Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳриддин Асрор Озодбек Назарбековга эътироз билдирди.
«Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг бир ҳаваскор хонандага ўринли эътирозини кўрдим. У адабиётда "жадалаб" сўзи йўқлигини, "жадаллаб" сўзи борлигини айтиб, уларнинг (ёшларнинг) китоб ўқимаётганини таъкидлади. Тўғри эътироз! Лекин вазир сифатида унинг сабабини ўргандими? Нега китоб ўқимай қўйган ёшлар?» дейди ҳажвчи.
Баҳриддин Асрорнинг келтиришича, бутун мамлакатда 2000 йилда 6027 та кутубхона бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 402 та.
Бугунги кунда республикадаги Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказлари сони 402 та, ёки ундан ҳам кам бўлиши мумкин. Уларнинг сони 2000 йилда 6027 та бўлган бўлса,
2001 йилда 5936
2002 йилда 5943
2003 йилда 6158
2004 йилда 5953
2005 йилда 5892
2006 йилда 1200
2007 йилда 1521
2008 йилда 1650
2009 йилда 2722
2010 йилда 2809
2011 йилда 2809
2012 йилда 2831
2013 йилда 2834
2014 йилда 2877
2015 йилда 2914
2016 йилда 2908
2017 йилда 2898
2018 йилда 2902
2019 йилда 398
2020 йилда 400
2021 йилда 402 тани ташкил қилган.
2000 йилда 6027 кутубхонанинг 1013 таси шаҳарда, 5014 таси қишлоқларда жойлашган бўлса, 2021 йилга келиб 402 та кутубхонанинг 365 таси шаҳарда, 37 таси эса қишлоқларда қолган.
«Бу муаммо тўғридан-тўғри Маданият вазирига тааллуқли бўлгани учун ёздим», — дейди ёзувчи, мақола сўнгида.
Ҳозир ушбу мақолани ўқиган мутасаддилар, электрон китоблар, замонавийлик, интернет асри ҳақида гапириб, мазкур рақамлар китобхонлик даражасини белгиламаслиги ҳақида раддия билдиришлари турган гап.
Аммо, бугун дунёда турли шаклдаги 2,7 миллиондан ортиқ кутубхоналар мавжуд. Статистикага кўра, уларда рўйхатдан ўтганлар сони тахминан 1 миллиард 40,2 миллион кишини ташкил этаркан. Тез ривожланаётган давлатларда китоб ўқиш ва кутубхоналарга ташриф буюрувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
2021 йил маълумотларига кўра, энг кўп китоб ўқувчилар Ҳиндистон, Таиланд ва Хитойда яшайди. АҚШ аҳолисининг 55 фоизи кутубхоналарга аъзо ёки доимий фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Демак, интернет асри ва замонавийликнинг кутубхоналарни қириб юборишга алоқаси йўқ экан.
Шу ўринда, мутасаддилар кутубхоналардан фойдаланиш ва хавфсизлик шартлари ҳақида ҳам ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўзбекистондаги энг катта ахборот ресурс маркази бўлган Миллий кутубхонага борсангиз, кириш, рўйхатдан ўтиш ва фойдаланишдаги оворагарчиликлардан ўтгунингизча керакли китобни топиш ҳафсаласи бир неча бараварга камайиб кетиши бу ердан фойдаланган китобхонларга маълум.