Танзила Норбоева қизининг уйига ўғри тушди — 12 500 доллар маблағ ўғирланди

14.12.2022 15:06

Ўғирлик тунда содир бўлди, шу вақтнинг ўзида 15 дақиқа ичида ушланиб, 15 дақиқада суд қилиниб, қамоққа олинган

Танзила Норбоеванинг қизининг уйида ўғирлик қилишда гумонланган аёл тунда қўлга олиниб, 15 дақиқа ичида судда айби бўйнига қўйилган. Шу билан бирга аёлга уни ечинтириб суратини эрига юбориш билан таҳдид қилингани айтилади.

Аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳисобланадиган Сенатимиз раиси Танзила Норбоеванинг фарзанди уйида ўғриликда гумон қилинган аёлга ечинтириш билан таҳдид қилинди.

Амалдор одамнинг уйига ўғриликка тушманг, деб ёзади “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов. Жамиятга келиб тушган шикоят аризасига кўра, шу йилнинг 2 декабрь куни фуқаро Д.Т. Танзила Норбоева қизининг уйидан 12 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғирлашда айбланган. У шу хонадонда энага бўлган. Гумонланувчини 2 декабрь куни соат 23.10 да Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 227-моддаси асосида ушлашган, уни ўғирликда айблашмоқда. Орадан ярим соат ҳам ўтмай 23.45 да жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси М. Кукиев энагани қамоққа олишга санкция берган.

Шунингдек, аёлга тергов жараёнида “ҳозир яланғоч қилиб, расмингни эринга юборамиз”, деган таҳдидлар ҳам бўлган, дейилади ҳуқуқ фаоли хабарида. 

Айни дамда ўғрилик содир бўлган уй эгасининг онаси Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида танилган шахс Танзила Норбоева ҳисобланади. 

Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси айбланувчига нисбатан тезкор равишда судьянинг тунда санкция бергани шубҳали туйилган.

Судьялар кенгаши матбуоти котибининг rost24.uz'га билдириши-ча, судьялар иш соати 09:00 дан 18:00 гача этиб белгиланган. Бироқ, санкция зарурати туғилса, судья кечаси ҳам иш жойига етиб бориши талаб этилади ҳамда бу жараён кўп вақт олмайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
61
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар