Кушербаевнинг кетиши жамоатчилик эътибори марказида. Олий Мажлис эса сукутда

23.12.2022 19:32

Депутат Расул Кушербаев ўз депутатлик фаолиятини якунлашга қарор қилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, жамоатчилик буни қизғин муҳокама қилмоқда. Кўпчилик бу қарорга қаршилигини билдиряпти. Президент унинг фаоллигини алоҳида қайд этган бўлсада, негадир бу қарорга нисбатан расмий муносабат берилгани йўқ. Олий мажлис қонунчилик палатаси ва унинг аксарият депутатлари бунга умуман муносабат билдиришгани йўқ. 

Олий Мажлисдан фақат Депутат Дониёр Ғаниев ўз эътирозини эълон қилди:

«Раҳмат сенга Кушербаев.

Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини тугатишга қарор қилибди. Парламент учун катта йўқотиш, афсус.

Расулнинг журъати, «дух»ига доим тан берганман, ҳар қандай қаршилик ва босимларга қарамай ўз принципларида қатъий туришига ҳавас қилганман. Тан олиш керак, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Гарчи Расулни ҳурмат қилсамда, лекин унинг бу галги қарорини унчалик маъқулламайман. Чунки Кушербаев кенг жамоатчилик учун айнан давлат раҳбари бошлаган сиёсий ислоҳотлар ютуғининг тимсолига айланган, мамлакатда кучли парламент ва демократик жамият қуришда кўпчиликка илҳомлантирувчи, умид берувчи шахс сифатида шаклланган эди. Унга минглаб сайловчилари ишонч билдирган, ундан депутат сифатида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишини кутишган.

Шу билан бирга, Расул бу қарорга осонликча келмаганига ҳам аминман. Эҳтимол бизга аён бўлмаган асосли сабаблари ёки шахсий муаммолари бордур.

Билишимча, депутатликдан кетишга ҳали расман ариза билан мурожаат қилмаган. Балки, сайловчилари фикрига қулоқ солиб, яна ўйлаб кўрар ва қарорини ўзгартирар. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам бу унинг шахсий қарори ва биз буни ҳурмат қилишимиз керак.

Ишонаманки, депутатликдан кетган тақдирда ҳам Расул Кушербаев халқ манфаатлари ва адолатли жамият барпо этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилишдан тўхтамайди».

Ижтимоий тармоқлар фаоллари бунга қандай муносабат билдирмоқда? 


Блогер Отабек Бакиров:
«Расулжонни тушунсамда, қилган ишини оқламайман. Расулжон улар бўлишини жуда жуда истаган ишни ўз ихтиёри билан амалга оширди».

Azon.uz раҳбари Мубашшир Аҳмад:

«Расул Кушербаев депутатлик мандатини топшириш жараёнларини бошламаган бўлса, уни фикридан қайтишга чақираман!
Бу майдон расулларга муҳтож, кетишига эмас! Улар кўпайиши керак, камайиши эмас!»

Kun.uz журналисти, Шуҳрат Шокиржонов:
«Расул Кушербаев шу ўлик парламентда қолса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, кетса ҳам. Кетиб тўғри қилди».

Ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқ:
«Расул Кушербаев депутатлик мандатини топширишни эълон қилибди. 36 миллионли халқ биттагина мандат берганди. Уят эмасми!?»

Блогер Отабек Артиков:
«Расул Кушербаев билан яхши илиқ муносабатдаман. Жуда самимий ва халқпарвар шахс. Депутатликдан нега кетмоқчи эканлиги сабаблари ҳақида сўрамадим, аммо Расул акани қарорларини ҳар қандай ҳолатда қўллаб-қувватлайман. Шунчаки Расул ака кетса бу катта йўқотиш бўлишидан хафаман. Расул ака биз сиз билан!».

«Микрофон кўтарган аёл» саҳифаси асосчиси Азиза Қурбонова:
«Ўзи яхши кўрадиган халқ учун, уни сайлаган одамлар учун системада туриб курашиш қийин, аммо фойдали, майдонни бошқаларга қулай қилиб ташлаб кетиш осон ва бу ҳаракатдан одамларга фойда бўлиши даргумон. Системани букилмас шахсиятлар тўғрилайди».

Блогер Шаҳноза Соатова:
«Ушбу эълон контексти жуда пессемистик бўлиб, афсус туйдим. Гарчи қарор сабаби аниқ айтилмаган бўлса ҳам, «бундай ишлай олмас эканман», «шунга мажбур бўлганимдан афсусдаман» деган ифодалардан Қонунчилик палатасида нимадир бўлгани ва Расул ундан норозилиги англашилади. Расул билан бир қанча масалаларда баҳсларимиз бор. Бироқ уни жонли ва жонкуяр депутат деб биламан. Умид қиламанки, вазият тез орада ижобий ечим топади».

Troll.uz блоги асосчиси Умид Гафуров:
«Баъзилар менга ҳам депутат бўлишни ёзишади. Бўлмайман. Бўлолмайман. Бу тизимда соғ одам ишлаши қийин. Соғни ё касал қилади, ё сиғдирмайди. Олий Мажлисда бугун байрам бўлса керак…”

“Platforma.uz” Телеграм блоги:
«Афсус, афсус, афсус...»
«Расул Кушербаевнинг сабр косаси тўлишига шу воқеа охирги томчи бўлган бўлиши мумкин» (2023 йил Давлат бюджети муҳокамасида депутатга У. Инoятовнинг сўз бермаганини назарда тутмоқда).
Шунингдек, блог муаллифи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Кушербаев ҳақидаги фикрларидан иқтибос келтириб, яна ўз фикрини давом эттирган:
«Шавкат Мирзиёев: Ҳар бир депутат қандай савол беришлариниям биламан, қандай депутат фидойи эканлигиниям биламан. Буни билишим шарт. Нимага десангиз халқ ноибларини, халқ вакилларини халқ уйидаги муносабати Президент учун жуда муҳим.
P/S: Давлат раҳбари депутатлар фидойилиги ҳақида гапирар экан, спикер Нурдинжон Исмоилов, биринчи ўринбосар Акмал Саидов ёки бошқа ўринбосарлар эмас, айнан Расул Кушербоев ва Дониёр Ғаниев кўрсатилишида ҳам ҳақиқат мужассам эканлигини билиш мумкин».

Kun.uz мухбири Илёс Сафаров:
«Кушербаевга сўз бермаслик Иноятовнинг шахсий ташаббуси эмас. Бу каби ишларга унинг кучи, тафаккури ва журъати етмайди. Бу аниқ. Бу ишлар кучлироқ эсаётган ва ўта зарарли шамолнинг натижаси (қани бундан ортиқча гап гапиролсам). Демоқчиманки, сабаблар ҳақида ўйлаётганда Иноятов омилини рўйхатингиздан чиқариб ташлайверинг».

Саноқли маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам фикр билдиришган.

Қибрай тумани маҳаллий кенгаш депутати Олим Сулайманов:
«Кушербаевнинг кетишини жамоатчилик фаоллари жуда оғир қабул қилмоқда. Биз Олий Мажлис Сенати раисидан ва Қонунчилик палатаси спикеридан:
— халқ депутатининг бундай қарорга келишига сабаб бўлган барча ҳолатларга аниқлик киритилишини ва ўртада қандайдир босим ёки тазйиқлар бўлган-бўлмаганлигига ойдинлик киритилишини талаб қиламиз!»

Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутати Нуриддин Зайнитдинов ҳам Кушербаев ортидан депутатликдан воз кечиши ҳақида маълум қилган.



@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
25.12.2022 17:09
Кушербаевнинг кетишидан парламент ютқазмайди, аксинча, ютади, аммо ХАЛҚ ютқазади