Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик учун энг енгил жазо — ЖАРИМА. Жаҳон тажрибасида эса огоҳлантириш.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси мутасаддилари иштирокида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳияти ва ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда энг енгил жазо чоралари сифатида ЖАРИМА кўрсатилган. Бошқа давлатлар қонунчилигига қарайдиган бўлсак, биринчи содир этилган ҳуқуқбузарлик учун огоҳлантириш берилиб, базага киритиб қўйилади. Қачонки, иккинчи бор ҳуқуқбузарлик содир этилгандагина, жарима қўлланилади. Бизда ҳам аввал огоҳлантириш, қайталанса жарима қўлласа бўлмайдими?
Rost24.uz мухбирининг ушбу мазмундаги саволига Миллий гвардия Марказий девони катта суриштирувчиси, адлия полковниги Улуғбек Заитов қуйидагича жавоб берди:
— Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ҳолатда, албатта ҳар доим огоҳлантириб, ҳар хил фуқароларнинг олдида норозилик келтириб чиқармаслик учун тушунтирилади. Лекин маъмурий ҳуқуқбузар бевосита Миллий гвардия ходимларининг талабларини бажармагандан кейин албатта қонуний чора кўрилади».
Миллий гвардия мутасаддиси назарда тутган жараён аслида қонун бўйича огоҳлантириш эмас, балки тушунтириш-тарғибот ишлари ҳисобланади.
Миллий гвардия марказий девони офицери, майор Азиз Азимов жавобга қўшимча тарзда ҳақиқатда қонунда огоҳлантириш амалиёти йўқлигини тан олиб, Ўзбекистон қонунчилигини ҳам жаҳон тажрибасига мослаштириб бориш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди:
— Ҳар битта маъмурий жавобгарлик кодекси бўладими ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжат бўладими унга киритиладиган ўзгартириш тегишли органлар томонидан илмий жиҳатдан асосланган ва хориж тажрибасига мос деб топилган тарздагина кўриб чиқилади ва ваколатли органлар томонидан қонунни қабул қилиш жараёнлари бор, ундан ўтгач бу ўзгартиришни киритиш мумкин», — деди А. Азимов
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик кодексида белгиланган жарима ва бошқа амалиётларни қўллаш ваколати ИИВда мавжуд эди. Янги қонунга кўра, энди Миллий гвардия ҳам жарима солиш ваколатига эга бўлди.