АОКАда “Маъмурий ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда бугунги кунда долзарб бўлиб турган ем-хашак қимматлиги, яйловларнинг камлиги ёки кластерларга ўтиб кетаётгани сабабли касодга учраётган фермер хўжаликларининг ҳолатини яхшилаш борасида қандайдир аниқ мақсадли ишлари қилиняптими, мазмунида савол берилди.
Rost24.uz мухбирининг ушбу саволига “Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш” бошқармаси бошлиғи Матёқуб Матёқубов қуйидагича жавоб берди:
«Пахта тўқимачилик кластерларимиздаги ер майдонларининг 10 фоизига алмашлаб озиқ экинларини экиш режа қилинган. Бу йил 480 минг гектардан ошиқ озуқа экинлари мавжуд. Уларга серҳосил уруғларни экканмиз. Жорий йилни ўзида 25 млн. тоннага яқин озуқа жамғарилган, бу йил эса 28 млн. тонна режалаштирилган. Бу орқали озуқага бўлган талабни қоплаб оламиз. Айрим фермерларда ер етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, улар ҳам озуқа экинларини экиш ва илғор хорижий компаниялар билан ҳамкорликда озуқа етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Президентимизнинг 121-сонли қарорида белгиланган 2 миллиондан ошиқ гектар майдонимизнинг 206 минг гектарига озуқа экини экиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда 150 минг гектардан ошиқ озуқа экинлари экиляпти», — деди М. Матёқубов.
Таажжубланарли жиҳати шундаки, ушбу матбуот анжуманида ҳам доимгидек шаблон - "режалаштирилган", "бажарилади" деган сўзлар ишлатилди. Бундай сўзлар фақат бир вазирлик эмас, барча вазирлик, ташкилотлар томонидан ишлатилиб келинади.
Кейинги матбуот анжуманларида “бажарилади” сўзлари “бажарилди” деган аниқ жавобларга алмашади деган умиддамиз.