Бош вазир Абдулла Арипов ахборот технологиялари соҳасидан чиққан бўлишига қарамай бундан 100 йил аввал эскирган технологияга асосланган қарорга имзо чекдими? АҚШнинг Индиана Университети профессори, кутубхонашунос Акрам Ҳабибуллаев Бош вазир қарорини танқид остига олди ва бюджет маблағини самарасиз сарфламасликка чақирди.
Профессор А. Ҳабибуллаев Вазирлар маҳкамасининг «Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорда «реестр» сўзининг ёнига «давлат» сўзини қўшган билан на шакл ва на мазмун ўзгармаслигини ёзади. Олим Вазирлар маҳкамасининг мазкур қарорда реестр нима учун кераклиги тўғрисидаги саволга жавоб ҳам топилмаслигини айтмоқда. Қуйида профессорнинг Бош вазирга мурожаатини тўлиғича келтирамиз:
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Ариповга
Ҳурматли Абдулла Неъматович!
Аждодларимиздан мерос қолган ёзма ёдгорликларни сақлаш, таъмирлаш ва тадқиқотчиларга улардан фойдаланишлари учун қулайликлар туғдириш борасида Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораётган ишлари таҳсинга сазовордир. Кейинги йилларда бу соҳага Ўзбекистонда жиддий эътибор берилмоқда, илмий анжуманлар ўтказилмоқда, қарорлар қабул қилинмоқда. Албатта, уларнинг аҳамияти беқиёс. Лекин, бу борадаги баъзи ишлар янги замонавий технологияларни қўллаш ва соҳа ютуқларидан фойдаланиш ўрнига, эскирган ва умрини ўтаб бўлган услубларда олиб борилаётганлиги ташвишга сабаб бўлмоқда. Яқинда Сиз бир қарорга имзо чекдингиз. Қарор «Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» деб номланган.
Реестр нима дегани? Бу оддий рўйхат, қайд дафтари ва унинг олдига «давлат»сўзини қўшиб «давлат реестри» деб номлаган билан на шакл, на мазмун, ҳеч нарса ўзгармайди. Қайд дафтар, ёки инвентарь дафтар, ёки Сиз имзо чеккан Низом тили билан айтадиган бўлсак, реестр ихтиро этилган пайтда қандайдир вазифани бажарган. Лекин, бугун у босма китоб ҳолида бўладими, электрон шаклда бўладими фарқи йўқ, эскириб, истеъмолдан чиққан услубдир. Бошқа соҳаларни билмадиму, лекин манбашунослик ва кутубхонашуносликда қайд дафтари (реестр) деган нарсанинг умри тугаган.
Ҳа, худди шундай. Сиз томондан тасдиқланган Низом, бундан тахминан 250 йил олдин ўлиб кетган технологияга, иш услубига қайтишни назарда тутади. Тахминан 1780 йил биринчи марта Венада манба ҳақидаги маълумотни картотекага ёзиб, яшикчаларга тартиб бўйича жойлаштириш йўлга қўйилгандан кейин ахборот-кутубхонашунослик соҳасида қайд дафтарига (реестр) эҳтиёж умуман йўқолган. Компьютер ихтиро этилгач эса, XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб картотекалар ҳам истеъмолдан чиқа бошлади. Бугунги кунда ривожланган давлатлардаги бирорта кутубхонада картотекали каталог қолмаган. Ҳамма нарса, ҳаттоки бутун бошли кутубхона компьютерга жойлаштирилиб, фойдаланиш қулай бўлган онлайн шаклга ўтказилмоқда.
Давлат реестри нима учун керак? Унинг манбалар, қўлёзмаларга нима фойдаси бор? Бугунги кунда у нимага хизмат қилади? Бу саволларга Низомда жавоб йўқ, келтирилган далиллар эса мужмал.
Тўғри, жами ёзма ёдгорликлар, қўлёзма ва нодир китоблар ҳақидаги маълумотларни бир жойда тўплаш зарур. Лекин, бунинг учун реестр шакллантиришдан кўра фойдалироқ, қулайроқ ва замонавийроқ усуллар мавжуд. Иш бирданига мукаммал қидирув функцияси билан таъминланган онлайн маълумотлар базаси яратишдан, яъни Ўзбекистондаги жами манбаларнинг Йиғма каталогини (Сводный каталог) тузишдан бошланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Йиғма каталог реестрнинг вазифаларини ҳам тўлиқ бажара олади.
Фойдасиз лойиҳага маблағ ажратилаётгани, давлатнинг пули бекорга сарф бўлаётганига бефарқ қараб тура олмаганимдан, Сизга ушбу хатни ёзишга мажбур бўлдим.
Эслатма: Профессор Акрам Ҳабибуллаев бундан аввал ҳам бир мазмунга эга бўлган икки қарорни танқидий таҳлил қилган эди.