1378 нафар давлат хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Адлия вазири Русланбек Давлетов сиз бунга нима дейсиз? Манфаатлар тўқнашуви, қонунларни менсимаслик жиноятга замин яратмайдими?
Коррупцияга қарши кураш агентлигининг навбатдаги маълумоти Ўзбекистонда қонунлар амалдорлар учун эмас, фуқаролару, ҳисоботлар учун қабул қилинаётгандек таъсурот қолдиради. Йиллар давомида кутган ва у қабул қилинганда қарсаклар билан қарши олинган навбатдаги қонун ҳам ишламаяпти.
Жорий йилда қабул қилинган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунга кўра давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланади. Давлат хизматчиси даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак.
Амалда эса бу қонун ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган, эга бўлсада амал қилмайдиган бир ярим мингга яқин бошқарув аъзолари аниқланмоқда. Бу эса минглаб тендерлар, шартномалар, давлат корхоналари иштирокидаги олди сотди ишларини шубҳа остига олади.
Айтганча нафақат қонун балки қатор қарорларда ҳам бу масала кўтарилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида»ги 103-сонли Қарорида давлат бошқарув органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.
Бир савол туғилади. Нима сабабдан давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги ҳақидаги қоида киритилган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуни 2022 йил 8 август куни қабул қилинган бўлсада, орадан уч ой ўтгач, яъни 2022 йил 8 ноябрда кучга кириши белгиланди? Бу амалдорлар ўзларининг номларидаги корхоналарни бирон шогирди. оиласи аъзоси ёки қайсидир қариндоши номига ўтказиб олиши учун муддатмиди?
Яқиндагина эълон қилинган қарорда яна амалдорларга ҳалоллик ҳақида эслатиб ўтилди. Қонунларга итоат этмаган давлат хизматчилари учун Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тақдим этилди. Унда давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши ҳамда ушбу қоидаларнинг бузилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ интизомий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланиши кўрсатилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабаридаги қуйидаги рақамларга эътибор қаратинг:
«Агентлик томонидан давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар, хусусан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатлари тизимли равишда ўрганиб чиқилди. Унда жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келинаётганлиги ҳолатлари жойига чиққан ҳолда ўрганилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу вилоятларда жами 1378 нафар давлат хизматчилари (138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари ҳоким ёрдамчилари) давлат хизмати билан бирга (раҳбар ёки таъсисчи сифатида) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.
Шунингдек, Агентлик томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишларда ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлганлиги аниқланди.
Хусусан, 2021-2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномаларни ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган.
Шу каби Сурхондарё вилоятида 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлганлиги аниқланди.
Масалан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилда амалга оширилган Термиз шаҳридаги 6-мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича 8 млрд. сўмлик давлат харидида ушбу компаниянинг етакчи мутахассиси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамият билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган.
Худди шундай, Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд. сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд. сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд. сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млрд.сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган» дейилади хабарда.
Эътибор қилган бўлсангиз мингдан ортиқ ҳоким ёрдамчилари тадбиркорликка алоқадор экан. демак бу лавозим тадбиркорлик учун жуда қулайми? Ҳамма ташкилотларда оптималлаштириш ҳақида гап борганда шунча имтиёзу. ойлик билан таъминланадиган бу лавозим керакмиди, ўзи?
Жазо чоралари бўладими?
Албатта, доимгидек, огоҳлантириш, тушунтириш, нари борса "бечораларнинг" бирон ойлик маошини бермаслик каби жазолар қўлланилса керак.
Агентлик хабарида айтилишича, «ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида тақдимномалар киритилди, шунингдек, давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди».
Уларни ишдан олиш масаласи ҳақида гапирилгани йўқ.. Ваҳоланки, қонунни менсимай, бемалол бузадиган амалдордан давлат учун фойдадан кўра зиёни кўпроқ.