Фазлиддин Ғойибназаров ва унинг шериклари овда олиб юрган қуроллар давлатга топширилди

10.01.2023 10:55

Сайтимизда “Ўзбек боксчиси Фазлиддин Ғойибназаровга чора кўриладими?” мақоласи эълон қилинган эди. 

Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда қайд этишича, ўрганишлар давомида 2022 йилнинг 30 декабрь  куни Тошкент вилояти Бекобод тумани Сирдарё дарёсида  фуқаро X.У томонидан қушлар овлангани ва ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар билан биргаликда спортчи Фазлиддин Ғойибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушгани ўз тасдиғини топган.

Ўрганишлар давомида овни амалга оширган фуқаро X.У нинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтганлиги аниқланди.

Бироқ, у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузганлиги ва бу билан табиатга зарар етказганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига асосан, ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан барча иштирокчилардан бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида тушунтириш хатлари олиниб, профилактик суҳбат ўтказилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар