Пора бермаганим учун боламни мактабга олишмади

05.09.2022 17:49

Халқ таълими вазирлигининг Умумтаълим мактабларига ўқувчиларни онлайн қабул қилиш тизими хўжакўрсинга яратилганми?

Бир ҳамкасбимиз журналистлар даврисида фарзандини 1-синфга жойлаш учун 150 доллар харажат қилганини айтиб қолди. Нега десангиз, мактаб директори ҳар хил важ-карсонлар билан микроҳудуддан ташқари болани қабул қилмаган. Фарзандини нисбатан яхшироқ мактабга ўқитишни астойидил хоҳлаган ота-она ноилож раҳбар билан тил топишади, яъни мактаб учун 150 долларлик керакли анжомлар олиб бергач, боласини қўшимча квота ҳисобидан 1-синфга қабул қилади. 

Бу Тошкент шаҳрида яқинда бўлган воқеа. Бунда кўпчилик ҳамкасбимизнинг ўзини айблади. Чиндан ҳам, журналист бўла туриб, қинғир йўлга бош суқиш тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат, аслида. Аммо бунда мен ота-оналарни зиғирча ҳам айблай олмайман. Ҳамма айб чириб, ботқоққа тобора ботаётган халқ таълими тизимида. Масалан, мен ҳақиқатгўй ота сифатида фарзандимни қўшимча квота бўйича мактабга жойлай олмадим. 

Ҳа, ўқишга саноқли кун қолганида ҳужжатларимизни кераксиз матоҳдек юзимизга улоқтирди. Онлайн ариза топширганим, фарзандимни суҳбатга олиб борганим, мактабга қабул бўйича ёзган аризам директор хонимнинг хоҳиш-истагидан устун бўла олмади. 

Гап шундаки, бу йил 1-синфга қўшимча квота бўйича 1 августь куни my.maktab.uz платформаси орқали онлайн ариза қабул қилиш бошланди. Ўша куни биз ҳам Яшнобод туманидаги 166-сонли мактабга ариза топширишга муваффақ бўлдик. Муваффақ бўлдик, дея иштибоҳ беришимнинг боиси бор. Бу платформа қурғур орқали ариза топшириш қанчалик оғир кечганини боласи 1-синфга чиқаётганлар жуда яхши билишади. Шунинг учун ариза топширишга улгурганлар худди Грин карта ютгандек хурсанд бўлгани рост.

Биз ўқимоқчи бўлган мактабда 1-синф учун 140 ўрин ажратилган бўлиб, ўша жой учун микроҳудуддан 72 та ариза топширилган. Қолган 68 та ўрин учун қўшимча квота берилган. Бахтимизни қарангки, платформа “найранг”ларига қарамай, биринчилардан бўлиб ариза топширдик. Ўша пайти платформада 25 та ариза қабул қилингани кўриниб турарди. 

Платформада белгиланган навбат вақти 02.08.2022 йил, соат 17.00 дан бир соат олдин фарзандим билан 166-мактабга бордик. Мактаб директори Нилуфар Тулебаева хушламайгина қабул қилди. Биз шу мактабда ўқимоқчи эканлигимизни, навбатимиз бўйича келганимизни айтдик. 

“Болангизни қабул қила олмайман. Бизда жой йўқ”, деди кескин оҳангда. 

Нилуфар Сайловбаевнанинг айтишича, вазирликка микроҳудуд ва қўшимча ковота учун 6 та синфга ариза берган. Унга кўра, 210 та бола олиниши керак бўлган. Аммо  ўша сўралган ўриндан 70 та квота олиб ташланиб, 140 та ўрин берилибди. 

Директор урғу беришича, статуси баланд бу мактабга талабгорлар кўп. Ота-оналар апрель-май ойидан келиб, фарзандини олишини талаб қилаётган экан. 

Қизиқ, нега унда, Нилуфар Сайловбаевнанинг таъбири билан айтганда, статуси баланд оилалар 1 августгача микроҳудуд бўйича ариза топширмади. Ахир, вазирликдан ўша 70 та ўрин “чопилган” тақдирда ҳам берилган квотанинг қарийб тенг ярми бўш қолганди-ку?!

Директорнинг “Сизлар бегонасизлар, биринчи навбатда, болалари шу мактабда ўқийдиган ота-оналарнинг фарзандини қабул қиламан”, деган гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Нима биз ўзга сайёрадан келибмизми бегона бўлиб. Шу туманда яшасак, вазирлик талаби бўйича онлайн ариза орқали келган бўлсак…

“Платформага кириб бўлмайди. Сизни вазирликда танишингиз бўлгани учун платформа очиб берилган, шунинг учун кира оляпсиз”, деса бўладими директор. Туҳматнинг бундан каттаси бўлмаса керак…

Анча тортишувдан сўнг фарзандимни имтиҳон қилиб кўрди. Ҳарфларни сўради, ўқитиб кўрди, савол- жавоб қилди. Сўнг бола мактабга тайёрлигини ва қабул қилишини айтди. Ўзимни худди болам давлат тест имтиҳонидан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингандек ҳис қилдим ўша пайтда. Ўзи бу бор-йўғи 1-синфга қабул бўлса. Ҳалиям, Конституциямизда ўрта таълим мажбурий ва бепул эканлиги аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Йўқса, бизга ўхшаган бегоналарнинг боласи статуси баланд мактабнинг остонасидан ҳам хатлай олмаскан.

Болангизни ўзингиз хоҳлаган мактабга жойлабсизку, дерсиз. Йўқ, директор бир сўзли чиқиб қолди. Қабул қилмади. Мен олий маълумотли оми отани битта найранг билан четга улоқтириб юборди. Қандай дейсизми? Жуда оддий. Мана, эшитинг:

– Болангизни қабул қиламан. Мана, журналимга биринчи бўлиб ёзиб қўйдим, – дея яшил сиёҳли ручкадаги рўйхатни кўрсатди директор. – Аммо ҳужжатингиз тўлиқ эмаскан. Эртага микроҳудудингиздаги мактабга “отказ” ёзиб, ҳужжатларни олиб келиб топширинг. 

Ҳаммасини директор айтганидек қилдик. Ҳужжатларни топшириб, фарзандимни 1-синфга қабул қилишини сўраб директор номига ариза ҳам ёздик. Аммо уйга келиб, платформага кирсам, аризамиз ҳолати “қайтарилди” бўлиб турибди. Сабаб эса “Навбат вақти ўтган” эмиш. 

Масала бўйича Халқ таълими вазири матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғланганимизда, бу вазиятда ҳеч қандай ёрдам беролмаслигини, навбатим куйиб кетишига ўзим айбдор эканлигимни айтди.

Хўш, энди савол: ўз навбат вақтида борсак ҳам нега мактаб маъмурияти ва платформа буни ҳисобга олмади?  Ё боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳужжат эмасми? Платформадаги маълумотлар-чи?! Хўжакўрсингами? Ҳужжатлар 10 соат ичида тақдим қилинмаса, навбат куйиб кетиши ҳақида нега ота-оналар огоҳлантирилмаган? Бу вазирликнинг найрангими ёки шу йўл билан директорларга “лазейка” очиб берилганми? 

Яна бир савол, платформада нега аризамизни қайта таҳрирлаб ҳам, қайта жўнатишнинг ҳам иложи бўлмади? Бундай шароитда бизнинг ўрнимизга ким ва қандай қилиб ариза топширишнинг уддасидан чиқа олди экан-а? 

Бола қўшимча квота суҳбат асосида қабул қилинар экан, нима учун танлаб олинмайди? Нега ариза топшириш чеклаб қўйилган?

Эҳтимол, мен ҳам ҳамкасбимга ўхшаб 150 долларнинг баҳридан ўтсам, бу муаммолар бўлмасмиди, деб ўйлаб қоламан яна. 

Яна ўзимга тасалли бераман, бу бор-йўғи 1-синфга қабул эканку?! Ҳа, бор-йўғи ўрта мактабга қабул, холос…

Саид Раҳмонов, журналист.

ЭСЛАТМА: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
17
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
19.10.2022 20:55
Микроҳудудда бўлсаям жойлаштиролмадим қизимни. У 11-синф ўқувчиси, 11-синфларни ХТБ томонидан хат орқали ўтказилиши керак экан. Аммо, 183 -мактабнинг тарбияга муҳтож "маънавият"чиси қизимни мактабга олмаслигини! ҳатто министрнинг ўзи келиб айтса ҳам олмаслигини! бақириб айтди. Бу гапларни қизим ҳам эшитиб турган эди. Умуман мактабга боргиси келмай қолди. Ҳамма мактабларнинг "маънавият"чиларини Республика Маънавият ва маърифат маркази орқали аттестациядан ўтказилиб, психолог кўригидан ўтгандан кейин тайинлаш керакмикан
06.09.2022 22:33
Ассалому алайкум Анора опа! Тайёрлаётган мақолаларингизни мазза қилиб ўқиймиз! Худди шу муаммо мени бошимдан ҳам ўтди. Фарзандимни 1-синфга уйимни рўпарасидаги катта фарзандим борадиган мактабга жойлай олмадим. Ҳудудингиз эмас. Қўшимча квотага ариза топширинг, дейишди. Не бўлғайки ўлгур программа ишласа. Эрталаб кўзимни очишим билан my.maktab.uz сайтига қўшимча квота учун электрон сўров жўнатаман. Нима бўларкан-а, шу сайт ишласа! Нуқул “танланган мактабда бўш жой топилмади” деган жавобдан бошқасини ололмадим. Аммо мен ҳам хўжайним ҳам ҳеч қандай мансаб ваколатимизни суиистеъмол қилиб ортиқча ҳаракат қилмадик. Ўша мактабда ишлайдиган айрим ўқитувчилардан сўраб кўрсам: "Прокуратурадан телефон қилдиринг", деган жавобни олдим. Хуллас оддий фуқаролар каби йўл тутдик. Прокуратурадан телефон қилдирмадик. Демак катта одам бўлибмизу, каттароқ танишларимиз йўқ экан. Ишхонада ҳамма ўртоқларим фарзандингиз мактабга қабул қилинмаса кўчада қолиб кетадими, деб ташвишланишса, қизалоғимни "ойим мени бўйим пастлиги учун мактабга олмадими?" деган саволлари ўйлантирарди. (Қизим жуда митти. Унга ҳамма бўйингни ўстирмасанг сени мактабга олмайди, дейишарди) Бугун синф очилади, эртага синф очилади, деган ваъдалар билан август ойи ҳам тугади. Фарзандим кўз олдимдаги мактабга эмас, ҳудудимиз бўйича онлайн рўйхатдан ўтган мактабга чиқди. Бир савол туғилади? Мажбурий таълим мажбурий эмасми?
06.09.2022 19:47
Ёлғон, барчаси ёлғон, салкам 30 йиллик ўқитувчилик фаолиятимда бунақасини кўрмаганман, эшитмаганман, Худодан қўрқинг, ўқитувчига туҳмат қилманг
06.09.2022 15:48
Халқ таълими вазирлиги веб сайти вазирликлар ичида энг бетайин ва энг номига яратилган веб сайт хисобланади! Мана сал кам 1 йилдан бери ушбу вазирликка масофадан туриб хат юборишим муаммо. Ишонч телефонида ўтирган аёл электрон почта фақат "уз." доменида очилган бўлсагина хат етиб келади деди. Меники "маил.ру." да очилган эди. Бир амаллаб "уз." доменида хам почта очдим ва хатимни юбордим. Лекин хатим уларгача етиб бормади. Телефон қилиб яна қандай йўл билан хат юборсам бўлади, десам бошқа йўлни кўраста олишмади. Веб сайтда эса тўғридан-тўғри юбориш мумкин бўлган дарча бор, лекин у ишламас экан! Ана халос бунақа вазирликни нима кераги бор!