Ортиқхўжаев «ҳасад» қилган Тошкентнинг янги ҳокими ким?

16.01.2023 12:32

Беш йилдан буён Тошкентни бошқариб келаётган тадбиркор ҳоким Ортиқхўжаевни ўрнига вақтинча тайинланган Бахтиёр Раҳмонов тизимга четдан келган одам эмас. У узоқ йиллар мобайнида ҳокимият тизимларида ишлаб келади, қатор туманларни ҳам бошқарган.  

Олмазор туманига ҳокимликка тайинланаётганда Жаҳонгир Ортиқхўжаев унга «Бахтиёр Султонович, мен сизга очиғи ҳасад қиламан. Нега? Чунки сиз ҳақиқий тажрибали ҳокимсиз. Сиздан кўп нарса ўрганса бўлади», деб янги ҳокимнинг келгуси ишларига муваффақият тилаган эди.

Ҳақиқатданам 2018 йилда 61 ёшни қаршилаган Раҳмонов бир неча йиллардан бери ҳали у ҳокимликда, ҳали бунисида раҳбарлик қилиб келарди.

Сўконғич ва муштумзўр раҳбар

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келаётганда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги маҳаллалардан бирининг раисини ҳақорат қилгани ва жисмоний куч ишлатгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Унинг бу ишини Маҳалла вазирлиги расман тасдиқлаганди: «Маълумотларга кўра, 9 май куни у „Уста Нормат» маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган, Б. Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилган. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича Б.Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланган, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилган», дейилади Маҳалла вазирлиги хабарида.

Кейинроқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олингани ҳамда вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилиши айтилди, лекин бу ўрганишлар натижалари жамоатчиликка эълон қилинмади. Катта эҳтимол билан ўшанда Раҳмонов умуман жазосиз қолдирилган. Rost24.uz томонидан ўша вақтда бу ҳақида мақола эълон қилинганди

Қайд этилганидек, 2021 йилнинг 11 июнь куни А.Икромов Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Исмат Ибрагимовнинг таклифига асосан Бош прокуратура ходимлари гувоҳлигида Б.Раҳмонов узр сўраган ва томонлар оғзаки яраштирилади. Иш юзасидан ҳоким ўринбосарига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган, иш тинчлик йўли билан ҳал бўлганига қарамай, шу кунинг ўзида, яъни 11 июнь куни кеч соат 22:10 да Б.Раҳмоновнинг акаси С.Раҳмонов ўзининг шериклари билан Тинчлик кўчасида А.Икромовни кўриб қолади ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, 9 майдаги ишга аслида Икромовнинг ўзи айбдорлигини айтишган.

Бу Раҳмонов билан боғлиқ оммага ошкор бўлган биринчи ҳолат эмасди. Бунгача яъни, 2019 йил август ойида интернетга ўша пайтда пойтахтнинг Олмазор туманини бошқарган Бахтиёр Раҳмоновнинг учрашуви аудиоёзуви тарқалган эди. Унда Бахтиёр Раҳмонов «йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётгани» айтилган. Йиғилиш иштирокчиларига бундай муносабати эса ўшанда у раҳбарлик қилаётган Олмазор тумани Президент томонидан танқид қилингани билан изоҳланганди.

Таржимаи ҳоли ҳақида қисқача

Бахтиёр Раҳмонов 1959 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 1981 йилда Киев муҳандислик-қурилиш институтини, 2000 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

У кўп йиллар давомида қатор раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.
2011−2016 йилларда у пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. Раҳмонов Олмазор, ундан олдинроқ — Сергели ҳокими бўлган. 2018 йил майидан Олмазор туманига раҳбарлик қилган. 2021 йил январида Тошкент шаҳри ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар