Қонунлар устунми ёки қарорлар? Мутахассислар Таълим инспекциясининг тугатилишидан хавотирда

03.01.2023 22:24

Таълим инспекцияси бажараётан функциялар сабабли давлатга ҳар йили миллиардлаб маблағ тушум қилинган. Биздаги маълумотларга қараганда 2022 йил якуни бўйича ташкилот ҳисобидаги маблағ 60 миллиардга яқин бўлган. Йилни фойда билан якунлаган ташкилотни тугатилиши кимга фойда, кимга зарарлиги алоҳида таҳлил учун мавзу аслида. Қуйида фикрлари келтирилган мутахассислар эса асосан ҳусусий таълимга лицензия бериш ҳуқуқи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилаётгани сабабли ҳавотир билдиришган.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов бошқарувдаги оптималлаштиришда айрим жиҳатларни таҳлил қилар экан шундай асосларни келтириб ўтган:
 

 Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонун ҳужжатларидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонуности ҳужжатларидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармонлар ва қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак (Қонуннинг 2-моддасида Президент қарор ва фармонлари иерархия бўйича Конституция, қонунлар ва Олий Мажлиси палаталарининг қарорларидан кейинга қўйилган).

Шу ўринда қизиқ парадокс юзага келади.

Президентнинг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2023 йил 1 январдан тугатилган, унинг ваколатлари эса янги ташкил этилган иккита вазирлик (Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари) орасида тақсимланмоқда.

«Таълим тўғрисида»ги Қонунга кўра эса, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таълим тизимида ўқув-тарбия жараёни, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати устидан назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширадиган, таълим соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органидир». Яъни инспекция мустақил, вазирлик(лар) таркибида бўлмаган баҳоловчи орган сифатида тузилган эди, чунки вазирлик(лар) ва таълим ташкилотлари таълим сифатини аслидан кўра яхшироқ қилиб кўрсатишдан қайсидир маънода манфаатдор бўлади. Масалан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги олий категорияли ўқитувчилар улуши кўпроқ бўлишидан манфаатдор (ҳатто улар олий категория талабларига тўла жавоб бермаса ҳам), чунки статистикада чиройли кўринади.

Парадокс шундаки:

1) «Таълим тўғрисида»ги Қонунни ҳеч ким бекор қилгани ёки ўзгартиргани йўқ ва қонунга кўра, инспекция бор, Президент фармонига кўра эса - йўқ.

2) Мустақил баҳоловчи орган сифатида тузилган инспекциянинг ваколатлари вазирликларга бўлиб берилмоқда, яъни вазирликлар ўз ишига ўзи баҳо беради.

3) Нодавлат таълим ташкилотлари Халқ таълими (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими) вазирлигига ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига (ҳозирги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) бўйсунмайди, улар қайсидир маънода бу вазирликлар тизимига кирадиган давлат таълим муассасаларига рақобатчи. Шунда бу вазирликлар ўз рақобатчилари бўлган нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериб, улардаги таълим сифатига баҳо берадими? Вазирликлар ўз рақобатчилари ишига холис, объектив баҳо беришдан қай даражада манфаатдор?

Парламент бу борада бирон нима дейдими? Ёки жимгина қонунни фармонга мослаб қўядими?

Изоҳ: гап бу ерда Инспекция керак-нокераклиги, унинг қандай ишлаганлиги ҳақида ҳам эмас, балки ўзимиз чиқарган қонунларга ўзимиз риоя қилишимиз ҳақида, дейди Комил Жалилов.

Инспекцияни ёпилиши юзасидан Нодавлат ОТМлардан бирининг вакили Абдуқаххор Иминохун ҳам фикр билдирган:

«Мутахассислар учун савол

Бир давлат ташкилоти маълум бир соҳани ўзи лицензиялаши, яъни шу соҳада фаолият олиб бориш учун тадбиркорларга рухсатнома бериши ва айнан шу соҳада шу ташкилотнинг ўзи фаолият кўрсатиши мумкин эмас.

Сабаби бунда рақобат муҳити бузилади, манфаатлар тўқнашуви юзага келади ва бошқа қатор кўнгилсиз оқибатлар келиб чиқади.

Ислоҳотлар натижасида Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг функция ва вазифалари мос равишда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида тақсимланади деб хабар берилди.

Тўғри тушунган бўлсам, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги энди нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини лицензиялайди, яъни янги ташкил этиладиган нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилиши ёки ташкил этилмаслиги юзасидан қарор қабул қилади.

Бир вақтни ўзида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолият юритаётган, аввал ОЎМТВ тасарруфида бўлган барча давлат олий таълим муассасалари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади.

Бунда рақобат муҳитига зид ҳолат юзага келмайдими?

Саволнинг давоми: Аввал Таълим инспекцияси бевосита ВМга бўйсунадиган давлат органи сифатида таълим муассасаларидаги таълим сифатини объектив баҳолайди деб қаралар эди. Энди Таълим инспекциясининг функция ва вазифалари иккита таълим вазирлиги бўйсунувига ўтказилгач, ўзлари бевосита бўйсунадиган давлат ташкилотидаги таълим сифатини объектив баҳолашлари имконияти қандай?

Юқоридаги муаммоларнинг ечими олий таълим соҳасидаги давлат иштирокини кескин камайтириш, олий таълим тизимини бошқариш, лицензиялаш, аккредитация ва аттестация қилиш жараёнларини нодавлат секторга беришда деб биламан», дейди у.

Маълумот учун: Инспекция томонидан 2022 йилнинг ўзида 33 та нодавлат ОТМга лицензия берилган.

 


 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар