Салим Абдувалиев раислигидаги Спорт курашлари ассоциациясига 1 ойда 1 миллиарддан кўп маблағ ажратилган

18.11.2022 17:25

Миллий олимпия қўмитаси тарафдан турли спорт ассоциацияларига миллиардлаб маблағлар ажратилмоқда. Шу вақтгача Танзила Норбоева, Содиқ Сафоев каби асосан амалдорлар раҳбарлик қилувчи федерациялар миллиардларни қандай сарфлаётгани ҳақида мунтазам шаффоф ахборот бериб бормаган. Ҳатто айрим федерациялар ахборот сайтига ҳам эга эмас. Бир неча ой аввал прокуратура қатор федерацияларда миллиардлар талон-тарож қилингани юзасидан маълумот берган эди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Париж-2024 халқаро спорт мусобақасига спортчиларнинг машғулотлари учун миллиардлаб маблағлар ажратмоқда. Жумладан, биз охирги уч яъни август, сентябрь, октябрь ойларидаги харажатларни келтирамиз. Август ойида ўқув-машғулотлар йиғинларини ўтказиш учун 10 млрд.дан зиёд (10 323 511 659 сўм) миқдорида умумий маблағ ажратилган. Ушбу маблағ 22 та ташкилотга тақсимланган бўлиб, энг кўпи Салим Абдувалиев раислигидаги Спорт курашлари ассоциациясига 1 миллиарддан зиёд (1 351 922 275,0 сўм) ҳамда Азиз Комилов раислигидаги Дзюдо федерациясига қарийб 1 млрд. (959 418 182,0 сўм) ажратилган. Сентябрь ойида машғулотлар учун умумий 23 та ташкилотга 10 миллиарддан (https://olympic.uz/oz/news/3529) зиёд (10 270 304 140 сўм) ҳамда октябрь ойида 18 та ташкилотга умумий 6 млрд.дан зиёд (6 550 241 180 сўм) миқдорида маблағ ажратилган. Аммо ҳар икки ойда ҳам қайси ташкилотга қанча маблағ ажратилганлиги ҳақида алоҳида маълумотлар келтирилмаган.

Маълумот учун, охирги уч ойлик муддатдан олдинги ойларда ҳар бир ташкилот ҳамда сарф-харажатлар суммаси статистика сифатида келтириб ўтилган. Бироқ мазкур маблағ қандай сарфланаётгани ҳақидаги маълумотларни топиш мушкул бўлмоқда. Қонунчилик талабига кўра улар очиқ бўлиши керак эмасми?

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Каратэ, Сузиш ҳамда Шахмат федерацияларидаги коррупцион ҳолатлар бўйича хабарлар тарқалган эди. Хусусан, шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовнинг отаси фарзандининг тренерига ўз чўнтагидан пул сарфлаганлигини айтган. Сузиш федерациясида 1 млрд сўм талон-тарож қилинганлиги, Каратэ федерацияси собиқ раҳбарларига нисбатан иш очилганлиги ҳақида хабарлар берилган. Бундай коррупцион ҳолатлар кузатилса, статистикада ҳам охирги ойларда қайси ташкилотга қанча сумма ажратилганлиги ҳақида маълумотлар берилмаса, ажратилаётган харажатлар шубҳа остида қолмайдими? Яна бир эътиборимизни тортган тарафи Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ташкилотларга баъзи ойларда кўп, баъзи ойларда кам  маблағлар ажратилган. Очиқ маълумотлар саҳифасида эса, бунга алоҳида тушунтириш берилмаган.

Биз спортни ривожлантиришга, олимпиадалар, турли мусобақаларда спортчиларимизни иштирок этиши учун маблағ ажратилишига қарши эмасмиз, фақат шаффофлик таъминланганда бу маблағ ўз мақсадида ишлатилади, деган фикрдамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар