Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ-439-сон, 07.12.2022) ижроси бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
Ушбу қарор доирасида "ер ости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баробари миқдорида солиқ ундириш" ҳақида айтиб ўтилган. Шунда оқава сувлари бормаган жойларда кўп сув талаб қиладиган экинларни экадиган фермерлар ер ости сувларидан фойдаланса 5 баробар солиқ тўлайдими? Бундай ҳолатда фермернинг фойдаси зарарга айланмайдими?
Бундан ташқари, қарорда ичимлик суви етиб бормаган ҳудудларга ичимлик суви етказиб бериш тўғрисида айтилмаган. Матбуот анжумани давомида ҳам бу ҳолат ҳақида ҳеч нарса дейилмади. Бу борада ҳам қандайдир ишлар режада борми?
Rost24.uz мухбирининг юқоридаги мазмундаги саволларига "Ўзбекгидрогеология" ДУК Давлат геология мониторинг хизмати бошлиғи Расулжон Бегматов жавоб берди:
— Ичимлик суви таъминоти масаласи уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзсувтаъминот” корхонасига тегишли масала. Агар улар давлат дастурлари доирасида кўтарилган масалаларни кўриб дастурга киритган бўлса, унда бизга буюртма бўлади. Давлат дастури доирасида бўлган техник топшириқлардан сўнг биз томондан ўша ҳудудда гидрогеологик тадқиқотлар ўтказилади. Ҳудудларда мавжуд истеъмолга яроқли ерости сувлари “Ўзсувтаъминот” корхонасига тақдим этилади. Шундан сўнг ўша манба асосида сув тармоқларини ташкил этиб, аҳолини сув билан таъминлаб боради. Бу давлат дастурлари билан боғлиқ.
Шунингдек, солиқ ставкаси бўйича фермерлар ёки бошқа сувдан фойдаланувчилар сувни агар лимитдан ортиқ олган бўлса ёки рухсатсиз олган бўлса, солиқ кодексида ҳам белгилаб қўйилган. Лекин бу ерда сув ҳисоблаш воситаси ўрнатилмаган бўлса, дейилмоқда. Фойдаланувчи олинаётган сув лимитини ҳам белгилаб олиши керак. Лимит доирасида бўлса солиқ кодекси билан белгиланган ставкаларда солиқни тўлаши мумкин. Лекин у қонунни бузса, солиқ ставкасининг 5 баробарида жарима тўлашга мажбур бўлади. Бу қонун билан назарда тутилган жараён.
Жисмоний шахсларга 25 метргача қудуқларда бурғилашга рухсатнома олинмайди. Жисмоний шахслар учун суткасига 5 куб метрдан ортиқ бўлмаган ўз эҳтиёжи учун фойдаланилса унга рухсатнома ҳам, солиқ ҳам бўлмайди. Бу ерда агар ичимликка яроқли сувлар етарли бўлиб, маҳаллий эҳтиёждан ортиқча бўладиган бўлса, геология ва экологияни рухсати билан бошқа мақсадда фойдаланиш мумкин деб қўйилган. Одатда йўл қўйилмаслиги белгиланган», — дея жавоб берди Р.Бегматов.
Маълумот учун, бугунги кунда ичимлик суви миқдорининг 67 фоизи ер ости сувлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Охирги йилларда эса ер ости сувларидан ҳам ичимлик суви ҳам экинларни суғориш мақсадида фойдаланиш бирмунча кўпайган. Бу эса ичимлик сувга бўлган эҳтиёжнинг йилдан йилга ошиши ва ичишга яроқли сувларнинг танқислигига олиб келиши мумкин.