Абдулазиз Комиловнинг ўғлига тегишли компаниялар: авиаёқилғи етказишдан МДҲдаги йирик алкоголь дистрибюторлигигача

02.02.2023 08:46

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли МДҲ давлатларида алкоголь маҳсулотлари дистрибюторлиги билан шуғулланувчи йирик фирмага эгалик қилади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи катта завод ҳам унга тегишли эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақида давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берган. 

Бу маълумотларни ўрганар экан rost24.uz сайти Ўзбекистоннинг йирик амалдорининг ўғли яна бир қанча гигант компанияларга эгалик қилишини аниқлади.
 

Алкоголь ичимликлари қироли

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Қўқон биокимё» АЖ устав капиталидаги 99,7 фоиз давлат акциялар пакетини 277 млрд. сўмга «First Premium Alliance» МЧЖга сотилганини маълум қилган. «First Premium Alliance» МЧЖ таъсисчиси сифатида Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Комилов Дониёр Абдулазизович кўрилади.

Агентлик «Қўқон биокимё» АЖ нима учун айнан Дониёр Абдулазизович эгалик қиладиган фирмага сотилганини изоҳлаб ўтган. 

Унга кўра, компания таъсисчилари Тошкент шаҳрида алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик заводга эга ҳамда Компаниянинг Республикада ва МДҲ мамлакатларида йирик дистрибюторлик тармоқлари мавжудлиги тендер савдоларида эътиборга олинган. Шу билан бирга компания Legion, Lavini ва Duty Free халқаро аэропорти каби йирик савдо тармоқлари билан ҳамкорлик қилиб келиши қайд этилган. «First Premium Alliance» МЧЖ эса 2020 йилнинг сўнгги ойида рўйхатдан ўтган.

 

Дониёр Абдулазизовичга тегишли Metropol Group компанияси 2021 йилда Ўзбекистон маданий мероси объекти ҳисобланиб келган давлат хавфсизлик хизматининг собиқ марказий биносини сотиб олган. Бу ҳақида сайтимизда қатор мақолалар эълон қилинган эди.

Авиаёқилғи етказиб берувчи компания

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли яна қатор йирик компанияларга эгалик қилади. Хусусан Дониёр Комиловга тегишли “progressgortech-asia” компанияси турли авиакомпанияларни авиаёқилғи билан таъминлайди. Компания Туркманистон, Россия ва МДҲнинг бошқа нефтни қайта ишловчи етакчи компаниялари билан узоқ муддатли шартномаларга эга.

Шунингдек, Дониёр Комилов Delta Global Dynamics (бизнес ва бошқарув консалтинги), Gamma Insurance Biznes (ҳаётдан ташқари суғурта), Metropol Group (бизнес ва бошқарув бўйича консалтинг) компанияларига ҳам эгалик қилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
63
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар