Шундайлар бўлмаса дунёда агар...
Яшаётган ҳудудининг харитада борлигига ҳам ишонмайдиган аёл ҳикояси
Тақдирига фақат меҳнат ёзилган, борлигини, яшаётган ҳудудини харитада мавжуд эканлигига ҳам ишонмайдиган, ислоҳотлар фақат телевизор орқали етиб борадиган, ҳаётида бир марта бўлса ҳам гўзаллик салонига кирмаган, байрам ва тадбирларда эътироф кутадиган ўзбегимнинг содда қишлоқ аёллари...
Улар бошқалар каби тонгни қаҳва ичиш, гўзаллик салонига бориш, дугоналари билан учрашишни режалаштириш билан ёки эрталаб “Ишга борсам салқин хонада, мазза қилиб ишлайман” деб эмас, “Бугун ҳаво исиб кетмасин, яхшироқ ишлаб олай” деб бошлайди.
Улар бошқалар сингари бирор жойи оғриса, касалхонага югуришни эмас, ишга чиқса у-бу жойи оғриб қолмаслигини ўйлайди.
Улар фарзандларининг туғилган кунида ўзи ёки бошқаларнинг ҳаққидан ажратиб қиммат кийимлар, қиммат машиналар ёки шоҳона зиёфатлар ҳадя қилмайди, меҳр, тарбия, ҳалоллик ҳадя қилади.
Улар оиладаги етишмовчилик сабаби эркак кишидан деб ҳисоблаб, ўзига ва фарзандларига жабр қилмайди. Улар сабр қилишни билади.
Улар бошқаларнинг фарзандларини ҳам ўзининг фарзанди каби қабул қилади.
Улар ислоҳoтлар, аёллар билан боғлиқ сиёсатлар, амалдорларнинг ваъдаларига ишониб, умид қилиб қолаверади...
Лойиҳамизнинг навбатдаги қаҳрамони Ҳафиза Турғунбоева.
Ҳафиза опа Сирдарё вилояти Ховос тумани Бўстон маҳалласида истиқомат қилади. Қаҳрамонимизнинг ёши 65 да. У ҳали ҳам даладаги мавсумий ишларни бажаришдан нолимайди. Қолаверса на соғлиғидан, на молиявий камчиликлардан...
«Олдин дала меҳнатини кўрмаганман, турмуш ўртоғим бетоб бўлгани сабаб оғир ишларга ярамас эди, қизларим билан 30 гектар ерни 1 ҳафтада чопиқдан чиқардик. Дала ишларидан ҳам даромад келаркан деб яна бошқа ишлар олишни бошлаганмиз», — дейди Ҳафиза Турғунбоева Rost24.uz га берган интервьюсида.
Қаҳрамонимиз билан суҳбатлашар эканмиз, “Дала меҳнати билан шуғулланиб ҳали бирор жойимиз оғриганини, қон босими деган нарса безовта қилганини ҳам билмаймиз. Бизнинг шароитимизда иш шундай мавсумий, бундан фойдаланиш керак. Бу ерда ҳам аёллар учун завод фабрикалар бўлишини, аёллар доимий иш билан таъминланишини хоҳлаймиз”, деди Ҳ. Турғунбоева.
Шунингдек, далада меҳнат қилаётган Ҳафиза Турғунбоева ва шу каби аёлларнинг ҳам фарзандлари бошқа оила фарзандлари каби тайёрлов курсларида, шаҳарларда ўқияпти. Улар фарзандларини ҳам ўзлари каби дала меҳнати билан шуғулланишини хоҳламайди.
Қаҳрамонимизнинг "Телевизорларда уни-буни кўриб ҳавас қиламиз, бизни шароитимиз шу, қани бизда ҳам ишлайдиган фабрикалар, заводлар бўлса, аёлларимиз ишлар эди", деган сўзлари минбарларда аёллар сиёсати ҳақидаги баралла сўзлар узоқ ҳудудларга етиб бормаётганига мисолдир, балки.