Президентнинг янги маслаҳатчиси республиканинг катта амалдорлари билан бирга қишлоқларда ётиб ишламоқда

04.12.2022 09:56

Раҳбарларининг қишлоқларда ётиб ишлаши ўз самарасини берадими? 

Президентнинг янги маслаҳатчиси собиқ Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат Республика Ишчи гуруҳи аъзолари тажриба сифатида танланган шароити оғир Оққўрғон туманида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Республика ишчи гуруҳи масъуллари бевосита чекка ҳудудлардаги қишлоқларда тунаб, ўша ерда маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда кўп йиллик муаммоларга ечим топишмоқда.

Шу кунга қадар Оққўрғон туманининг 27 та маҳалласида 12 мингдан зиёд хонадон, 350 та ижтимоий соҳа объектлари бевосита жойида ўрганилиб, жами 3 315 та муаммо аниқланди. Уларнинг 914 таси жойида ҳал этилди, 2 401 та масала бўйича ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланди. 

Жумладан, уйма-уй юриш натижасида аниқланган оғир шароитдаги, боқувчисини йўқотган 46 та ижтимоий қийин аҳволдаги оиланинг ҳомийлик асосида таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминотини янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, тиббий кўрикда турли касалликлар аниқланган 754 нафар фуқародан 100 нафари шифохоналарга ётқизилди, 654 нафарига малакали мутахассислар томонидан амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилиб, керакли дори-дармонлар етказилди. “Сути” маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд фуқаро М.Эгамбердиевнинг бош қисмидаги ўсмасимон ҳосиласи шифокорлар гуруҳи томонидан юқори технологик операция ўтказилиши натижасида тўлиқ бартараф этилди. 

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида туманниг 43 нафар фуқаросига 1 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида “Микрокредитбанк” томонидан 19 нафар фуқарога 382,2 млн. сўм кредит берилди.

Молия вазирлиги томонидан тумандаги ижтимоий соҳа объектларига – мактабгача таълим ташкилотлари ва тиббиёт бирлашмасига жорий таъмирлаш ва заур ускуналарни харид қилиш учун қўшимча 1,6 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Тумандаги йўл, коммуникация тармоқлари ҳамда инфратузилма ҳолатиги алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 133 та темир бетон таянчлар ўрнатилди. Шундан, “Жағалбойли” маҳалласида 57 та, “Маданият” маҳалласида 41 та, “Хосилдор” маҳалласида 35 та таянчлар янгиланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар