«Президент очиқлик сиёсатини олиб боряптими, бу рақамлар очиқланиши керак»
12 ёшли қизалоқ билан содир бўлган воқеадан сўнг жамоатчилик фаоллари болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш учун қонунлар такомиллашувига беҳад эҳтиёж борлигини билдирмоқда.
Rost24.uz мухбири айни масалада Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева фикри билан қизиқди.
Унинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик жиноятларига доир статистикани ошкор қилиши шарт.
- Агар статистика бўлса эди, биз билардик ҳақиқий аҳвол қандайлигини. Бугун дунёда 120 миллион аёл зўравонлик қурбонига айланган ва Ўзбекистон ҳам бундан ҳоли, дея олмаймиз. Чунки биз бу борада аниқ рақамларни билмаймиз. Ҳозир мана очиқлик сиёсати. Президент очиқлик сиёсатини олиб боряптими, мен ўйлайманки, бу рақамларни барча тузилмалар очиқ беришлари керак. Агар бу борада шаффофлик бўлса, очиқлик бўлса, рақамлар ошкор қилинганида эди, қонунларни таҳлил қилиб кўришимизга имкон бўларди, - дейди у.
Сайёра Ходжаева аҳолининг ўлим жазоси борасидаги таклифига қуйидагича муносабат билдирди:
-2005 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ўлим жазосини бекор қилиш бўйича фармон чиқарди ва бу Андижон воқеаларидан кейин албатта, бир сиёсий қадам эди. Чунки Ўзбекистон ўшанда ҳар тарафлама санкцияларга ботиб кетганди. Нима учун мен, ўлим жазоси ҳақида гапиришга қарор қилдим, чунки ижтимоий тармоқларда бу борада муҳокамалар тўлиб кетди. Аммо Ўзбекистон ҳозир халқаро ҳамжамиятга аъзо бўлган, шундай экан, буни қайтариш нотўғри.
Майли, ўлим жазоси йўқ, аммо кастрация, деган жазо бор. Қозоғистон буни 2020 йилда жорий қилди, Қирғизистон ҳозир кўриб чиқяпти. Ўзбекистон эса арзимаган 3-5 йил ёки 360 соат мажбурий жамоат ишлари билан чекланмоқда. Бу жуда кам.
Шунингдек, ҳуқуқшуноснинг маълум қилишича, бугун Ўзбекистонда педофил жиноятларга нисбатан реестр (рўйхат) юритилмайди.
- Халқаро ҳамжамиятнинг асосий қонунчиликларида педофилияга мойил одамларнинг лавозимда ишлашига чекловлар бор. Бизда ҳам бу борада таклиф киритилган, аммо ҳали қонунчиликда бирор ўзгариш йўқ- дейди у.
Батафсил видеода кўринг:
Мафтуна Каримова