Жаноб сенаторлар сентябрь бўлди! Ғафур Ғулом боғига қачон борасиз?

05.09.2022 13:28

Июль ойида сохта сингапурлик инвесторга тегишли фирма Ғафур Ғулом боғи очилишини сентябрга қолдирган эди. Бу ваъдани инвесторга ишонган Олий Мажлис Сенаторлари беришган.

Ғафур Ғулом боғидаги бузилган вақт машинаси

Умуман олганда мазкур «очилиш»га биринчи марта муддат белгиланиши эмас, Ғафур Ғулом боғидаги «бузилган вақт машинаси» 4 йилдан бери ҳеч келажакка қадам қўймайди, қишда «ёз келсин топширамиз» дейишади, ёз келиб қолса «кузда топширамиз» дейилади.

Энди боғнинг ишга тушишини 49 йил кутамизми?

Ғафур Ғулом боғи 2019 йил 9 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг Ф-670 сон фармойиши ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 15 августдаги 1126-сон фармойиши асосида BMP Smart Decisionъга 49 йилга ижарага берилган. Компания инвестицион мажбуриятлари доирасида боғни жаҳон стандартларига жавоб берадиган қилиб қайта таъмирлаши, эскирган аттракционларни янгисига алмаштириши белгиланган эди. Бу компания 2019 йил 13 февраль куни устав фонди бор йўғи 1000 Сингапур доллари (729 доллар атрофида) билан рўйхатдан ўтказилган.

Rost24.uz сайти айнан шу масалада бир қанча мақолалар эълон қилди, сенатда мутасаддиларга саволлар берди, нима учун боғнинг очилиши кечиктирилаётганини сўраб ва Сенаторлар вазиятни жойига чиқиб ўрганишни ваъда беришганини эслатиб сўровнома жўнатди.

Сенаторлар 2021 йилдан буён боғни жойига чиқиб ўрганишни жамоатчиликка ваъда бериб келади, 2022 йил бошида сенат аъзоси Бахтиёр Сайфуллаев rost24.uz сайтига боғни жойига чиқиб ўргангунига қадар, 2021 йил тугаб қолганини, шунинг учун улар боғни ўрганишга улгура олишмагани ва бу иш эндиликда кун тартибига қўйилишини айтган эди. Ваниҳоят, июль ойида Сенатнинг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида олиб борилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганганлари маълум қилинди.

Аммо сенаторлар истироҳат боғининг янгиланиши чўзилиб кетиши, ёлғон ваъдаларнинг жавобгарлиги, «сингапурлик» инвестор Шерзод Ҳалимов қаерда экани, нега жамоатчиликка кўринмаслиги ва ҳисобот бермаслиги каби масалаларни бутунлай унутиб, фақатгина “BMP Smart Decision Private Limited” хорижий компанияси томонидан боғ ҳудудида реконструкция ишлари қилинаётгани, 71 млрд. сўм маблағ сарфлангани ва боғнинг сентябрда очилиши ҳақида билиб келишди. Аммо, сенат ахборотидаги ягона янгилик – боғнинг сентябрь ойида очилиши ҳам ўз тасдиғини топмади.

Google earth дан олган тасвирларимизда боғнинг вайроналиги кўринади.



Негадир, турли хил бизнес марказлар, «Ташкент сити», «Межик сити», «Фуд сити»га ўхшаш кўплаб "сити"лар тезда битиб, ишга тушиб кетаверадию, пойтахт аҳли, меҳмонлар, халқ ишга тушишини кутаётган битта оддий боғ, истироҳат боғи 2019 йилдан буён ишга туширилиши тинмай ортга сурилади? Ҳарқалай, инвестор боғни фақат ковлаб ташлаш учун ижарага олмагандир? Агар боғнинг тагида ер ости бойликлари бўлгандаям шу пайтгача аллақачон қазиб олинган бўларди, наҳотки ўша сирли «инвестор» 49 йилгача бу ерда истаганини қилиши мумкин бўлса, ҳеч қандай шартлаб бўлмаса?

«Қани ҳокимият нима жавоб беради?»

«Ғафур Ғулом» боғи бизнинг кун тартибимизда турибди. Биз ҳал қилган кунимиз, ўша куни фейcбукка киринг. Мен ўзингизга шахсан юбораман. Бу масала долзарб масала. Бу вазиятни ижобий ҳал қиламиз. Бу шундай қолмайди. Қани ҳокимият нима жавоб беради? Амалда нима бўлаяпти? Бу жавобсиз қолмайди...».

Чиндан ҳам ҳокимиятдан бу борада нимадир сўралдими? Билишимизча йўқ, чунки бу ҳақда ҳеч қандай хабар берилмади. Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаевнинг боғ ҳақидаги саволга мазкур жавоби амалдорларнинг одатдаги ёлғон ваъдаларидан бири эдими?

Тошкент шаҳар ҳокими ўтган йилнинг 16 декабрида палатанинг ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоевага тадбиркор ўзига қўйилган талабларни бажармаганлигини айтиб, бу ишни қайта кўриб чиқишга ваъда берган эди. Хўш, Ортиқхўжаев ўзига қўйилган талабни қачон бажаради?

Боғ ҳақидаги мақолалар:

Ортиқхўжаевнинг унутган ваъдасини эслатамиз: Ғафур Ғулом боғи халқники эмасмиди?

Сенаторлар энди ўйлаб иш қилинишини маълум қилди

Ғафур Ғулом боғи масаласи Сенатда кўтарилганига бир ярим ой бўлди. Мутасаддилар ҳамон аввалгидек жим

СЕНАТОРЛАРНИНГ ДОИМГИ ВАЪДАЛАРИ: “кўриб чиқилмоқда”, “жойига чиқиб ўрганамиз”, “мақсад қилганмиз”, “режага киритамиз”

Сенаторлар «Ғафур Ғулом» боғини "қуритиб", «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни йиғлатди

Ғафур Ғулом боғига қачон ёз келади?

Rost24.uz сўровидан сўнг Сенаторлар боғга бориб, уни сентябрда очилишини аниқлаб қайтишди 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар