Эркка жонни тикканлар...CCCР сароби эффекти учун кимлар қурбон қилинган?

01.09.2022 12:34

Ватан авлодиман деб лоф урарлар тушларида, йўқ,

Ким остида, ким устида, бу ватан кимларнинг қурбони?

1927-1928 йил - 10 минглаб «Троскийчилар»

1930-1933 йил - 10 миллиондан ортиқ «Қулоқлар»

1933 йил 8 ойида бўлиб ўтган очлик натижасида – 6 миллион киши

1937 йилгача - 17-18 миллион киши

1937-1938 йил- (Буюк террорлар йиллари)- 7 миллион киши

1938-1940 йил - Поляк оилалари, Болтиқ бўйи аҳолисидан- 2 миллион атрофида

1942-1944 йил 3 миллиондан ортиқ киши кўчирилди. Уларнинг 1 миллиондан ортиғи кўчиш жараёнида қийинчиликлар натижасида вафот этдилар.

1945-1946 йил - 5 миллион атрофида

1947-1953 йил - «Ленинград иши», «Врачлар иши» ва «Космополитлар иши» бўйича 58 модда бўйича («Социализмга қарши пропаганда» айби билан)- 1 миллиондан ортиқ киши.

Юқоридаги рўйхат «Московские новости» газетасининг 1988 йил 27 ноябрь сонидаги Рой Медведевнинг «Сколько жертв в году култа личности Сталина?» номли мақоласида келтирилган бўлиб, ундаги рақамлар собиқ иттифоқда қатағон қилинганлар сони ва йилларни англатади.
 

Бизнинг қатағонимиз, оғриқли фожеамиз 1920 йилларда хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлардан бошланади.

Ўтган йиллар давомида халқнинг энг саралари, зиёлилари, ўзини англаган, миллий ғурури, ҳақиқий орияти уйғоқ бўлган миллатнинг асл тоза қатлами турли баҳоналар билан чин маънода қириб юборилди. Ҳар галги қирғиндан омон қолганлар кейинги қирғингача яшадилар холос. Уларнинг авлодларини ҳам секин секин қириб юборишга баҳоналар топишди. Уларнинг кўплари ёш, шижоатли, навқирон эдилар. Оқибатда миллатнинг генофонди катта ўзгаришга учради, собиқ тузум раҳбарияти нима деса ҳам кўнадиган, асло бош кўтармайдиган, ўзича чексиз зулм қилганлар ўлса дод солиб йиғлайдиган, ўзига урилган кишанларни ўпадиган, ўзига ўхшаган авлодларни дунёга келтириб, тарбиялайдиган манқурт, туғма қул қатламни етиштиришга уринди, бунга том маънода эришди ҳам. Акс ҳолда, Сталин ўлганида энди қандай яшаймиз деб оммавий йиғлаган, собиқ тузум тарқаганида, аждодлари орзу қилиб етолмаган Мустақилликка эришилганида чин қалбдан ғамга ботган қатлам бўлмасди, ҳатто ҳозир ҳам собиқ тузумни қўмсайдиган, оқлайдиган авлод етишиб чиқмасди.

Қатағоннинг илк қурбонлари – Германияда таҳсил олган ўзбекистонлик талабаларнинг умумий сони юзга яқин бўлгани ҳолда, бугун уларнинг 15 нафарга яқини ҳақидагина ахборот етказилган.

20 йилларда Турор Рисқулов, Файзулла Хўжаев, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулло Хўжаев, Фитрат сингари халқимизнинг фидойи фарзандлари Туркистоннинг мустақиллиги учун курашга киришган эдилар. Аммо улар шунчаки давлатни алоҳида олиб чиқиш эмас, аввало инсонлар онгида истиқлол шамолини яратиш, юртни асрий қолоқлик ботқоғидан қутқариш ва чор мустамлакачилиги даврида йўл қўйилган иқтисодий ва маданий таназзулга чек қўйишга интилдилар.

Бунинг учун энг аввало миллий кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, маҳаллий ёшларни Германияга, шунингдек, Шарқ ва Ғарбдаги бошқа илғор мамлакатларга юбориш, улар ёрдамида бу мамлакатларда эришилган илмий-техник ютуқ ва тажрибалар билан танишиш каби катта ишга жазм қилишган.

1921 йил 23 апрелда Тошкентда ўтказилган Ўзбек илмий комиссияси мажлисида ўзбеклардан хорижга талабалар юбориш масаласи муҳокама қилиниб, йиғилишда Туркистоннинг энг қобилиятли ёшлардан ҳеч бўлмаса 10 нафарини хорижга ўқишга юбориш масаласини ҳукумат олдига қўйиш таклиф қилинади.

Хорижга талабалар юбориш ҳаракатига Бухоро Халқ Совет Республикаси раҳбарлари Файзулла Хўжаев, маориф нозири Фитрат ҳам бош қўшади.

Шундай қилиб, Туркистон ва Бухородан 1922 йил охирларида 70 дан ортиқ турли ёшдаги маҳаллий ёш йигит ва қизлар Германиянинг турли шаҳарларидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қишлоқ хўжалиги, текстиль саноати, кимё, электротехника, кончилик, фалсафа, педагогика, тиббиёт ва бошқа муҳим соҳалар бўйича ўқишга юборилди.

Германияга борганларнинг 16 таси Туркистондан, 56 таси Бухородан, 2 нафари Хоразмдан эди.

Бухоро ҳукумати томонида шу мақсадда 125 минг доллар пул, қоракўл терилар юборади ва бу талабаларнинг 1924 йилгача яшашига етди.

Шунингдек, Берлинда В.Гейсбергстрит кўчасидаги, 39 уйни ҳам сотиб олади ва у туркистонлик талабалар уйига айлантирилади.

1922 йилнинг охирига қадар 200 га яқин Туркистонлик талаба турли йўналишлар бўйича ўқув муассасаларига юборилди. Улардан 25 нафари Туркияга, 25 нафари Озарбайжонга, 50 нафари Москвага, 74 нафари Германияга юборилган. Келажакда мазкур рақамларни катта даражада кўпайтириш ният қилинган, бунга ҳаракат ҳам қилинган.

Салимхон Тиллахоний 1923 йилда «Ҳаракат қилиб келғуси йилларда Оврупонинг ҳар бурчагига 70 минглаб талабалар юборишимиз керакдир. Бизнинг табиий бойлигимизни четлар эмас, ўзимиз ишлатишимиз керак ва бу йилда ҳар ким маслаҳат қилсун, ўйласун. Ҳар бир маслаҳат, ўйлашнинг натижаси болаларимизни четга юбориб ўқитиш бўлсун», - деб ёзади.

Аммо мазкур талабаларни ҳали ўқишини тамомламасдан турли хил баҳоналар билан СССРга қайтариш бошланади. ГПУ (Государственное политическое управление) ташкилоти бу борадаги қирғинни бошлаб юборди.

Ваҳоланки, улар Германияга йўл олганларида деярли кўпчилиги гўдак эдилар, жумладан, Бухородан Германияда ўқиш учун юборилган 44 нафар ўқувчи ва талабаларнинг 5 нафари 20-24 ёш оралиғида, 9 нафари 17-19 ёш оралиғида, 14 нафари 13-16 ёшларда, 15 таси 11-12 ёшда, 1 таси 10 ёшда бўлган.

1956 йилга келиб хорижга ўқишга юборилган юзлаб ёшлардан ягона вакила – Марям Султонмуродова омон қолган эди. Қолганлар чексиз азоб-уқубатлар, таъқиблар, хўрланишлар билан, турли баҳонаю сабаблар билан отилган, нафақат ўзлари балки бутун оилалари билан парокандаликка учраган эди.

Уруш даврида собиқ иттифоқ халқининг 30 миллионга яқини кирилиб кетди. Урушсиз, ноҳақ айблар билан 50 миллион кишини асоссиз қатағон қилинган.

1937-1938 йилларда Қизил армиядаги маршаллардан тортиб оддий аскарларгача умумий 32 мингга яқин киши қатағон қилинган. Минглаб совет, партия, комсомол ва хўжалик ходимлари ва ҳарбийлар исм-шарифлари келтирилган, тайёрланган ва ҳукм эълон қилинган 383 та рўйхат Сталин тасдиғига берилади. У хеч иккиланмасдан бу рўйхат ва ҳукмларни тасдиқлайди.

Фирқа марказқўмининг 1985 йил (апрель) пленуми мамлакатда вужудга келган вазиятни таҳлил қилиб, бу ерда шўро жамиятини янгилаш зарурлиги борасида бир қарорга келди ва Ўзбекистонга юборилган СССР прокуратураси ходимлари Гдлян ва Ивановлар раҳбарлигидаги терговчилар гуруҳи марказнинг қўллаб-қувватлаши билан «ўзбеклар иши», «пахта иши», «ўзбек мафияси» деган, миллатнинг сўнгги қалби уйғоқларини ҳам қирғин қилган туҳматларни ўйлаб чиқардилар.

Мазкур қирғиндан мақсад, халқни, Ўзбекистонни нафақат иттифоқда, балки бутун дунёда бадном қилиш, жазолаш ва шу йўл билан бошқа иттифоқчи республикаларни чўчитиб қўйиш эди. Афсуски, Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги раҳбарлари буни кўра-била туриб нафақат жим турганлар, балки қирғинчиларга кўмаклашдилар, халқни бутунлай ҳалокат ёқасига олиб келдилар.

Улар ўзбекларни кўзбўямачиликда, порахўрликда, қўшиб ёзишда, боқимандаликда айблаб, фирқа ва давлат раҳбарларидан тортиб оддий деҳқонларгача ҳибсга олдилар, фақатгина «пахта иши» натижасида 25 мингга яқин ўзбеклар қамалди, қийноқларга солинди, судсиз, терговсиз камераларда ўтирди. Улар орасида кексалар, ҳомиладор аёллар, ногиронлар бор эди. Одамлар аллақачон отиб ташланган ота-оналари, турмуш ўртоқлари, фарзандлари ҳақида 10 йиллаб аниқ маълумот ололмай, улар учун қамоқхоналарга пул тўлаб юрдилар. Йиллар ўтиб улар оқланганида ҳам уларнинг қабрлари, сўнгги кунлари ҳақида билмай, армонда яшаб ўтдилар, яшамоқдалар.

Бир жоннинг вафоти, биттагина ҳаёт риштасининг узилиши нима дегани? Бугун, кеча, 31 йилдан буён «собиқ тузумни эслаганда «Эҳ!» деб кўксига уриб қўядиган, бу давлат тарқалишини «тарихий хато» деб атайдиган, ҳамон қалбида эски тузумга, бу тузум издошларига садоқат сақлайдиган, ўша махсус «дастурлаштирилган» ота-бобосидан эшитганлари асосида фикрлайдиган «ватанпарвар»лар буни билармикан? Отаси, онаси, акаси далада ишлаб юрган жойидан ёки хонасида ёзиб ўтирганида олиб кетилиб, итдек тошга тираб отиб ташланган, йиллар давомида қамоқхоналар эшигига кўз тикиб яқинидан бирор хабар кутиб яшаган онасини армони билан бирга қабрга қўйганларнинг дардини тушунармикан? Мустақилликнинг қадрини, қатағон қурбонларини хотирлашнинг аҳамиятини, бугунги кундаги камчиликлар, муаммоларни айтиш, тўғрилаш учун ҳеч бўлмаганда ҳаракат қилишга ундаш қанчалар муҳимлигини англаганларга истиқлолнинг 31 йиллиги муборак бўлсин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.09.2022 18:04
Сталин айтган "10 та арслонни бошқаргандан кўра 1000 та қўйни бошқариш осон". Шунинг учун "арслонлар" аёвсиз қирилган, "қўйлар" қолган, "козёллар" раҳбар ва қаҳрамон бўлган