ТАНИШТИРУВ: Табиат ресурслари вазирлиги тизимини кимлар бошқармоқда?

04.05.2023 13:13

Бир вақтнинг ўзида олтита лавозимда ишлаган Азиз Абдуҳакимовнинг лавозимлари учтага қисқарган. Ҳозирда Тошкентда вазир, Самарқандда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори бўлиб ишламоқда. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлиги тизимини кимлар бошқармоқда?

 Абдуҳакимов Азиз Абдукахарович

Табиат ресурслари вазири  Абдуҳакимов Азиз Абдукахарович

Учта ўринбосари ва битта маслаҳатчиси бўлган Абдуҳакимов кўпчиликка олтита лавозимда бир вақтда ишлаши билан яхши таниш (Бу бўйича сайтимизда 2021 йилда мақола ҳам эълон қилгандик). Тошкент шаҳрида 49 ёшли вазирнинг лавозимлари ҳозирга келиб учтага қисқарган. Яъни, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ва “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори ҳамда Бўстонлиқ тумани ҳокими лавозимларидан кетган. Қолган учта: Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори, Ўзбекистон Бадминтон федерацияси раиси ҳамда Табиат ресурслари вазири лавозимларида ишламоқда. 
Азиз Абдуҳакимов Тошкент давлат иқтисодиёти университети ва Япониянинг Хитоцубаси университетларида таҳсил олган. Маълумотларга кўра, у фаолиятини  1993 йилда "Ипак йўли банки"да турли лавозимларда бошлаган.

Қудратов Обиджон Нематович

Табиат ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари, Қудратов Обиджон Нематович

Қудратов вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига қадар Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари мудири ҳамда  Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари мудири бўлиб ишлаган.

Нарзулло Обламуродов Наимович

Табиат ресурслари вазирининг  ўринбосари  Нарзулло Обламуродов Наимович

Обламуродов  шахси 2021 йилги Президентлик сайловлари орқали сизу бизга маълум. Самарқанд вилоятида туғилган 48 ёшли сиёсатчи Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Буюк Британиядаги Бирмингем университетини тамомлаган. Илк меҳнат фаолиятини 1996 йилда “Deloitte and Touche” халқаро аудиторлик ташкилотида бошлайди. 2008-2017 йилларда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Тошкент молия институтида факультет декани лавозимларида ишлайди. 2017 йилда “Молия”дан кетиб, Президент Администрациясига ишга ўтади. Кейинчалик, “Экология” қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари (2020), Экологик партияси раиси лавозимида ишлаган (2021). Ҳозирда Табиат ресурслари вазирининг ўринбосари бўлиб фаолият юритмоқда.

Казбеков Жусипбек Сидикович

Табиат ресурслари вазири ўринбосари Казбеков Жусипбек Сидикович

50 ёшли Казбеков  Нукус шаҳрида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Колорадо университетини тамомлаган. Мутахассислиги: муҳандис, гидротехник. Вазирнинг ўринбосари лавозимига қадар Марказий Осиё минтақавий экологик маркази халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиалида сув дастурлари бўйича коoрдинатор лавозимида ишлаган (2015).

Кушербаев Расул Хидралиевич

Табиат ресурслари вазири  маслаҳатчиси Кушербаев Расул Хидралиевич

Кушербаев 36 ёшда, 1987 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2010 йили Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. 2014-2019 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.  2022 йилнинг декабрига келиб, “бюджет муҳокамаларида унга сўз берилмаганидан норози бўлиб” муддатидан олдин истеъфога чиққан.

Вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқарганидан хабарингиз бор. Rost24.uz вазирликлар бошқарувидаги янги таркиб билан таништиришда давом этади!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
11
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар