Касби туманида ҳам ўқитувчиларга мажбурий қуёш панеллари ўрнатилишига топшириқ берилган
Бундан бироз олдин Rost24.uz сайтида Қашқадарё вилояти Касби туманидаги мактаблар кўмир сабаб жаримага тортилгани ҳақида ёзган эдик. Энди навбат мажбурий обуна, солиқлар ҳамда қуёш панелларига келибди.
Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчиларидан туманнинг «Садоқат» газетасига ярим ёки бир йиллик мажбурий обуна бўлиш талаб қилинмоқда. Бундан ташқари ўқитувчиларнинг ер, мол-мулк солиқларини тўлатишни ҳам мактаб раҳбариятининг зиммасига юклатилган.
Энг асосий масала эса ҳар бир мактабдан бир нафар ўқитувчи қуёш панелини ўрнатишга мажбурлашяпти. Бунинг учун 5 йилга 15% кредитга 60 млнгача қувватига қараб қуёш панеллари олишига тўғри келади. Агар қуёш панель олишга рози бўлинса, ўрнатиб ҳам кетар экан, агар қуёш панель ўрнатадиган ўқитувчи топилмаса, яна балогардон раҳбарият бўлади.
Бу йил 1 майдан фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларга қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган эди. Аммо қарорнинг ҳеч бир жойида мажбуран ўрнатилиши кераклиги ҳақида айтилмаган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги банкирлар оддий аҳолини қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаётгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Демак энди навбат ўқитувчиларга, кейинги навбатда ким экани қизиқ.
Қарорга кўра, қуёш панелларини ўрнатиш имтиёзли кредит асосида берилиши керак. Буни эса халққа тарғибот орқали етказса бўлади. У ҳақиқатда халққа фойда ва имтиёзли эканини билса одамлар ўзи бориб, ҳатто навбатда туриб ҳам ўрнатишар эди. Мажбурий-ихтиёрий усул эса шу вақтгача ўзини оқламаган.