Янги ўқув дарсликларининг муаллифлари шу кунларда мактаб дарсликлари атрофида бўлаётган воқеалар юзасидан Президентга мурожаат қилишди. Улар тизимдаги ўйинлар, носоғлом рақобат ва ижодий муҳит муаммолари масалаларини кўтариб чиқишган:
«Ҳурмати Шавкат Миромонович, 2016 йилда Ўзбек тили ва адабиёти университети очилишга бош-қош бўлганингизда, бизни йиғиб, таълим методикасини янгилаш, унга янги тенденцияларни олиб кириш ва жаҳон билан бўйлашадиган таълим дарсликларини яратиш вазифасини қўйган эдингиз. Бизнинг жамоа шу вазифани бажариш устида туну кун ишлади. Янги, замонавий, 21 аср талабларига жавоб берадиган, ўқувчини мустақил фикрлашга, муаммоларни ечишга, қарор қабул қилишга, креатив бўлишга ундайдиган дарсликлар яратилди.
Дарсликлар яратиш осон иш эмас. Бу ижодий муҳит, ижодий атмосферани талаб қиладиган жараён. Лекин охирги пайтларда бўлаётган, ижтимоий тармоқлар орқали сиздирилаётган ҳар хил асоссиз хабарлар, асоссиз миш-мишлар бу ижодий муҳитни сўндиради, муаллифларнинг рағбатини ҳам ўлдиради. Дарсликларнинг ижара масаласи билан бошланган можаро секин-аста дарсликларнинг мазмунига уланиб кетди ва асоссиз равишда дарсликлар мазмунига ҳам шубҳа билан қараш бошланди. Қандайдир комиссиялар тузиб, дарсликларнинг мазмунини текшириш, одамлардан фикр йиғиш каби... Биз бунга қарши эмасмиз, дарсликлар мазмунини ўрганиш керак бўлса ўрганишсин, баҳо беришсин. Фақат буни холислар берсин. Замонавий методикани, методикадаги замонавий тенденцияларни, ҳозирги замон боласига нимани, қандай ўргатишни тушунадиган мутахассис, тушунадиган холис экспертлар берсин. Бунинг ортида қандайдир ўзининг бизнес манфаатларини кўзлаётган манфаатдор шахслар, манфаатдор чиновниклар (амалдорлар таҳр.) баҳо бермасин.
Чунки бу ҳолатда баҳо холис бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Биз ҳалол рақобатдан қўрқмаймиз. Кимдадир ҳозирги замон талабларига, таълим стандартларига жавоб берадиган дарсликларни яратиш нияти бўлса, марҳамат, яратсин. Сўнг ўқитувчига ҳар икки дарсликни берайлик, танловни ўқитувчи қилсин. Ҳалол рақобатдан таълим ҳам, ўқувчи-ўқитувчи ҳам, ота-она ҳам ютади. Лекин парда остидаги ўйинлар, парда ортидаги асоссиз гаплардан, бунақа носоғлом курашдан миллат, таълим зарар кўради, охир-оқибатда ҳаммамиз зарар кўрамиз», дейилади унда.
Шунингдек, мурожаатда айтилишича, муаллифларнинг аксари хорижда ўқиган, дарсликлар яратилиши жараёнида ЮНИСEФ, ЮНEСКО экспертлари доимий қатнашган.
«Биз қандайдир тарафларни ҳимоя қилиш учун эмас, ўзимизнинг ғояларимизни, таълимни ҳимоя қилиш учун мурожаат қиляпмиз. Манфаатлар ўртасидаги зиддиятлар, қарама-қаршиликлар таълимнинг ривожланишига соя соляпти. Бундан таълим, миллат жабр кўряпти, хусусан, муаллиф жабр кўряпти. Вахоланки, сиз берган кўрсатма асосида методика янада шаклланиб, мана шу адабиёт дарсликларида акс этган. Тарих қилган хатоларни қайтармасликни жуда ҳам истардик. Муаллифларнинг барчаси хориж тажрибасини ўрганган, аксарияти чет элда ўқиган. Дарсликлар яратилиши жараёнида ЮНИСEФ, ЮНEСКО экспертлари доимий қатнашган. Тарқалган бундай асоссиз турли хабарлар таълим сиёсатига, таълимнинг нуфузига болта уради ва жадал қадамлар билан бошланган ислоҳотларни тўхтатиб қўяди. Сиздан илтимос қилардик, шу ҳолатни назоратингиз остига олсангиз. Чунки бизнинг эртамизни, Янги Ўзбекистонни қандай бўлишини белгилайдиган энг асосий омил бу таълимнинг мазмунидир» деган муаллифлар.
Бироз аввал Ҳуқуқшунос Хушнудбек Ҳудойбердиев муносабат билдириб, дарслик муаллифларининг мурожаатини «Қўрқоқ олдин мушт кўтарар» деган мақол билан изоҳлаган. Шунингдек у янги дарсликлар эмас, кўпроқ эски дарсликларга эътибор қаратилишини ёзди: «Охирги 2-3 йилда тайёрланган янги дарсликлар барча дарсликлар сонининг 10 фоизи атрофида холос. Қолган 90 фоизи эски дарсликлар. Давлат энг аввало бор кучини мана шу 90 фоизга қаратиши табиий. Чунки асосий муаммоларимиз шу қисмда» деган у ўз постида. Унинг хулоса қилишича, “Дарсликларимизнинг аксарият қисми талабга жавоб бермайдими, тамом, уларни алмаштириш керак. Алмаштириш фақат минглаб тонна қоғозни исроф қилиш йўли билан эмас, балки замонавий усуллардаги мультимедиа-электрон дарсликлар кўринишида бўлиши ҳам мумкин. Мумкин эмас, шарт ва зарур”.
Эслатиб ўтамиз, дарсликлар ижараси можароси давлат раҳбари даражасида ҳал этилгандан сўнг, махсус комиссияга таълим сифати масаласини ҳам ўрганиш вазифаси қўйилган эди. 6 сентябрь куни Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов, ўз саҳифасида Администрация ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ мактаб дарсликлари, ўқув режалари ва китобларнинг унга мослиги, бу соҳадаги муаммолар ва унинг ечими юзасидан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилди ва шахсий электрон почтасига шу йўналишдаги муаммолар, уларнинг ечими ҳақида таклифлар бўлса, юбориши мумкинлигини қайд этди.
Маълумот учун: Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов бироз аввал дарсликлар учун кетадиган маблағлар хусусида шундай маълумотларни келтириб ўтган эди:
Китоб жамғармаси бюджетидан 2022 йилда китоб чоп этиш учун 1,1 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган. Шундан 605 млрд сўм давлат бюджетидан йўналтирилади, қолгани Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қонунчиликка кўра, ушбу Жамғарма маблағлари ижара тушумларидан шаклланиши белгиланган. Жорий йилда 500 млрд сўм ижара тушумидан қопланиши керак эди.