Ўзбекистонда 1.7 фоиз мактаб ўқувчилари носвой чекади ва улар орасида қизлар ҳам бор

29.10.2022 20:07

Ўзбекистон ёшлари ва айнан мактаб ўқувчилари орасида тамаки воситалари қаторига кирувчи снюс, носвой ва тинчлантирувчи дори воситаларини қабул қилиш ҳолатлари ортмоқда. Ўрганилган маълумотларга кўра, бугун 5-6-синф ўқувчилари орасида ҳам снюс препаратларини татиб кўрган болалар топилади. Миллат генофонди саломатлиги учун «курашяпмиз», деётган депутат ва сенаторлар эса ҳамон «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида» қонун лойиҳасини кучга киритаётганлари йўқ. Мазкур қонун Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари томонидан сенатга оширилди, бироқ янги реклама тўғрисидаги қонунга зид модда туфайли лойиҳа айни дамда яна депутатларга қайтарилган. Аммо, ташқарида эса тамаки маҳсулотларининг ёшлар орасидаги оммалашув кўрсаткичлари хавфли даражада ортмоқда.

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилбархон Сиддиқова тақдим этган маълумотда қайд этилишича:

2021 йилда айнан ёшларимиз орасида ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи (қизларнинг 0,9 фоизи) носвой чекади.

Ўғил болаларнинг 10 нафаридан бир нафари, қиз болаларнинг 20 нафаридан бир нафари носвой чекиб кўрган.

Ички ишлар Бош бошқармасининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси маълумотига кўра, таълим муассасаларида олиб борилган рейдларда мактаб ўқувчилари орасида снюслар топилиши ҳолатлари йилдан-йилга ортмоқда. Яъни 2019 йилда 110 та ҳолат, 2020 йилда 270 та, 2021 йилнинг январь ва февраль ойларида 59 та ҳолат (ўсиш 3 мартадан кўп) аниқланган. тадқиқотларга кўра айнан снюс ва тромодол каби дори воситалари истеъмоли таъсирида бўлган ёшлар орасида жиноятчилик сони ҳам ортиб бормоқда.

2019 йилда мамлакатимизда ўтказилган сўровда 18-69 ёшдаги эркакларнинг 20 фоизи, жумладан, ҳар беш нафар эркакнинг бири, таассуфки, аёлларнинг 0,4 фоизи тутунсиз тамаки чекиши аниқланди.

Қўшни Республикаларда электрон сигарета, снюс воситаларини тақиқлаш, истеъмолини чеклаш бўйича аллақачон чоралар кўрилган. Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари эса ҳамон қонун лойиҳасини қабул қилишда шошилаётганлари йўқ. Мазкур мавзуда депутат ва сенаторларни муҳокамага чорлаш ҳам қийин кечмоқда.


Ушбу маълумотлар  «Ибн Сино жамоат фонди ҳамда Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассислари иштирокида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Тамаки ва қонун» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
31.10.2022 20:05
Нега чекади? Ё оиласида биронтаси, ва албатта, мактабда ўқитувчиси чекади. Ёки, энг ёмони, уйда назорат йўқ, кечаси билан дайди итдек кўча кезади. Ҳали ҳам нос чекар экан ҳозирча. Ароқ билан наша эшикдан мўралаб турибди, аҳвол шу тарзда давом этса. Алҳазар.