"Бугун кимга дуч келдик — инсон болаларигами ёки малакларга?" Туркиялик болалар ҳақида

25.02.2023 12:30

Узоқ бир тоғ қишлоғига бордик. У ерларда ҳалокатли вайроналар, қурбонлар, жароҳатланганлар йўқ, фақат зилзиладан азият чеккан ўнлаб оилалар кўчиб келишган эди.

Бир оз аввал ёнилғи тақчиллигини эшитиб, кўмир юборган эдик. Кейин болаларга совға-саломлар билан ташриф буюрдик.

Жабрдийдалар яшаётган ҳовлилар олдига тўхтаб, бир неча кичкинтойларни хурсанд қилиб, кўнглимиз қишлоқ теграсидаги тоғлардай кўтарилиб, кетишга чоғландик. 

Қишлоқдан чиқаверишда машинамизга бошқача бир энтикиш билан термулиб турган, ниманидир айтаолмаётган икки нафар мовий этикли болакайни кўриб тўхташга қарор қилдик. Хойнаҳой, ўйинчоқ тарқатаётганимизни кўришган. Зилзиладан жабрланган шаҳарликлардан бўлмаганлари учун яқинлаша олмай, йўлимизга чиқиб туришганди.

Улар билан саломлашишга улгурмай, кичкинтойлардан бири орқасидаги харобгина ҳовлига ишора қилди ва шундай деди:

— Бу ерда яна бир уй бор! 

Аввал тушунмадим. Кейин кўзларимга ёш қалқди. Болакайлар очиқчасига ўйинчоқ сўрашга уялиб, истакларини шу тарзда баён этиб, диққатимизни тортишганди.

— Сиз шу уйда яшайсизми?
— Ҳа.

Иккаласига битта копток совға қилдик. Хурсандчиликларини кўрсангиз эди.
Худди дунёнинг хадясини олгандай бахтиёр эдилар. 

Лекин қувончлари узоққа чўзилмади. Бир муддатдан сўнг, коптокка бир-бир қараб, хўрсиниб, ўзаро пичирлашиб олгач, айтмаса бўлмас бир гаплари борлигини эшитишим, билишим шартлигини айтиб, секингина қулоғимга шивирлашди;

— Холажон, аммо бизнинг уйимиз бутун. Фақирмиз, бироқ зилзиладан жабр кўрмадик. Бу совға бизга халол бўладими?

Ох...ох... болама!

Ўкириб йиғлаб юбормаслик учун лабимни тишладим. Уларнинг патаккина сочларини силаб, бағримга босдим. Юзларидан, коптокни омонат тутиб турган қўлчаларидан ўпдим ва бўғзимдаги йиғини аранг босиб, кўзчаларига мўлтирадим:

— Албатта, ҳалол болам! Мазза қилиб ўйнагин! 
— Ростдами? 
— Ҳа.
— Уйсиз қолган болаларга етмай қолмайдими?

Бошимни қимирлатиб, йўқ ишорасини қиляпману бўғзимга нимадир тиқилаверарди. Ютсам ютилмай, тақалиб қолаверди.
 
Атиги бир дона коптог-а?!
Сизларга ким шундай гўзал тарбия берди? 
Авлиёларми?
Вужудингизга шундай қалбни жойлаган ким? Фаришталарми?
Бутун мавжудотни яратган битта бўлса, нега биз сиз каби эмасмиз?! 

Бўғзимга тиқилиб турган нималигини энди билдим.
Топдим!
Тушундим!
Бўғзимдаги тиқин, қачондир билиб, билмай ютилган, эсимдан ҳам чиқиб кетган, ҳаёлимга ҳам келмаган харом луқмачалар эди.

Қайсидир бемор узатган қўл хаққи, кимдир берган совға, шоҳидан узилиб сўроқсиз ейилган мевалар, мен ўқиб қайтаролмаган китоб, мазасини билиш учун олиб чақилган писта, (семичка), қурутлар, довонда узатилган кулчалар, кеча бошим оғриганда ёрдам учун жўнатилган дорилар орасидан олинган биттагина хапдори...

Демак улар томоғимга тиқилиб қолганди! 

Қишлоқдан қайтар эканиз, кўз ёшларимни тия олмасдим.

Бугун кимга дуч келдик? Инсон болаларигами?

Балки улар асл инсоний фазилатларни эслатишга юборилган малаклардир. 

Шартакилик билан истагини айтмай, уйнигина кўрсатган, тақдим этилган ҳадяни халоллаб олган болалардай фитратимизни тозалай оламизми? 

Эх! Қани энди дунёдаги одамларнинг ҳеч бўлмаса тўртдан бири шу икки кичкинтой каби халол бўлсайди. 

Қани энди, ҳаммамизда шу фақир гўдакларнинг ярим виждони, ярим иймони, яримтагина пок қалби бўлсайди!

Муаззам Иброҳимова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар