Коррупцияга қарши курашга бош бўлиши керак бўлган Сенатнинг ўзи икки кунлик тадбир учун 3 млрд 230 млн сўм сарфлади

11.01.2023 17:09

Олий Мажлис Сенати икки кунлик тадбирга 3 млрд. 230 млн. сўм, совға-саломларга 400 млн. сўм маблағ сарфлади. Совғалар орасида ҳар бири 1 млн. 70 минг сўмлик 150 та сумка, ҳар бири 387 минг сўмлик 15 дона ҳолва ва ҳар бир донаси 17 млн. сўм бўлган 5 дона сувенир ҳам бор.

Икки кунлик тадбир учун — 3 млрд 230 млн сўм.

Олий Мажлис Сенати 8-9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд. 56 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфлаганига Kun.uz эътибор қаратган эди. Маълум бўлишича, тадбирнинг жами харажатлари 3 млрд 230 млн сўмни ташкил қилган.

Сенатнинг бинолардан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси “Sky Events МЧЖ билан тўғридан тўғри шартнома орқали Конгресс марказининг ижараси ва кофе-брейк учун 957 млн сўмлик, Конгресс марказнинг заллари учун 1,2 млрд сўмлик ҳамда саммитга келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўмлик шартномалар тузган.

Конгресс-марказ ижараси ва кофе-брейк учун 957 млн сўм
Конгресс-марказ заллари ижараси учун 1,2 млрд сўм
Меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўм

400 млн сўмлик ҳашаматли совға-саломлар

Сенат 27-28 октябрь кунлари МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида иштирок этадиган меҳмонлар учун очилганига бир ой бўлган МЧЖдан қарийб 250 млн сўмлик ва яна ўнга яқин ЯТТлардан турли эсдалик совғалар сотиб олган. Сувенирлардан бири 17 млн сўмга тушган. Совға-саломларнинг жами харажати эса камида 400 млн сўмга тушган.

26 октябр куни имзоланган шартномага кўра, “Blue-White Pantera” МЧЖдан қарийб 250 млн сўмлик харид амалга оширилган. Сотиб олинган совғалар ичида 1 донаси 1 млн 70 минг сўмлик сумкадан тортиб, 387 минг сўмлик ҳолвагача бор.

Давлат реестрига кўра, “Blue-White Pantera” МЧЖ 2022 йил 20 сентябр куни рўйхатга олинган. Корхона Сенатдан 250 млн сўмлик буюртмани олган вақтида очилганига бир ой ҳам бўлмаган.

Шунингдек, парламент юқори палатаси якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) Сайдалиева Арофат Бахтиёровнадан 25 дони шарфни жами 10 млн сўмга сотиб олган. Бир дона шарф 400 минг сўмдан тушган.

ЯТТ Холбоев Баҳром Холиёр ўғлидан 28,4 млн сўмлик харид амалга оширилган.

Султанова Сурайё Тўлқиновна ЯТТдан эса 98 млн сўмлик харид амалга оширилган бўлиб: донаси 17 млн сўм турадиган сувинердан 5 та сотиб олинган. Бу қанақа сувенир эканига аниқлик киритилмаган.

Булар ҳаммаси эмас. Сенат Кенгашининг 2022 йил 20 сентябрдаги 409-сонли қўшма қарорига илова қилинган ҳужжатдан кўринадики, Сенат ўндан ортиқ ЯТТ, бир қанча ХК ва МЧЖлардан меҳмонлар учун эсдалик совғалар харид қилиши қайд этилган. Аммо давлат харидлари порталида қолган шартномаларни топишнинг имкони бўлмади.

Очиқ маълумотлардан мавжуд шартномалар ҳисобланса, Сенатнинг икки кунлик тадбирига келган меҳмонлар учун совғалари солиқ тўловчиларга камида 400 млн сўмга тушган.

Техник тизимлар учун 3,5 млрд. сўм

Сенат 2022 йил 1 апрелда UZINFOCOM билан серверлар, экранлар ва тизимларга техник хизмат кўрсатиш учун тўғридан тўғри шартнома тузган. Шартномага кўра, ушбу хизматларнинг ҳар ойлик харажати 349 млн сўм этиб белгиланган.

Йил сўнггига келиб, 15 декабрда Сенат ва UZINFOCOM ўртасида 1 апрелдаги шартномага қўшимча равишда техник харажатлар учун 3,1 млрд сўмлик шартнома тузган.

Шартномалардан кўринадики, Олий Мажлис Сенати 2022 йил апрелдан декабрга қадар серверлар, экранлар учун техник хизмат кўрсатиш ва овоз бериш тизимлари учун жами 3,5 млрд сўм маблағ сарфлаган.

Сенатнинг ушбу йирик харажатли шартномалари давлат тили – ўзбек тилида эмас, рус тилида тузилган. Қолаверса, бу техник харажатлар умумий ҳисоб-китобда берилган. 3,5 млрд сўмлик харажат ичига хакерлар ҳужумига учраган сайтга техник хизмат кўрсатиш ҳам кириши ёки кирмаслиги ҳақида маълумот келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 2 ноябр куни Сенат расмий сайтига киберҳужум уюштирилган эди. Натижада сайтга кириш бир муддат имконсиз бўлиб қолганди.

Сенат биносини тозалатишга 441,4 млн сўм

Мустақилликнинг 31 йиллиги муносабати билан Cенат биноларини тозалаш, ювиш ва озода сақлаш учун тўғридан тўғри ва комплекс экспертизадан ўтказмаздан шартнома тузиш учун “Royal logistika” МЧЖни танлаб олиш тўғрисида Сенат Кенгашининг қарори қабул қилинган.

2022 йил 30 августда “Royal logistika” МЧЖ билан 392,4 млн сўмлик шартнома тузилган, аммо 20 декабрда ушбу шартомага ўзгартириш киритилган ва харажатлар оширилиб, 441,4 млн сўмга етказилган.

Давлат реестрига кўра, “Royal logistika” МЧЖ 2020 йил июнда давлат рўйхатидан ўтказилган. Асосий фаолият йўналиши – қуруқликдаги йўловчи ташишнинг бошқа турлари. Корхонанинг 100 фоиз улуши Файзуллаева Нодира Хайрулло қизига тегишли экани кўрсатилган.

Маълумот учун, 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Сенатга 59,9 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган, лекин қонунга киритилган ўзгаришлар билан Сенатнинг харажатлари 69 млрд сўмга етган.

2023 йилги давлат бюджети билан, юқори палатага янада кўпроқ – 92,8 млрд сўм ажратилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
39
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар