Ҳукумат байрамлари орқали халқ пуллари қандай ўмарилмоқда?

06.11.2022 09:00

Тор доира манфаатлари ва ўзбекча коррупция 

Ўзбекистон иқтисодий форумида сўзга чиққан молия вазири Тимур Ишметов бизда жиддий иқтисодий муаммолар борлигини ваниҳоят тан олган. 

Молия вазирининг қайд этишича, айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда ва янги қийинчиликлар билан юзлашмоқда. Ишметовнинг сўзларидан англашиладики, ҳозирги вазият бюджет харажатларини қисқартиришни тақозо этяпти. 

Вазир юқори минбардан туриб, бюджет маблағларини қисқартириш ҳақида гапираётган бир вақтда давлат харидлари порталида катта-катта харажатлар акс этган ҳужжатлар чиқишда давом этаяпти.

8 март — Халқаро хотин қизлар куни байрами муносабати билан Конгресс-холда ташкил этилган тадбирга қарийб 7 миллиард сўм сарфланган. Бу биргина тадбир харажатлари. Унда қатор корхоналарга хизматлар ва маҳсулотлар учун давлатдан маблағ ўтказилган, лекин бу маблағлар нега айнан шу корхоналарга ўтказилгани, тендер бўлгани хусусидаги маълумотларни топа олмадик. Қуйида бу маблағ нималарга йўналтирилганини кўришингиз мумкин:

Юқоридаги ҳужжатни тайёрлаган асосий ижрочи ташкилот «Оmmaviy halq bayramlari” МЧЖ бўлиб, бу субъект кўплаб давлат тадбирларининг бош режиссёри бўлган Шамсутдинов Рустам 

Динамовичга тегишли.

Ижодий коллективлар, режиссёр-постановка гуруҳи хизматларига, «Оmmaviy halq bayramlari” фирмасининг ўзига 1 миллиарддан ортиқ маблағ ажратилган. Биз бу маблағни ижодий жамоаларга, жумладан, санъаткорларга қандай улуш текканини билиш мақсадида халққа анча таниш бўлган санъаткор билан боғланиб, давлат тадбирида иштирок этиш учун қанча "гонорар" олганини сўрадик.

Исмини ошкор этмаслик шарти билан жавоб берган санъаткор, одатда пул олмаслигини, бу сафар ҳам пул олганини эслай олмаслигини, бир маротаба Маданият вазирлигидан «иштирокингиз учун пул олинг дейишганида» «Оmmaviy halq bayramlari” МЧЖга боргани, лекин расмийлаштириш кечиккани сабабли ололмагани, кейин эътибор ҳам қаратмаганини айтди. Катта тадбирларда шунчаки, халқ учун хизмат сифатида қатнашаман, пул учун эмас деб қўшимча қилди хонанда.

Концерт дастурида хонандалар, опера ва балет ижрочилари, рақс гуруҳлари, болалар жамоалари, оркестр, хор ва миллий чолғу ансамбли иштирок этганини кўриш мумкин. Айтганча, тадбирда фаол қатнашган “Тумор” рақс дастаси савдо белгиси «Оmmaviy halq bayramlari” МЧЖга тегишли экан.

Энди бевосита концертнинг харажатларига қайтамиз. Концерт ва унга тайёргарлик вақтида ишлатилган овоз кучайтиргич ва у билан боғлиқ хизматлар учун IOSIS МЧЖга (Таъсисчи Иосис Игор Зиновевич) 450 миллиондан ортиқроқ, ёруғликни таъминловчи техника ижараси учун Pro ligthing media МЧЖ га (Таъсисчилар - Ганиев Дониёр Илхамжонович  86,00 %, Султанов Ботир Маннопович 7,00 %, Исламов Абдулазиз Абдукаримович 7,00 %) 359 миллиондан кўпроқ маблағ ажратилган. Катта тадбирларга бу хизматларни кўрсатувчи компаниялар негадир нархларни айтишни исташмади. Хорижда ҳам тажрибага эга, бир қатор йирик концерт тадбирлари (лекин давлат тадбирлари эмас) ташкилотчиси бўлган бошқа бир йирик компаниядан катта кўламдаги байрам тадбирига овоз кучайтиргич хизматларини кўрсатиш учун нархни сўраганимизда камида 90 миллион бўлиши, жиҳозларга қараб қўшиб борилиши ва бу сумма 200 миллиондан ошмаслигини айтди.

Давлат тадбирида хизмат кўрсатган компания сайтида нархларни бермаган шу сабабли биз улар билан боғланиб нархномани сўраганимизда бера олмаслигини маълум қилишди. Бу эса албатта исталган мижозга исталган нархни айтиш имконини яратади. Давлат идораси буюртмачи бўлса келишишни ҳам осонлаштирадида, чунки буюртмачига ҳам улуш чиқариб беришга тўғри келиб қолиши мумкин.


Зал безаклари

  1. Конгресс холл саҳнаси декорациясига Ommaviy bayram bezaklari (Таъсисчи - Жамолдинов Акмалжон Зайлобидинович) 454 миллион 261 минг,
  2. Катта лолалар ва аксессуарлар билан бадиий декоратив безатишга Kapital decor (Таъсисчи Насимов Руфатилла Шухратович)195 миллион 621 минг,
  3. Конгресс холл шифтини матолар ва сунъий гуллар билан безатишга “Абдуллаев М.И.” хусусий корхонасига 287 миллион
  4. Вақтинчалик саҳна учун 375 миллион қурилиш вазири Ботир Зокиров оиласининг улуши бор «Трест12»АЖга (Таъсисчилар - Тошкeнт Шаҳар Ҳокимияти 51,10 %, Закирова Муаззам Саидахматовна 19,10 %, Закиров Жасур Батирович 14,10 %, Закирова Мухайё Октябрeвна 13,10 %) ўтказиб берилган. Бу компания аввал ҳам 5 триллион сўм маблағли шартномаларни тўғридан тўғри тендерсиз амалга оширгани ҳақида маълумотлар берилган эди. 
  5. Саҳнани табиий гуллар билан безатиш учун 3 та корхонага - Mayusupuv Otabek Yuldashevich ЯТТга 148 миллион, MEADOW МЧЖга (Таъсисчилар - Гулямов Саидимурат Набиевич 99,90 % Гулямов Саидбобур Саидимуратович 0,10 %) 472 миллион 228 минг, Yuldashev ЯТТга 447 миллиондан кўпроқ, барчасини қўшганда 1 миллиард 67 миллиондан ортиқ маблағ ажратилган.

Буларни барчасини ҳисобласак, биргина безакларнинг ўзига 2 миллиард 300 миллиондан кўпроқ маблағ ажратилганини кўришингиз мумкин.

                       Ўзимизни  Sky Events

Байрам куни дастурхонга тортилган тансиқ таомлар ва нозу неъматларга ҳам каттагина ҳажмда пул ажратилган. Sky events МЧЖга (таъсисчи Султанов Шeрзод Бахадирович) 1 миллиард 295 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган. Таъсисчи нотанишдек туюлиши мумкин, лекин ушбу МЧЖ Ортиқхўжаевга тегишлилиги айтиладиган Akfa Dream World билан деярли бир манзилда (Шайхонтоҳур тумани, Ислом Каримов кўчаси, 5-блок, 1−2-бино ва 1-бино) рўйхатдан ўтган. Хуллас бегона корхона эмас.

Эслайсизми, аввалроқ 70 минглик сомсалар роса муҳокама бўлган эди. Март ойида Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиш учун 15 млрд сўм сарфланган. Ўшанда Тадбирлар ва овқатланишни ташкил этиш учун айнан шу Sky Events`га 7,2 млрд сўм йўналтирилган эди. 

                            

 Ёшлар учун “имконият”

Ўзбекистон ёшлар 

иттифоқи қошидаги "Ёш дизайнерлар Кенгаши"га 56 миллиондан кўпроқ маблағ ажратилган. Саҳнада эса ушбу кенгаш раиси Дилноза Умирзоқованинг шахсий бренди “Анор”ни реклама қилиш учун ажойиб имконият яратилган.

Тадбирни 4 нафар бошловчи олиб борган бўлиб,  уларнинг костьюмлари давлатга 57 миллиондан кўпроққа тушган.

Бу каби тадбирларни, турли халқаро конференциялару тақдимотларни умумий суммаси солиқ тўловчиларга қанчага тушиши мумкинлигини тасаввур қиляпсизми? Бюджет маблағларини қисқартириш деганда, ойиликдан ойликкача яшаётган ўқитувчи, ёки тиббиёт ходими, ё тарбиячининг оладиган маошларини қисқариши ёки қурилиши лозим бўлган ижтимоий объектлардан пулни тийиш эмас, ана шундай каттароқ ташкилотларга хизмат қилиш учунгина очилган, таниш билиш қилиб имтиёзларга эга бўлиб оладиган тадбиркорлар учун фойда манбаи бўлган, катта маблағ сарфланадиган йирик тадбирлардаги дабдабадан воз кечиш тўғрироқ бўлади. Юқорида биргина тадбир харажатларини кўриб чиқдик. Якка ҳолда у кўпмасдек. Лекин, деярли ҳар ҳафтада ўтадиган, фестиваль, халқаро анжуманлар, турли байрам тадбирларини қўшиб ҳисобласангиз бу тадбирларнинг солиқ тўловчилар учун қанчага тушаётганини чамалаш қийин эмас.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
22
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
07.11.2022 15:04
Телевизорда касаллиги сабабли чет элда туриб ёрдам сўраётганларни кўриб йиғлигим келади, мана шунақа харажатларни кўриб хўрлигим
06.11.2022 19:44
Марҳаматингизни чеки йўқ дейишадику
06.11.2022 19:43
Марҳаматингизни чеки йўқ дейишадику
06.11.2022 19:33
Халқни пули тешиб чиқади,барибир.Бировни ҳақи бировда турмиди.Ўшангаям юртимиз ғам-ташвиш,бало-қазодан боши чиқмаяпти.Оллохни синови,- бу ҳаромҳўрларга