Сайёҳликми ёки қариндош-уруғчилик? Рақамлар қай бири ҳисобига ортмоқда?

16.02.2023 11:46

Статистика агентлиги 2023 йилнинг январь ойида 423,7 минг нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрганини маълум қилди.Хабарда бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 254,1 минг нафарга ёки 2,5 бараварга ошгани қайд этилган.

Бу хабарни ўқиганда Ўзбекистонга хорижлик сайёҳларнинг қизиқиши ортиб бораётган эканда, деган фикр туғилиши табиий. Лекин чет эл фуқароларининг сафар мақсадларига эътибор қаратилса асосан қариндошларни йўқлаш (бир ойда 379,6 минг киши) устун эканлигини кўриш мумкин. Бу умумий соннинг салкам 90 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонга дам олиш мақсадида келувчилар эса бор йўғи 26,9 минг киши, яъни умумий келганларнинг 6.35 фоизини ташкил этган. Шунингдек, хизмат юзасидан – 8,2 минг, даволаниш – 5,0 минг, тижорат – 2,8 минг ва ўқиш мақсадида – 1,2 минг киши келган.

Статистика агентлиги эълон қилган яна бир маълумот ҳам муҳим. Бу Ўзбекистонга январь ойида энг кўп қайси давлатларнинг фуқаролари ташриф буюргани ҳақидаги рақамлардир.

Қайд этилишича, энг кўп Тожикистон (139,6 минг нафар), Қозоғистон (116,6 минг нафар), Қирғиз Республикаси (103,2 минг нафар) каби чегарадош мамлакатлар фуқаролари келган. Шунингдек, уруш сабабли санкцияларга дучор бўлган Россия (41,9 минг нафар) фуқароларини ҳам аввалгига қараганда кўпроқ келишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Бу рақамлар фақат яқинларини кўриш учун чегарадан ўтишга мажбур ён қўшнилар эмас, дунё туризм индустриясидан хабардор потенциал сайёҳларга Ўзбекистон қизиқарли бўлиши ва айнан туристик мақсадда танлаши учун ҳали қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга 2022 йилнинг январь—декабрь ойларида 5,2 миллион нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда ташриф буюргани Статистика агентлиги хабарида  қайд қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 3,4 миллион нафарга ёки 2,8 бараварга ошгани рост, лекин ўтган йили ҳам асосий ташриф буюрувчилар Қозоғистон (1551,1 минг нафар),Тожикистон (1447,8 минг нафар),Қирғизистон (1356,9 минг нафар) фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар