Гулнора Каримова порахўрлик ва коррупция орқали топган маблағга уйлар ва самолёт сотиб олган, дейилади янги ҳисоботда. Яна нималар ошкор бўлди?
"Freedom For Eurasia" ўрганишлари хулосасига кўра, Каримова Лондондан Гонконггача бўлган шаҳарлардаги мулклар учун $240 миллион доллар сарфлаган.
ББС нинг ташкилот ҳисоботига таяниб маълум қилишича, Гулнора Каримова коррупция ва пора орқали қозонилган жамғарма воситасида уйлар ва самолёт сотиб олиш учун Британия компанияларидан фойдаланган.
Британия компаниялари учун ишловчи, Лондон ва Британия Виржиния оролларида жойлашган бухгалтерия фирмалари ушбу битимларга аралашган.
Ушбу ҳисобот Британиянинг ноқонуний мулкларга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларига нисбатан шубҳа пайдо қилади дейилади мақолада.
Британия расмийлари хорижий жиноятчиларнинг пул ювиш учун Британиядаги мулклардан фойдаланиши олдини олиш учун етарли чора кўрмаётгани учун танқид қилиб келинади.
Каримованинг Британияда осонлик билан мулк сотиб олгани «хавотирли» ҳол, дейилади ҳисоботда.
Компаниялар учун ишлаганлар уларнинг Каримовага алоқадор эканини билгани ҳақида маълумот йўқ. Британияда бундай хизмат кўрсатганлар иши суриштирилмаган ва ҳеч ким жаримага тортилмаган.
Гулнора Каримова 2014 йили омма кўзидан ғойиб бўлди. Кейинроқ, ҳали отаси ҳокимият тепасида ўтиргандаёқ у коррупция айбловлари билан ҳибс қилингани маълум бўлди. 2017 йил декабрида эса унга суд ҳукми ўқилди. 2019 йили уй қамоғи шартларини бузгани айблови билан уни қамоққа олинди.
Прокурорлар Каримовани Британия, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларида 1 миллиарддан ортиқ активга эгалик қилган жиноий гуруҳ аъзоси бўлганликда айблади. «Каримова иши энг йирик пора ва коррупция ишларидан биридир», дейди "Freedom For Eurasia" ҳисоботи муаллифларидан бири, Оксфорд университети тадқиқотчиси Том Мейн.
Шунга қарамай, Каримова ва унинг шериклари коррупцион дея даъво қилинган фондлар орқали қўлга киритилган мулкларнинг айримларини аллақачон сотишга улгурганди.
"Freedom For Eurasia" тадқиқотчилари кўчмас мулк реестрлари ҳужжатларини ўрганишар экан у ҳибсга олинишидан олдин шубҳали фондлар орқали турли мамлакатлар - Британия, Швейцария, Франция, Дубай ва Гонконгда камида 14 та мулк сотиб олганини аниқладилар.
14 март куни эълон қилиниши кутилаётган "Who Enabled the Uzbek Princess?» ҳисоботида Лондон ва унинг атрофидаги 50 миллион фунт қийматдаги 5 та мулкка эътибор қаратилади. Улар орасида Букингем саройи ғарбида, Белгравиядаги квартиралар, Мейфейрдаги уй ва Суррейдаги хусусий кўли бўлган 18 миллион фунтлик уй бор.
2013 йилда Каримова ҳибсга олинишидан олдин Белгравиядаги иккита квартира сотилган. 2017 йилда "Serious Fraud Office" Мейфейрдаги уйни, Суррейдаги уйни ва Белгравиядаги учинчи квартирани музлатиб қўйди.
"Freedom For Eurasia" ҳисоботида, шунингдек, Каримова ёки унинг шериклари жиноятдан тушган маблағларни кўчмас мулк ва шахсий самолётларга сарфлашига ёрдам бергани айтилаётган Лондон ва Британ Виржиния оролларидаги фирмалар номи ҳам келтирилади.
Каримованинг йигити Рустам Мадумаров ва ҳозирда унинг шериклари экани айтилаётган бошқа шахслар расмий ҳужжатларда Британ Виржиния ороллари, Гибралтар ва Буюк Британияда жойлашган компанияларнинг «бенефициар эгалари» (назорат қилувчи шахс) сифатида қайд этилган. Аммо ҳисоботда айтилишича, улар Каримованинг фақат ишончли вакиллари бўлиб, у фирмалардан юзлаб миллион долларни ювишда фойдаланган.
Каримовага алоқадор бўлгани айтилаётган икки компания Panally Ltd ва Odenton Management Ltd га илгари Лондоннинг Ню-Оксфорд кўчасида жойлашган SH Landes LLP фирмаси бухгалтерия хизмати кўрсатган.
2010 йил июль ойи охирида SH Landes бошқа бир компанияни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилди. Мақсад $40 миллион долларга хусусий самолёт сотиб олиш эди, Мадумаров эса унга бенефициар сифатида кўрсатилган. Ҳисоботда айтилишича, ҳақиқатдан ҳам бу харид ортида Каримова турган.
СУРАТ МАНБАСИ,FREEDOM FOR EURASIA
Гулнора Каримованинг Лондоннинг Мейферидаги собиқ мулки жиддий фирибгарликларни текширувчи идора (Serious Fraud Office) томонидан мусодара этилган
Ўша пайтда унинг маблағлари манбаси ҳақида сўралганда, SH Landes шундай жавоб берган: «Биз унинг шахсий бойлиги ҳақидаги саволни бу вазиятда ўринсиз деб ҳисоблаймиз». Афтидан, бунга Мадумаровнинг шахсий маблағидан самолёт сотиб олиш учун пул ажратмагани сабаб бўлган.
Лондонда жойлашган бу фирма кейинчалик Мадумаровнинг бойлиги қисман Ўзбекистонда жойлашган Uzdunrobita уяли алоқа компаниясидан келганини даъво қилди. Компаниянинг Каримова билан эҳтимолий алоқалари ҳақида саволлар аллақачон кўтарилган эди. 2004 йилда "Moscow Times“ газетасида нашр этилган мақолада Каримова сохта ҳисоботлардан фойдаланиб, ”Uzdunrobita«дан 20 миллион долларга яқин пул ўтказиб юборгани айтилган эди. Собиқ маслаҳатчи Каримовани «товламачиликда» ҳам айблаган.
Бу Ўзбекистондек давлатнинг хавфли юрисдикциясига алоқадор бўлган йирик битим бўлганлиги сабабли, SH Landes маблағлар манбаси қонуний эканлиги ва жиноий йўл билан ўзлаштирилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун эҳтиёткорлик билан текшириши керак эди, деб таъкидланади ҳисоботда.
SH Landes, шунингдек, Panally Ltd компаниясининг 2012 йилги молиявий маълумотларини ҳам эълон қилди. Ҳисоботда айтилишича, 2013 йил сентябрида уларни Каримованинг яқин ҳамкори: ўша пайтда 30 ёшда бўлган Гаяне Авакян имзолаган.
" Freedom For Eurasia" ташкилоти вакили Том Мейннинг айтишича, Каримованинг Буюк Британияда шунчалик кўп мулк сотиб олиши хавотирли ҳолдир.
«Бошқа давлатлар унга тегишли банк ҳисоблари ва активларини музлатиб қўйганидан кейин йилларча вақт ўтиб, 2017 йилга келибгина расмийлар эътибор берди», дея қўшимча қилади у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримова ва унинг шерикларининг Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги активлари қиймати 1,3 млрд долларни ташкил этишини қайд этган эди.