Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан бири бўлган Рашид Қодиров қамоқдан озод этилди

05.01.2023 01:23

Ўзбекистон собиқ Бош прокурори, 2018 йил февралида қўлга олинган Рашид Қодировга Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Болтиқ бўйидаги уйлар... Қодиров ҳақида Президент нима деган? 

Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Андижонга қилган ташрифида Рашид Қодиров ҳақида қуйидагича фикр билдирган.

«Мана, Рашид Қодиров гуруҳи билан қамоқда ўтирибди. Миллион-миллион долларларни қайтаряпти. 2-3 ойдан кейин унинг ўзи телевидение орқали барчани қандай порахўр қилганини айтиб беради. Ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг АҚШ доллари олган. Ҳозир у барчасини қайтаряпти. Биргина ўғли миллиардер. Бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам, МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг 5 собиқ ўринбосарлари ҳам қамоқда. Уларнинг ҳаммаси ўғри. Қандай бўлмасин, мен ҳаммасини жойига қўяман. 

Уларнинг ҳаммаси Болтиқбўйида уйлар қурган. Ҳатто Амир Темур бунақа уйларда яшамаган. Бу кимнинг пуллари – халқники. Шу боисдан ҳам прокуратурада 70 фоиз ходим алмашди. Мен ҳаммани кечираман, аммо ўғри ва хоинларни кечирмайман. Мана шуни халқим билиши керак», - деган эди Президент.

Бироқ, Рашид Қодиров телевидение орқали барчани қандай порахўр қилганини айтиб берган эмас. Қодировнинг телевидениега интервью бермаганига Бош Прокуратура матбуот котиби ҳам изоҳ топа олмаган.

Ёпиқ суд ва 200 га яқин гувоҳларнинг кўрсатмалари…

«Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, Рашид Қодировга нисбатан суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилиб, 6 ойга яқин вақт давом этган. Суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатмалари текширилган, 200 га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек, жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинган.

Собиқ прокурорга суд ҳукми билан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. 

Хавфсизлик хизматидан прокуратурага…

Миллионлаб пора олишда айбланган Рашид Қодиров 1952 йил Андижон вилоятида туғилган. У 1975 йилда Тошкент Давлат университетининг юридик факультетини битиргач, Андижон вилоят прокуратурасида терговчи ва катта терговчи сифатида фаолият юритган. У 1980 йилдан ЎзССР хавфсизлик хизматида терговчи, 1991–1994 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари лавозимида бўлган. 1994 йилда Рашид Қодиров миллий хавфсизликдан Ўзбекистон Републикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимига ўтади. Орадан олти йил ўтиб у Бош прокурор этиб тайинланади.

Шу тариқа Қодиров 2015 йилгача Республика Бош прокурори лавозимида қолади. 2015 йилда истеъфога чиқарилган орадан 3 йил ўтиб суд  қилинади ва 10 йил озодликдан маҳрум этилади.

Маълумотларга кўра, Қодиров 2022 йил Конститутция куни муносабати билан авф этилганлар рўйхатида бўлмаган.

Ҳозирча, ўзбек медиаси собиқ прокурор Рашид Қодировнинг озодликка чиққани ҳақида маълумотларни кетма-кет улашмоқда. Расмий манбалар эса бу маълумотни инкор этмаган ҳолда, хабарни бошқа расмийлар тасдиқлаши мумкинлигига ишора қилмоқдалар. 

Rost24.uz'га Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш департаменти вакили ахборотни тасдиқламади ва инкор этмади ҳам. Департамент вакили маълумотни суд томонидан аниқлаштириш мумкинлигини айтмоқда. Олий Суд матбуот хизмати эса ҳозирча сўроқларимизга жавоб бермади. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар