АҚШ ҳали ҳарбий учоқларни Ўзбекистонга бериш бўйича бир тўхтамга келмаган

17.11.2022 16:57

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиси Жонатан Хеник Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига ўтган ҳарбий учоқлар тақдири ҳақида маълумот берди. 

Элчи Жонатан Хеникнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳали бу учоқларни Ўзбекистонга бериш ҳақида бир тўхтамга келган эмас.

“АҚШ Ўзбекистон билан чегараларни қўриқлаш ва терроризмга қарши курашда аллақачон яқин ҳамкорлар ҳисобланади. Биз бу жабҳаларда турли лойиҳаларни амалга ошираяпмиз. Ҳарбий учоқлар масаласига тўхталсак бу бўйича давлатларимиз орасида муҳокамалар бормоқда ва ҳозирча бир тўхтамга келганимиз йўқ”, деди элчи Жонатан Хеник. 

Жонатан Хеник бу ҳақида Тошкентдаги элчихонада журналистлар билан ўтган “Пресс-Гап” учрашувида Gazeta.uz мухбирининг айни мавзу юзасидан берган саволига жавобан айтиб ўтган.

Politico нашрининг маълумотига кўра, Афғонистондан Ўзбекистонга ўтган 46 ҳарбий техника ичида, C-208 ва A-29 Super Tucano самолётлари, Ми-17, Ми-25, UH-60 Black Hawk вертолётлари борлиги айтилади.

Эслатма: Афғонистонга толибон ҳукуматининг келиши арафасида эликка яқин ҳарбий учоқлар Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасини кесиб ўтган эди.

Кейинчалик, Ўзбекистон Бош Прокуратураси ўзининг телеграм каналида 14-15 август кунлари 22 та афғон ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистонга ўтгани ҳақида хабар жойлаштирган. Бироз вақт ўтгач ушбу хабар ўчирилиб, узр сўралган ҳолда маълумот текширилаётгани маълум қилинган. жорий йилнинг сентябрь ойида Politico нашри учоқларнинг кейинги тақдири ҳақида Пентагон вакилининг сўзларини эълон қилган.
 
Пентагон вакили сўзларига кўра, Америка ҳарбий учоқларни Ўзбекистон ва Тожикистонга ўз чегараларини қўриқлаш ва Афғонистондаги терроризмга қарши курашдаги ёрдами учун бериши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар