Шу вақтгача Ўзбекистонда регби федерацияси мавжудлиги ҳақида эшитганмисиз? Регби бўйича Ўзбекистон қачон юксак марраларга эришган? Ўзбекистонда регби федерацияси борлиги сезилмасада унга ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада.
Хусусан, 2022 йилнинг январь ойида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев раислик қилаётган регби федерацияси учун 234 360 000 сўм маблағ ажратилган. Сафоевнинг ҳамкасби Сенат раиси Танзила Нарбаева раислик қилаётган Ўзбекистон велосипед спорти федерациясига 744 759 570 сўм ажратилган. Бундан ташқари федерацияларга яна тўғридан-тўғри ажратилувчи маблағлар ҳам мавжуд. Миллий Олимпия қўмитасининг маълумотига кўра, ушбу маблағлар январь ойида терма жамоаларнинг Осиё ўйинлари ва Олимпия ўйинларига тайёргарлиги учун сарфланган.
2021 йил 30 декабрдаги «Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунда Париж — 2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун 2022 йилда Миллий олимпия қўмитаси, Олимпия спорт турлари ва уюшмаларига 135,0 млрд.сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
2022 йил январь ойи якуни бўйича Ханчжоу — 2022 Осиё ўйинлари ва Париж — 2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган 19 та спорт федерация ва уюшмалардан 17 тасининг берган буюртмалари асосида ажратилган маблағлардан маҳаллий ҳамда халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун 7 миллиард 897 миллион 416 минг 763 сўм маблағ ажратилган.
Шу билан бирга, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва уюшмаларнинг устав харажатлари, миллий терма жамоа спортчилари учун анжом ва махсус экипировкалар хариди, уларнинг тиббий-биологик таъминоти билан боғлиқ харажатлар федерация ва уюшмаларга тўғридан-тўғри молиялаштирилади.
Rost24.uz сайти федерациялар учун ажратилган маблағлар ўтган бир ойда қаерга сарфлангани ҳақида мутасаддилардан изоҳ сўрайди. Миллиардлаб маблағлар сарфлаётган федерациялар нега олимпия ўйинларида ўзларини кўрсата олмайди? Бу борада қўшимча ахборот тақдим қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, бугун Рустам Шоабдураҳмонов ўз аризасига биноан Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимидан кетди.
Қуйидаги жадвалда яна 17 та федерацияга январь ойи учун ажратилган маблағлар билан танишишингиз мумкин: