Адлия вазирлиги Отабек Бакиров сўраётган ҳужжат “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилингани, бироқ ушбу қарорлар фойдаланилиши чекланган ахборотларни ўз ичига олганлиги (мудофаа, хавфсизлик ва бошқалар) сабабли барча фойдаланувчилар учун эълон қилинмаганини маълум қилди.
12 сентябрь куни сайтимизда Иқтисодчи Отабек Бакировнинг «Йўқ бўлиб қолаётган ҳоким қарорлари ёки битта маҳалланинг ёритиш тизими учун 2 млн.доллар ажратилгани ҳақида»ги материалини берган эдик. Ушбу мақолага Тошкент шаҳар ҳокимлиги шундай раддия берибди:
Отабек Бакиров мақолада йўқ бўлиб қолаётган ҳоким қарорлари ёки битта маҳалланинг ёритиш тизими учун 2 млн.доллар ажратилгани ҳақида ёзиб, Адлия вазирлигидан ҳокимият қарорларини назоратга олишни сўраган эди. Шунингдек, Rost24.uz сайти ҳам иқтисодчига таянган ҳолда мазкур маълумотни эълон қилган.
Бугун эълон қилинган раддияга кўра, Отабек Бакиров минг мартага адашган. Яъни, қарорни ўқиётган пайтида Иқтисодчининг кўзлари рақамларни бошқача кўрган.
«Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022 йил 9 сентябрдаги қарорига биноан Бектемир тумани, «Ийкота» МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун 20,1 млрд.сўм, Яшнобод тумани, «Жарбоши» МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун эса 19,2 млрд.сўм ажратилгани иддао қилинган. Худди шу мазмундаги мақола rost24.uz хабар сайтида ҳам эълон қилинган.
Ваҳоланки, иқтисодчи ҳамда интернет нашри назарда тутаётган ва ҳатто мақолада ҳавола сифатида келтирилган қарорда Бектемир тумани, «Ийкота» МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун 20,1 млрд.сўм эмас, 20,1 млн сўм (20 120 000 сўм), Яшнобод тумани, «Жарбоши» МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун эса 19,2 млрд.сўм эмас, 19,2 млн сўм (19 160 000 сўм) ажратилгани қайд этилган», «яъни иқтисодчи-танқидчи минг баробарга адашган», дейилади ҳокимлик раддиясида. Ва ушбу ҳолатга АОКАнинг эътиборини қаратишини маълум қилади.
“Эътироз билдирилган қарордан кеча скриншот олмаганимдан афсусланаман”
Отабек Бакиров бошқача фикрда. У ўша мақоласида ўзи айтиб ўтган йўл билан, мазкур қарор ҳам ўзгартириб қўйилганига ишонмоқда. «Ҳозир ўлчов бирлиги минг сўмда кўрсатилганди, дейиш бефойда. Чунки ўша эътироз билдирилган қарордан кеча скриншот олмаганимдан афсусланаман ва бунинг учун ўқувчилардан узр сўрайман», дейди у. Шунингдек, ҳоким томонидан маблағ ажратиш ва тақсимлаш билан боғлиқ иловаси мавжуд барча қарорларда ўлчов бирлиги ўлароқ минг сўм кўрсатилганини исбот сифатида маълум қилган.
Айтиш лозимки, Бакиров мақоласида асосий эътиборни “E-qaror” тизимининг камчиликларига қаратиб, тизимда аввал жойлаштирилган, сўнг бекор қилинган ҳоким қарорларини топиш имконсиз эканлигини, таҳрир қилинган ёки олиб ташланган қарорлар ҳақида маълумот топиб бўлмаслигини, янги қарор билан эски қарор иловаси бекор қилинганида буни фойдаланувчилар била олмаслигини, бу нарса жуда кенг манипуляция ва катта ўғирликларга йўл очишини таъкидлайди ва Адлия вазирлигидан, E-qaror тизимидаги мазкур ҳолат бўйича вазиятни ўрганишини ва назоратга олишини сўраган.
Мониторинг давомида ҳокимликларнинг 1 800 дан ортиқ қарор ва фармойишлари асоссиз равишда эълон қилинмаган
Кўтарилган масала юзасидан Адлия вазирлиги ҳам муносабат билдирди.
Адлия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинишини, мақолада келтирилган Тошкент шаҳар ҳокимининг 2022 йил 3 августдаги 788-14-0-Q/22-сонли ва 2022 йил 30 августдаги 895-14-0-Q/22-сонли қарорлари “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинган, бироқ ушбу қарорлар фойдаланилиши чекланган ахборотларни ўз ичига олганлиги (мудофаа, хавфсизлик ва бошқалар) сабабли барча фойдаланувчилар учун эълон қилинмаганини маълум қилган.
Шунингдек, вазирлик мониторинг давомида ҳокимликларнинг 1 800 дан ортиқ қарор ва фармойишлари асоссиз равишда эълон қилинмаганлиги аниқланганини ҳамда ушбу қарорларни тизим фойдаланувчилари учун очиқ ҳолатда бўлиши таъминланганини айтади. Демак бу борада иқтисодчи ҳақ.
Иқтисодчининг таъкидлашича, «Ҳокимларнинг мудофаа ва хавфсизликка оид қарорлар ҳам чиқара бошлагани жуда қизиқ. Афсуски буни биз инкор ҳам эта олмаймиз, тасдиқлай ҳам олмаймиз. Чунки қўлимизда ҳеч нарса йўқ. Лекин савол барибир жавобсиз қолаверади. Мантиқ ва узвийлик етишмаяпти. Тизимга жойлаштирилмаган 3 августдаги 788-14-0-Q/22- қарор, 30 августдаги 895-14-0-Q/22-сонли қарорлар бизнинг наздимизда ижтимоий ва хўжалик аҳамиятига эга бўлган. Чунки айни шу қарорларга бошқа хўжалик ва ижтимоий соҳага оид қарор билан ўзгартириш киритилмоқда».
Нима бўлганда ҳам, келгусида талон-тарожга йўл қўйилмаётганига аҳолининг ҳам ишончи комил бўлиши, бу каби сўроқларга ҳожат қолмаслиги учун тизим ўзгартиришга, такомиллаштиришга муҳтож экани аниқ.