Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ташкил қилинадиган танловларда нега шаффофлик таъминланмаган? Танлов ғолиблари орасида нега бир хил номлар кўп такрорланади? Ногиронлар учун йўналтирилган лойиҳаларга миллиардлаб маблағлар ажратилади, лекин улар имконияти чекланган инсонларни ҳаётини енгиллаштириш учун етиб боряптими? Мисол учун, нега ҳали ҳам кўзи ожизлар мактабга боришга 1 - 1 ярим соатлик йўлни босиб ўтиши керак?
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов Халқаро Пресс клубнинг навбатдаги сессияси давомида Rost24.uz мухбирининг саволларига қуйидагича жавоб берди.
- Олий мажлис ҳудудидаги жамоат фондининг ўз сайти, Телеграм канали бор. Телеграм каналда танлов эълон қилинади. Ҳужжатларнинг барчаси ҳам рўйхатдан ўтказилгандан кейин парламент комиссиясига топширилади. Шу билан бир қаторда ННТнинг Адлия вазирлигидан ҳамда агар оммавий ахборот воситаларидан бўлса АОКАдан, агар маҳалла бўладиган бўлса маҳалладан фаол иштирок этадими ёки уни устидан бирор бир камчилиги борми хат чиқарамиз. Шундан кейин бизда ишчи гуруҳ бор. Гуруҳ 7 кишидан иборат. Улар ҳар бир лойиҳани кўриб чиқади. Ишчи гуруҳни ўзида ННТларнинг раҳбарлари ҳам бор. Агар уларда ҳам лойиҳа шубҳа туғдираётган бўлса четдан одам чақиртирилиб ушбу лойиҳа кўрсатилади. Ҳамма лойиҳалар Парламент комиссияси ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилгандан кейин, Парламент комиссиясига олиб чиқилади. Улар бугун 23 кишидан иборат бўлаётган бўлса, ўша 23 кишининг барчаси ҳар бир лойиҳа учун овоз беради. Шаффофликда энг оқсаган жойимиз биз рақамлаштиришга ўта олмадик.
Энди 2023 йилда тўлиқ рақамлаштиришга ўтамиз. Шунда ҳар бир грант лойиҳалари доирасида 400-500 та бизга лойиҳалар келади.Шунинг ичидан 30, 31, 40 тагача лойиҳани биз молиялаштирамиз. Қолган 360 та келган лойиҳанинг ҳар бирига хат ёзишга вақтимиз ҳам йўқ. Чунки бизнинг жамоат фондида уч киши ишлайди. Биттаси бухгалтер, биттаси масъул котиб. Шу жараёнидан келиб чиқиб шаффофлик бўлиш мақсадида ғолиблар рўйхати тўлиқ ўзимизнинг сайтимизда бошқа Телеграм каналларда ҳамда йирик нодавлат нотижорат ташкилотлар ресурсларида эълон қилинади, -дея жавоб берди Отабек Ҳусанов.
Олий Мажлис сенати аъзоси Баҳодир Тожиев эса, «Лойиҳани кўришда битта ўринга 9та лойиҳа тўғри келаётганлиги ва 9 талабгор орасидан битта ғолиб деб топилишини айтиб ўтди.
- Бу ерда эътирозлар бўлади. Лекин қайси лойиҳа эгаси бизга мурожаат қилса, ҳаммаси очиқ тушунтирилади. 7 киши алоҳида баҳо қўяди. Ўша баҳо ҳисобланиб, энг юқори баҳо олган лойиҳани ғолиб деб топилади. Бу масалада албатта ишлашимиз керак. Буни 2023 йилдан тармоққа қўйиш режалаштирилмоқда. Кеча раҳбаримиз ҳам йиғилишда қаттиқ топшириқ берди. Жуда эътирозли гапни айтдингиз. Бу ерда инсон фактори бўляпти деб аниқ айта олмаймиз. Лойиҳа эгалари нега уларнинг лойиҳалари қайтганини ўзлари билади. Энг кучли ижтимоий, иқтисодий масалани ечадиган лойиҳалар бугун ғолиб деб топилмоқда.
Шунингдек, таклиф масаласида парламент комиссияси олий мажлис жамоат фонди ҳам агар сиз қачон айтсангиз худди мана шунақа қилиб интервью бўлса интервью қиламиз, дея жавоб берди. Аммо шу пайтгача Отабек Ҳусанов Rost24.uz сайтининг сўровларига жавоб бермаган.
Кўзи ожизлар масаласидаги учинчи савол эса бироз очиқ қолди. Бу бўйича Отабек Ҳусанов кўзи ожизлар жамияти раҳбари билан маслаҳатлашиб масалага ойдинлик киритишини айтиб ўтди.
Мутахассислар фикрича, Парламент комиссияси ННТларни субсидиялар, грантлар ва давлат ижтимоий буюртмаларида қўллаб-қувватлашига қарамай, ННТларни молиялаштиришнинг ички манбалари жуда чекланган.
2017-2021 йилларда, яъни тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1 270 дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ажратилган. 2023 йилда эса бир йилнинг ўзида ННТларга ажратиладиган маблағ 250 миллиард сўмни ташкил қилиши режалаштирилмоқда. Бу аввалги йилларга қараганда бир неча баробар кўп. Бироқ бошқа йўналишлар билан қиёслаганда нисбатан кам (қиёс учун - биргина Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига 2022 йилда 561 миллиард, 2020 йил учун эса 427,3 млрд. ажратилган экан).
Бу пуллар манзилли етиб борса, ҳисоботлар учун эмас, амалий натижалар учун йўналтирилса керакли натижага эришилади. Лойиҳалар учун маблағ ажратиш ва ҳисобот жараёнларининг шаффоф бўлиши эса уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.