Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманидаги 55 сонли мактабга ташрифида мактаб директорларининг эркин эмаслигини, тумандан қандай топшириқ берилса, шуни сўзсиз бажаришларини танқид қилган эди. Президент ўз нутқида энди мактаб директорлари эркинроқ ишлаши кераклигини ҳам айтиб ўтган эди.
Аммо бу сўзлар Қашқадарё вилояти Касби туманидаги мактабларга тегишли эмасми?
Rost24.uz сайтига Қашқадарё вилояти Касби туманидаги мактаблардан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, тумандаги мактабларда 23 январдан ўқиш бошлангач, мактаблар иссиқлик ҳолати текширилган ва ҳолат талабга жавоб бермаган. Шундан сўнг Касби туман прокуратураси томонидан қишки мавсум учун ажратилган кўмир захираси ҳам текширилган. Фойдаланиш учун ажратилган 20-25 тонналик кўмирдан баъзи мактабларда 5 тонна, баъзиларида эса 10 тонна кам чиққанлиги сабабли, мактаб директорлари ва хўжалик мудирларига прокуратура томонидан жарималар қўлланилган.
Мурожаатчиларнинг айтишича, бу йил қиш одатдагидан совуқ келганлиги сабабли, кўмир кунлик нормадан кўпроқ ёқилган ва бу кўмирнинг кам чиқишига сабаб бўлган.
Аслида мактабларни қишки мавсумга тайёрлаш вилоят ва туман ҳокимликларининг вазифасига киради. Мурожаатни ўрганиш чоғида Касби туман ҳокими билан ҳам боғландик. Аммо ҳоким бундай вазиятдан хабари йўқлигини, аксинча, бизга мурожаат қилган мактабларнинг қайсилиги ва мурожаатчининг кимлигини очиқлашимизни хоҳлади. Аммо мурожаатчиларнинг илтимоси билан, уларнинг шахси сир тутилди. Бундан ташқари мурожаатчиларимизнинг сўзларига кўра, мактаблар кўмирдан бошқа қишки мавсум учун ўтин, печ, мўриларни тозаловчи, плёнка каби маҳсулотлар билан ҳам таъминланиши керак эди. Аммо бундай шароитлар яратилмагани етмагандек, текширувлар ўтказилиб, турли жарималар қўлланилган.
Мактаб директорлари ва хўжалик мудирлари туман прократурасига бирма-бир чақирилиб, камомад учун берилган жаримани тўлаш талаб қилинган. Далолатнома тузилиб, имзолатиб ҳам олинган. Бундан ташқари жарималарни кейинги ойнинг бошига қадар тўлаш ҳақида тушунтириш хатлари ҳам ёзиб олинган.
Шунингдек, умумхалқ ҳашарига деб мактаб ўқитувчиларидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида пул йиғиб олинган. Ўқитувчилар пулни қурблари етганча йиғиб беришган. Ўқитувчилар пахта териш, кўча тозалаш каби ишларидан озод қилинганига ҳали кўп бўлмади. Энди пул йиғиш муаммоси чиқдими?
Мазкур ҳолатга мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.