Бажарилмаётган давлат дастури. У қийматсиз ҳужжатми?

01.11.2022 14:56

Ҳуқуқ фаоли муҳокамалар қилиниб, кейин парламентда йўқолиб қолаётган қонун лойиҳалари хусусида қайғурмоқда. Депутатлар эса бу қонун лойиҳаларини негадир эслашмайди. 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳузурида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида ташкил этилган Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳининг навбатдаги жамоатчилик муҳокамаси давомида «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикр билдирди:

- Ҳозир 2022-2026 йил Давлат дастури бўйича гаплашяпмиз. Лекин ҳали 2016-2021 йилдан ҳам қарзимиз кўп. Мана масалан Давлат тили тўғрисидаги қонун умуммиллий муҳокамага чиқди, бошқа бўлди лекин бу парламентни ўзида йўқолиб қолди. Бу кулгили ҳолат.

Иккинчиси ННТлар кодекси деган нарса бор бу бизни ҳаётимизни катта бир қисми Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун кодекс қиляпмиз дедик. Кўп жойларда гапирилди, кўп марта биз демократияга ўтиб кетдик деб ортиқча реклама қилиб юборилди. Лекин ҳозиргача йўқ. Кейин жуда катта бир нарса бор эди эсимиздан чиқиб кетмасин деб ҳар мажлисда айтиб қўяман. Жамоатчилик палатаси тузмоқчи эдик. Буни ҳужжатлари чиққан эди. Фармони турибди. Вазифалар юклатилган эди. Вазирликка тенг бўлади дейилган эди ёки вазирлик кўпайиб кетди деб уялишяптими? Бу нарсаларни эслатадиган пайт келди чунки биз ҳозир 2016-2021 йилни ёпиб кетадиган бўлсак, 2022-2026 ҳам худди шунақа бўлади, кейин 2026-2032 чиқади. Шунақа ёпилиб кетаверадида, - деди ҳуқуқ фаоли.

-  «Давлат тили тўғрисида»ги қонун жуда муҳим ҳужжат. Яқинда Олий Мажлисда ҳам шу ҳақида гап бўлди. Ярим соат биттаси гапирди тушунмадик, нима деганини ё бор дейиш керак, ё йўқ дейиш керак. Ёки биз бу аҳдимиздан қайтдик дейиш керакми? Агар бу жамоатчиликка тушунтирилса, «қонун рад қилинди», деса шунга қараб биз ҳам кейинги йиғилишларда бошқа нарса ҳақида гапирамиз. 

Шунингдек Абдураҳмон Ташанов иқтисодий масалалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. 

 - Яна томчилатиб суғориш бўйича 6 та жиноий иш қўзғатилди. Сурхондарё, Навоий, Қашқадарё каби ҳудудларда кўплаб фактлар юзага чиқяпти, газеталарда, мажлисларда гапириляпти. Бизни шу умумий ташқи қарзимизни 2,4 миллиард АҚШ доллари қишлоқ хўжалигига йўналтирилган бўлиб, у нималарга тўғри келиши, тўғридан-тўғри кўзбўямачилик бўлганлиги бўйича жуда катта материаллар бўлди. Лекин афсус ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жим. Шунинг учун биз бажарилмаганини эмас, чора кўрилиши масаласини ҳам мониторларимизда кўрсатишимиз керак. Чунки Юксалиш бўйнига катта вазифалар олган ва жуда катта локомотив тортишга чоғланаётган идора, деди у.

«Айтиш керакки, биздаям яқиндагина шу савол муҳокама бўлганди. Яъни олдингиз йиллар давомида давлат дастуридаги қайсики белгиланган вазифалар бажарилдию бажарилмади. Бизда ҳаммасини таҳлили бор. Мен таклиф қилган бўлардимки «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатини жамоасидан ўтган йиллар давомида қайси вазифалар бажарилди, қайсилари қолиб кетди. Ёки шунақа бўляптики қайсидир вазифа бир йилдан кейин ҳам қабул қилиниб тасдиқланяпти. Бунақа ҳолатлар ҳам бор. Шунинг учун кейинги 10 ойлик ҳисоботимизда олдинги йилларнинг ҳам балки биз таҳлилини муҳокамага қўйишимиз керак. Яъни нечта банд бажарилди. Нечтаси бажарилмади. Чунки биз бу ерда шунчаки мониторинг ўтказиб ҳисобот бериш учун эмас, вазифаларни ўз вақтида ва тўғри бажарилишини назорат қилишимиз керак. Мақсадимиз шу. Мамлакатимиз президенти томонидан эълон қилинган ва халқимиз ҳам ҳаммуаллифлик қилган шу стратегияни бажарилишига бош-қош бўлишимиз керак. Шу маънода кейинги йиғилишга бу масалани ҳам кўтаришни таклиф қиламан, деб сўзини якунлади Абдураҳмон Ташанов.

Йиғилишда берилган маълумотга қараганда, Давлат дастури ижроси бўйича бир қатор вазифалар юзасидан кўзда тутилган қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлсада, бугунги кунда кўриб чиқиш жараёнида бўлганлиги боис, мазкур вазифалар ҳам тўлиқ бажарилмаган.

Жумладан, ижро муддати келган (ўтган) 58 та банд бўйича 91 та вазифа юзасидан норматив ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, қабул қилинмасдан турибди (ижрога қаратилмаган).

Мазкур норматив ҳужжатлар билан жамият ҳаётига дахлдор долзарб ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган. Масалан, қуйидаги лойиҳалар уч ойдан ортиқ муддат давомида кўриб чиқилмоқда:

  • 7-банднинг 1-кичик банди. Фуқароларнинг камида учдан бир қисми ташаббуси билан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш тартибини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг «Маҳалла тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси 2022 йил 19 июлда киритилган (муддат 2022 йил 1 июль, масъул Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги);
  • 10-банд (1-2-3-кичик бандлари). Маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2022 йил 13 майда киритилган (муддат 2022 йил март, масъул Адлия вазирлиги);
  • 45-банд. Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган «Оммавий ахборот воситалари таҳририяти ходими ва журналистнинг касбий фаолияти ҳимоя қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида» қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 29 апрелда киритилган (муддат 2022 йил апрель, масъул Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги).

36 та вазифа ижроси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган муддатлардан кечикиб, кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун Президент Администрациясига киритилган.

Давлат дастурида белгиланган 17 та вазифалар бўйича белгиланган вазифалар муддати узайтирилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.11.2022 23:45
Давлат хизматчилари ва оила азолари даромади ва мол-мулкини декларация қилиш қачон амалга киритилади, 30 йилдан бери ана киритамиз, мана киритамиз деб одамларни алдаб юришибди! Бу даврда эса давлат хазинаси талон-тарож қили бўлинди хисоб, бир томондан президент ташқи қарз олиб ётибди, иккинчи томондан ноинсоф амалдорлар коррупция йўли билан бойлик орттириб чет эл банкларига беркитиб қўйишяпти, вақти келса оиласи билан ўша томонларга қочиб қолиш мақсадида. Бунга чек қўйиш вақти келмадими!!! Ўша ўғри, муттахам амалдорларнинг пулларини давлат хазинасига қайтариш вақти келмадими!!! Қозоғистон шундай қиляпти-ку, нима биз шуни қилолмаймизми!!!