билан учрашгани ҳамда унга китоб совға қилгани акс этган сурат тарқалди.  

Rost24.uz экоблогер “Ўрикгули” билан пластик пакетлардан воз кечиш кунидаги тарғиботи ва вазир билан учрашуви ҳақида суҳбатлашди.

Экоблогер бу ҳаракати орқали одамларни пластик пакетлардан воз кечишга чақирган. Чунки битта одам йилига 650-1000 та пластик пакет ишлатади. Пластик пакетларнинг чириши жуда секин ва қайта ишлаш жараёни ҳам яхши эмас.

Блогер “Ўрикгули”нинг 3 июль куни кийиб юрган кийимида эса 250 та пакет бор эди. У бу пакетларни танишларидан, обуначилари ва блогерлардан йиғганини айтди.

Блогернинг сўзларига кўра, агар пластик пакетлардан воз кечилмаса, бугунги кунда ёмонлашиб бораётган экология бундан-да ёмон ҳолатга келиши мумкин экан. Натижада эса инсоннинг яшаш ёши қисқариб бораверади.

Экоблогер пластик пакетлардан иборат кийимини кийиб шаҳар айланганидаги одамларнинг муносабати ҳақида ҳам гапирди.

"Ҳатто "бу жинни бўлиб қолибди”, деган гапларни ҳам эшитдим, ҳеч ким ёнимга келиб сўрамади. Фақат икки нафар русийзабон киши қизиқди", – деди экоблогер.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган вазирнинг совғаси эса аслида совға эмас, шунчаки ўша пайти танишиб чиқиш учун берилган дарслик эканлигини, вазирнинг пакетлардан тайёрланган кийимни кўриб ҳайратланганини ва видеони ҳали кўрмаганини ҳам айтган.

Ижтимоий тармоқлар орқали унинг сувни тежаш борасидаги постлари ҳам юқоридаги масъул ходимларга эмас, доимгидек пастдаги ободонлаштириш ходимларига жабр бўлган.  

Бугунги кунда экология кўп гапириладиган энг муаммоли соҳа ҳисобланади. Бу борада эса кўпчилик қатори экофаолнинг фикрича ҳам ҳеч қандай ишлар қилингани йўқ. Фуқароларда ҳам экология борасида ҳеч қандай тушунча ва хавотир йўқлигини, бу борада кўпроқ тарғибот кераклигини ҳам таъкидлади.  

Экологияни ўрганиш, ҳимоя қилиш учун муаммолар қатори Ўзбекистонда экологик ташкилотлар ҳам жуда кўп. Аммо, афсуски ушбу ташкилотларнинг ҳеч бири билан боғланиб бўлмайди. Жамоатчилик фикри билан айтганда, бундай ташкилотларнинг бор-йўқлиги билинмайди. Экологик муаммолар кўпайиб, кучайиб бормоқда ва бу тизим энди ишлаши ёки ислоҳ қилиниши керак. Чунки экология мавзуси бугунги кунда муҳим ва ечим топилиши керак бўлган энг долзарб муаммодир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар