Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов амалдорларнинг ҳашаматга берилиши ва ахлоқсизликларини танқид остига олди
Акмал Бурхонов «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни ҳамон тушуниб етмаган давлат хизматчилари борлигидан ёзғирмоқда. У «8 ноябрь куни узоқ йиллардан бери кутилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, жойларда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Лекин, қонуннинг аҳамияти давлат хизматчисига қай даражада етиб борди?!», деган саволни ўртага ташлаган.
Шунингдек, Бурхонов амалдорларнинг одоб-ахлоқ масаласида оқсаётганликларини ҳам танқид қилган.
«Одоб-ахлоқ, очиқлик, давлат хизмати... Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда кўпдан бери муҳокама ва танқид қилинаётган мавзу. Аслида бу сўзлар моҳиятини ҳар бир давлат хизматчиси, қайси мансаб ёки лавозимни эгаллашидан қатъий назар, тушуниши лозим бўлган тушунчалардир.
Бироқ, айрим шахсларда ҳалигача давлат хизмати институти тушунчаси ва ушбу доира вакилларига қандай мажбуриятлар юкланганлиги тўғрисида тасаввур мавжуд эмас. Айниқса, республика ва маҳаллий даражадаги раҳбар кадрлар барчамизга, барча жабҳаларда, хусусан, ўзи ишлаётган ташкилотда коррупцияга қарши курашиш механизмларини ташкил этишдан тортиб, ҳар бир ходимининг фаолиятида ўрнак ва намуна бўлишлари лозим», деб ёзади у.
Бурхоновга кўра давлат хизматчилари ҳамон давлат харидларининг адолатли ва шаффоф ўтказилиши кераклигини англаб етмаган.
«Энг муҳими - улар бу соҳадаги сиёсий ирода ва амалга оширилаётган ислоҳотлар (ташкилотларда комплаенс-назорат тизимини жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини рейтинг баҳолаш ва давлат идоралари фаолиятининг максимал даражада очиқ бўлиши, давлат харидларининг адолатли ва шаффоф ўтказилиши ва ҳоказо)ни англаб етиши зарур.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга масъул бўлган идора ҳисобланади. Лекин, ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг фаолияти ва обрўси учун, коррупциявий хавфлар учун, шу жумладан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши учун шахсан жавобгар эканлигини тушуниб етиши керак»
Бурхонов амалдорлар орасида урчиган ҳашамдорликка берилиш «касал»ини ҳам тилга олган.
«Афсуски, бугун биз давлат хизматчилари томонидан давлат хизматига хос бўлмаган - ғайриахлоқий ҳаракатлар, ҳашамдорликка берилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби ҳолатларни учратяпмиз ва бу ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни узоқ йиллардан бери кутилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, жойларда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Лекин, қонуннинг аҳамияти давлат хизматчисига қай даражада етиб борди?!»
Қатор камчиликларни тилга олган Бурхонов агентлик томонидан аниқланган жиноят ва коррупцион шартномалар бўйича рақамларни очиқлаган.
«Биргина шу йилнинг ўзида Агентлик томонидан давлат харидлари соҳасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича масъул давлат идораларига 121 та тақдимномалар киритилиб, улардан 110 таси қаноатлантирилган ҳамда 314,7 млрд. сўмлик шартномалар бекор қилинган.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахсларга нисбатан 22 та жиноят ишлари қўзғатилган, 41 нафар шахслар маъмурий, 9 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилган. 1,625 нафар турли даражадаги давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига чек қўйилди. Агентлик томонидан кўриб чиқилган 373 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг 242 тасида коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритилди», дея маълумот беради А. Бурхонов.