Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги 5 та радарга 320 миллион сўм ажратди. Шаҳар ИИБ хатида бу маблағни бир ойга қолмай оқланиши асослаб берилган.
Шаҳрисабз шаҳар ҳокими, шаҳар кенгаши раиси А. Сулаймонов 16 февраль куни «Шаҳрисабз шаҳар маҳаллий бюджетининг 2023 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Унга кўра:
- «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Шаҳрисабз шаҳрида манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари хариди учун 170 миллион сўм;
- Шаҳар марказида ўрнатиладиган «Янги йил» арчаси безаклари ҳамда кўчаларни ободонлаштириш, байрамона рангли ёруғлик чироқлари билан кўкаламзорлаштириш ва безаш харажатлари учун 180 миллион сўм;
- Марказий кўчаларда транспорт воситаларининг
ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тезликни қайд этувчи 1 дона фоторадар қурилмаси ва 4 дона онлайн радар макети хариди учун 320 миллион сўм Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш сақлаш департаментига ажратилган.
Ушбу харажатларга асос сифатида келтирилган хатлар орасида Шаҳрисабз шаҳар ИИБ раҳбари Б. Мирзаев томонидан ўтган йил 4 ноябрь куни имзоланган хат ҳам бор.
Эътиборлиси, айнан ушбу хатда радарлар ёрдамида жиноятчиликни ва қоидабузарликларни олдини олиш эмас, балки даромад воситаси эканлигига урғу берилган.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлими ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги ПҚ-190-сонли қарорнинг 4-бандига асосан» Туман(шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидаларни бузилишни қайд этувчи ва махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий техник воситаларни ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман(шаҳар маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилма ривожлантириш, шунингдек йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларни киритишга сарфланади «деб кўрсатиб ўтилган», деб эслатилади хат дебочасида.
Хатдан кўринадики, вилоят йўл ҳаракат хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситаларнинг ҳаракат тезлигини онлайн режимда назорат қилиб бориш учун 5 дона қўзғалмас фото радар мосламалардан хизматда фойдаланилмоқда.
Шунингдек, бу камералардан қанча пул тушиши ҳам ҳисоб китоб қилиб берилган ва унда бир дона радардан бир кунда ўртача 45 миллион, 1 ойда 1 миллиард 350 миллион маблағ тушиши, ҳокимият ҳам уларнинг ҳар биридан 464 миллион маблағ ишлаб олишига ишора қилинган. Демак, бешта янги радарли камералардан бир ойда ўртача 6 ярим миллиардга яқин жарима пуллари келиб тушади.
«Ҳисоб-китобларга кўра бир дона тезлик ўлчаш жамланмаси ёрдамида бир кунда ўртача 150 та қоидабузарлик аниқланса, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-моддаси 1-қисмида бу каби ҳуқуқбузарликлар учун 300000 сўм жарима белгиланса, бир кунда 45 миллион сўм, 1 ойда, 1 млрд. 350 млн. сўмни ташкил этишини ва ПҚ-190-сонли қарор талаблари бўйича ундирилган жариманинг 30% бевосита шаҳар (туман) маҳаллий бюджетига йўналтирилганлиги ҳисобга олсак тахминан бир ойда 464 млн.300минг сўм пул маблағлари маҳаллий ҳокимиятлар ҳисоб рақамига келиб тушиши, қўзғалмас фоторадар қурилмасининг сотиб олиш учун кетадиган маблағ узоғи билан 1 ой ичида қопланиши мумкин. Бу биргина иқтисодий фойда жараёни юзага келтириш билан бир қаторда содир этилиши мумкин бўлган оғир турдаги фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларни олдини олишга хизмат қилиб, ҳар ойда маҳаллий ҳокимиятлар ҳисоб рақамига 464млн.300 минг сўм пул маблағлари келиб тушади», деб келиб тушиши мумкин бўлган пул қайта эслатиб ўтилган.
Хатда қанча маблағ тушиши ҳақида рақамларни учратасизу, лекин, қоидабузарлик қанча камайгани ҳақида маълумотларга кўзингиз тушмайди. Бу эса камераларни ўрнатишдан асосий мақсад иқтисодий фойда эканда, деган хулосага келтириши табиий. Ҳокимият ва ички ишлар органларини жарималардан тушадиган маблағга кўз тикиб ўтириши ва имкон қадар радар ўрнатиб фойда кўришни кўзлаши қанчалар тўғри? Аслида, ҳокимлик, ҳукумат вазифаси йўлларни соз сақлаш, аҳоли учун имкон қадар қулай шароитлар яратиш эмасми? Бу «фойдали» ғояни шаҳар депутатлар кенгаши ҳам ортиқча эътирозсиз қабул қилиб қўя қолган. Қолаверса, кетказилган харажатларни бир ойдан кўп вақт ўтмай қопланиши ҳам унча бунча бизнес тузилмаларида кам учрайдиган жараёндир.
Одатда кўп ҳудудларда жарима тўлаётан ҳайдовчилар йўллар таъмирсиз ва йўл белгиларининг қўйилмаганлиги ҳақида шикоят қилишади, Лекин энг таъмирсиз йўлда ҳам энг сўнгги русумдаги замонавий камераларни бемалол учратасиз.