Қурилиш ишларида талон-тарожликлар аниқланган Тошкент метроси зилзилабардошми?

24.02.2023 09:46

Бир кунда 350 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатадиган Тошкент метроси фавқулодда вазиятларга хусусан, зилзилага қанчалик чидамли?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда асосан ер усти метроси қурилмоқда. Бир неча бор унинг тўхтаб қолгани ёки турли носозликлар содир бўлгани ҳақида хабарлар берилди. Бу носозликлар турли сабаблар билан изоҳланди. Кейинги вақтларда дунёда зилзилалар сонининг кўпроқ ва оғирроқ оқибатлар билан кузатилгани сабабли турли иншоотларнинг зилзилабардошилиги шубҳа остига олинмоқда. Айниқса, бинолардаги ёриқлару қурилиш жараёнида муаммолар бўлган бўлса, кўпроқ хавотирга тушамиз.

Фотода 2022 йил август ойида «Буюк Ипак йўли» метро бекатида сув сизиб чиққани акс этган 

         Метро қурилишида зилзилага бардошлилиги инобатга олинганми? 

«Тошкент метрополитени» ДУК матбуот котиби Тўйчи Мирзаевнинг Rost24.uz сайтига берган маълумотига кўра, Тошкент ер ости ва ер усти метроси 9 баллик зилзилага бардошли қилиб қурилган.

Маълумот учун: 2021 йилда Тошкент метроси кузатилган муаммолар ортидан Транспорт прокуратураси «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг фаолиятини ўрганиб чиққан эди.

Ўшанда Республика транспорт прокурори Маъруфжон Хўжаев, метродаги муаммоларга айрим мансабдорларнинг вазифасига совуққонлик билан қарагани сабаб бўлганини айтган ва метрополитенда амалга оширилган қурилиш ишларида талон-торожликларга йўл қўйилганини қайд этган.

«Тошкент халқа йўли ер ости метрополитенида олиб борилган қурилиш ишларида 899 млн сўм талон-торож қилингани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари натижасига кўра айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланади», деган эди транспорт прокурори.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар