Хориж матбуоти Ўзбекистон Энергетика вазирлигини гапиришга мажбур қилди

19.06.2023 14:42

Вазирликнинг берган маълумотига кўра, Россия Ўзбекистонга етказиб берадиган йиллик газ ҳажми 6 миллиард куб метр эмас, 2,8 миллиард куб метрни ташкил этар экан.

Жорий йилнинг 16 июнь куни ХХVI Петербург Халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда республикамиз газ-транспорт тизимини ушбу газни қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.

Россия матбуоти бу келишувлар бўйича маълумотларни эълон қила бошлади. Энергетика вазирлиги мазкур келишувларни сир сақлагани боис, Россия медиаси орқали сиздирилган хабарлар янада шов-шувли тус олди. Орадан уч кун ўтиб, Энергетика вазирлиги келишувнинг айрим тафсилотларини очиқлашга мажбур бўлди.

Энергетика вазирлигининг қайд этишича, газни сотиб олиш ва сотиш бўйича шартнома “UzGasTrade” ва “Газпром Экспорт” компаниялари ўртасида икки йил муддатга тузилган.

«Келишув тўлиқ тижорат шартларида ишлаб чиқилган бўлиб, республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йил сайин ортиб бораётган талабини қисман қондириш, шунингдек, куз-қиш мавсумини узилишларсиз ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликка кўра, келишув доирасида 1 октябрдан кунига 9 миллион куб метр газ етказиб бериш бошланиши кутилмоқда. Шунга асосан йиллик импорт ҳажми қарийб 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади.

«Табиий газнинг нархи вилоятдаги бозор нархлари, республикадаги жорий нархлар, шунингдек, бозор шароитларидан келиб чиқиб, нархларни шакллантириш бўйича режалаштирилган ислоҳотлардан келиб чиқиб келишилган», дейилади Энергетика вазирлигининг хабарида.

Аввалроқ, Россиянинг «Коммерсантъ» газетаси томонлар йилига қарийб 6 миллиард куб метр ёки кунига тахминан 18 миллион куб метр газ етказиб беришга келишиб олгани, бунда етказиб бериш ҳажми ҳар йили аниқлаштирилиши ҳақида хабар берганди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар