Ўзбекистонда талабалар сони бир миллиондан ошди, шароитларчи?

14.02.2023 17:32

Талабалар сони 2017 йилдан буён уч баробарга ортди.  5 йил олдин 314 мингдан ортиқ дейилган бўлса ҳозирда бир миллион нафардан кўпроқ талаба таҳсил олмоқда. Хўш соннинг ортиши сифатнинг тушишига хизмат қилмаслиги учун ҳам чоралар кўрилганми? Rost24.uz мухбири қамровнинг ортиши ортидаги муаммоларни ўрганди. 

ОТМда таълим олаётган талабалар сони бир миллиондан ошган. Бу рақам йилдан йилга ошиб бориши баробарида талабаларга яратилаётган шароитлар, хусусан ётоқхоналар билан қамраб олиш муаммолари борган сари жиддий масалага айланмоқда. 

Ҳар йили таътил тугаши даврида улкан бир мавсум бошланиши одатий ҳолга айланди. Хусусан, пойтахтда ижара нархларининг кескин кўтарилиш, хонадон эгаларининг ижарачи танлаш даври айнан талабаларнинг шаҳарга қайтиши билан боғлиқ.

Бу борада давлат томонидан кўрилаётган чоралар қоғоздаги каби чиндан ҳам сезиларли ечим бўлмоқдами?

Сўнгги беш йилда таълим соҳасида президентнинг 100 га яқин фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 220 дан ортиқ қарорлари қабул қилинди. Ҳар йили давлат бюджетининг катта қисми ижтимоий харажатлар, жумладан, таълим харажатлари учун ажратилади. 2022 йилнинг 9 ойлигида болалар боғчалари, мактаб, олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларининг сақлаш харажатларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 26,4 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Мазкур 9 ойда Олий ва ўрта махсус таълим соҳасига 2,7 трлн. сўмлик бюджет маблағлари ажратилган. Сўнгги беш йилда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги ОТМлари ҳамда уларнинг филиаллари барпо этилган.

Ҳозирда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси жами битирувчиларга нисбатан 38% ни ташкил этади.

Хўш, кундан кунга сони ошиб бораётган талабалар асосан қаерда яшашмоқда?

Талабалар турар жойлари муаммоси ўтган ўқув йилида юқори даражага кўтарилгач, давлат-хусусий шериклик ва давлат олий таълим муассасасининг буюртмаси асосида талабалар турар жойини барпо этиш дастури доирасида 43,2 млрд.сўмлик маблағлар ўзлаштирилиб, 2 та янги талабалар турар жойи барпо этилган, турар жой сиғими 92351 ўринга етказилган эди. Бу билан талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражаси эҳтиёжга нисбатан 43,7%ни ташкил этган.

Талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида берилган ваъдалар, кўрсатилган рақамлар кўнгилни бироз хотиржам қилишга етади, аммо ҳақиқий аҳвол қандай?

2022 йил августда АОКАда ўтказилган брифингда 2022 йилда олий таълим муассасаларида жами 18 800 ўринли 47 та талабалар турар жойини барпо этиш белгилангани, республика бўйича жами 30 890 ўринли 60 та талабалар турар жойини қуриш лойиҳалари амалга оширилаётгани, давлат хусусий шерикликдан ташқари бўлган ётоқхоналар қурилиши лойиҳалари доирасида жами 10 090 ўринли 21 та ётоқхона қурилаётгани, 16 050 ўринли 30 та лойиҳада қурилиш ишлари қизғин олиб борилаётгани айтилган. Собиқ вазир А. Тошқулов эса, сентябрь ойида 60 та ТТЖда қурилиш, тендер, лойиҳа жараёнлари кетаётгани, шундан 38 тасида қурилиши ишлари олиб борилаётганини айтган

Аммо...

Хусусан, пойтахтда талабалар турар жойлари оммавий муаммо сифатида кўтарилгач, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев талабаларни Tashkent Index ҳудудидаги 10 минг ўринли бинога жойлаштириш таклифини билдирган эди.

Тashkent Indexда ташкил этилган Талабалар ётоқхонаси фойдаланувчилари истагига кўра, улар ўқишдан бўш вақтларида иш билан банд бўлишлари таъминланиши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мажмуада яшаётган талабалар учун Сергели йўналиши метросигача бепул автобусларни ҳам йўлга қўйишни режалаштиргани, ёрдамга муҳтож талабалар учун ҳам алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланган эди. Маълум бўлишича, мажмуага жойлаштирилган талабалар мазкур ҳудудда яшаш учун 2 йиллик шартнома тузишган ҳамда нисбатан кам миқдорда ойлик тўловларни тўлаб келишган.

Январь ойидаги икки ҳафталик аномал совуқ даврида эса талабалар мазкур ҳудуддан чиқариб юборилган. Балки собиқ ҳокимнинг ишдан кетиши ортида бўлган мазкур ҳолат учун ҳеч бир ташкилот тайинлироқ жавоб бермади ва талабалар айнан кимнинг буйруғи асосида чиқариб юборилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. ОТМлар маъмуриятлари совуқ бўлганлиги туфайли талабалар ўзлари буни ёппасига исташди дейишди, мажмуа маъмурияти бу «оммавий кўчиш»га мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди, талабалар эса шундай совуқда бу ерни тарк этиш буюрилганини ва бундан норозиликларини билдиришган.
 

Мазкур масала билан ҳеч бир мутасадди шахс шуғулланмади, шунчаки ҳеч нарса бўлмагандай жим туришди ва талабалар шаҳарга «сингиб» кетди. Умуман олганда Ортиқхўжаев талабаларни ўзига тегишли савдо мажмуасига жойлаштиришга мажбур ҳам эмас эди, аммо талабалар чиқариб юборилгани юзасидан жавоб бериши лозим бўлган мутасаддилар бор эди. Масалан, янгидан тузилган вазирлик.

Ҳисоботларни тўлдирган ТТЖлар қаерда қуриляпти, айнан қурилиш жараёнлари қандай кетяпти, улар қачон битказилиб фойдаланишга топширилади?

Негадир ҳозиргача ТТЖлар ҳақидаги статистика ва ҳақиқий маълумотлар бир бирига мувофиқ келмайди, шунингдек берилаётган расмий маълумотлар ҳам мос эмас, маълумотлар ғоят усталик билан берилганки, «лойиҳада» дейилган ахборотнинг қачон амалиётга кириши номаълумлигича қолади, аммо статистикани кўтариш учун етади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йил 4 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда талабалар учун ётоқхона қуриш ишлари бошланмаганини танқид қилган эди. Шунингдек, ижарада турувчи талабаларга субсидия бериш учун ректорларга ўтган 2 ойда 24 млрд сўм берилгани, бироқ, атиги 5 млрд сўм ишлатилгани айтилган. «Бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинади», деган эди. Ҳозирча айнан шу сабаб туфайли ишдан олинган ёки жазоланган раҳбар кўрилмади.

Cтатистика агентлигига кўра Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 191 та, Олий таълим ва инновациялар вазирлигига кўра эса мазкур рақам 199 тани ташкил этади. Эътиборлиси ҳар икки рақам ҳам бугун эълон қилинди, лекин улар бир-биридан 8 тага фарқ қилмоқда. 

Вазирлик маълумотидан кўриш мумкинки, 2017 йилда ОТМ лар сони 77 та бўлган, Бу рақам ўтган даврда икки баробар ошди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар